Икки йил муқаддам Наврўз байрами арафасида Қорачиқ қишлоқ округига қарашли Қумтийин овулидаги «Қумтийин» умумий ўрта мактабининг спорт залида боксдан ўсмирлар орасида мусобақа ўтган эди. Мусобақанинг ташкилотчиси ва ҳомийси шу қишлоқ фарзанди Таубай Эгамбердиев экан. Вазмин, мулоҳазадор бу инсон билан спорт мусобақасида танишгандим.
– Мақоламизнинг қаҳрамони Таубай Балтабайули 1969 йили 16 майда туғилган. СПТУ – 93 билим юртида ўқиган. Ушбу даргоҳни рисоладагидек тамомлагач Ватан олдидаги ҳарбий бурчини Қора ва Болтиқ денгизида ўтайди. Ҳарбий хизматда турли спорт мусобақаларда ғолиб чиқиб тенгқурлари орасида пешқадам бўлади. Ўз қишлоғига қайтгач Мустақилликнинг илк йиллари она заминни яшнатишни мақсад этади. Қишлоқ ёшларининг бўш вақтидан самарали фойдаланишни кўзлаб уларни спортга жалб қилишни қўлга олади. Хусусан, йил сайин Қумтийин аҳоли пункти пойдевори яратувчиларидан бири, уруш фахрийси Тўлепберген Азизбековнинг ҳурматига ўсмирлар орасида бокс, таэквондо, эркин кураш каби спорт турларидан мусобақаларни анъанавий равишда ташкил этади.
– «Ёшлар – келажагимиз, шу боис қишлоқ ёшларини тўғри йўлга бошлаб турли ёт оқим, ножўя ҳаракатлардан сақлашни мақсад тутганман. Элбошимизнинг «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» мақоласида ёшларнинг билими ва она тилини билиши ва маданий савияси, дунёқараши тўғрисида алоҳида таъкидланган. Уларни меҳнатга жалб этиб, бир-бирига кўмак беришини айтиб келаман. Дарахт эк, гул эк, она заминни яшнат, деганларидек ўн йилдирки кўкламда қишлоққа 500 кўчат ўтқазишни қўлга олганмиз. Туркистон вилоятининг собиқ ҳокими Жансейит Туймебаев қишлоғимизга келган бир сафарида яшил ҳудудни кўриб миннатдорчилигини айтганди. Бундай эзгу ишлар қишлоқ аҳолисининг бирлиги, тотувлиги туфайли амалга ошмоқда деб ўйлайман,- деди биз билан суҳбатда Таубай Эгамбердиев.

Бугунда «Олтин булоқ» автовокзали директори вазифасини шараф билан адо этаётган Таубай оғамиз турли даражадаги спорт тадбирларининг ўтишига ташаббускор бўлаётган жонкуяр. Хусусан, бу йил қишлоқ ва шаҳар ёшлари дўстлигини мустаҳкамлаш мақсадида кичик футболдан мусобақа ўтказса, яккама-якка миллий спорт туридан бир неча марта Халқаро мусобақаларнинг ўтказилишига бевосита ҳисса қўшган инсондир.
Яқинда «Қаз спорт» телеканалидан бевосита кўрсатилган «Гран-при Алаш Прайд – 2020» турнирининг юксак савияда ташкил этилишига ҳисса қўшганларнинг бири ҳисобланади. Халқимизда муҳтожларга мурувват кўрсатиш эзгу амал ҳисобланади. «Кимга қандай яхшилик қилган бўлсанглар, Аллоҳ Таоло уни шубҳасиз билади». («Бақара» сураси, 215 оят). Шундай экан Таубай оғамиз муҳтож оилаларга кўмак кўрсатишни ўзининг фуқаролик бурчи деб ҳисоблайди. Бугунда «Ғамхўрлик» дастури доирасида қишлоқдаги қўли очиқ мурувватли фуқароларнинг бошини қўшиб турмуш даражаси ночор оилаларга ижтимоий кўмак кўрсатиб келади. Ўтган йили Арисда бўлган офат пайтида дастлабкилардан бўлиб ёрдам кўрсатган ҳам шу киши бўлади.
Элга ғамхўрлик кўрсатиб олқишга сазовор бўлаётган бу инсон вилоят маркази Туркистон шаҳрига қизиқувчилик билдирган қўшни давлатлар билан алоқа ўрнатишни қўлга олган. “Вилоят марказига келган туристларга сифатли хизмат кўрсатиш асосий вазифамиз. Шу боис ҳар бир туркистонлик маданиятли бўлиши шарт”,-дейди суҳбатдошимиз.
Бугунда эл оғаси атанган Таубай Эгамбердиев умр йўлдоши Раушан иккаласи Нурбол, Ербол, Таншолпан исмли ўғил-қизлар тарбияламоқда. Ўғиллари ўзи каби спортга ихлос қўйиб, соғлом турмуш тарзини қадрлаб келмоқда. «Яхшининг яхшилигини айт нури тошсин» деганларидек мақоламиз охирида Ҳазрат Умарнинг: «Иймонлиликнинг учдан бири – уялиш, учдан бири – донолик, учдан бири – ҳиммат» деган ҳикмати айнан Таубай оғамизга нисбатан айтилгандек.
Райимжон АЛИБОЕВ.
