- ВКонтакте
- РћРТвЂВВВВВВВВнокласснРСвЂВВВВВВВВРєРСвЂВВВВВВВВ
- Skype
- Telegram
Бундан 13 йил муқаддам «Егемен Қазақстан» газетасида Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари, фан доктори, профессор шайх Абсаттар Дербисалининг иқонлик олим Қавмад-дин ал-Итқоний тўғрисида улкан илмий мақоласи чоп этилади. Бунга қадар кўпчиликка номаълум бўлган йирик олим ҳамқишлоқлар, хусусан, маънавият – янгиликка ихлосманд Дониш Маннатовда улкан қизиқиш уйғотади. Ҳолибек Исмоилов иккаласи Алматига Абсаттар Дербисали ҳузурига йўл олишади. Ўша кездаги Бош Муфтий А.Дербисали иқонлик олим ҳақидаги кўп йиллик илмий изланишларини китоб ҳолида чоп этиш заруриятини баён этганида Дониш Маннатов 1286 йили таваллуд топиб 1357 йилгача умргузаронлик қилган иқонлик олим, Ўтирор, Теҳрон, Бағдод, Дамашқ, Коҳира, Мадина ва Маккада фаолият юритган Қавмад-дин ал- Итқоний тўғрисидаги китоб нашрига ҳомийлик қилишга қарор этади. Бош Муфтийнинг Иқонда масжид қурилса унга ота-боболари эмас, ўтмиш тарихдаги ҳурмати номи зикр этилган таниқли олим исми берилса, деган таклифи ҳам инобатга олинади. 2007 йили 27 декабрда Эски Иқонда улкан янгилик содир бўлиб Дониш Маннатов шифокор Эргаш акаси, тадбиркор деҳқон Бобохон укаси ҳамда фарзандлари билан бунёд этган улкан масжид тантанали очилиб, унга Бош Муфтий шайх Абсаттар Дербисали, жамоат арбоби Рўзақул Холмуродов, шаҳар ҳокими Бейбит Сиздиқ, кўплаб фахрий инсонлар, жамоатчилик иштирок этишади. Масжидга Қавмад-дин ал-Итқоний номи берилади. Олимга бағишланган китоб ҳам Д.Маннатов ҳомийлигида 2013 йили сифатли чоп этилади.

Китоб кўпчилик, хусусан, маориф фахрийси, нафақадаги устоз Тўхтапўлат Тилеулиев таклифи, «Жанубий Қозоғистон» газетаси таҳририяти Туркистон ва Кентов бўлими тавсияси билан Қарноқлик моҳир таржимон Долимжон Сайфуллаев томонидан ўзбекчага ўгирилади. 2020 йил ёз ойларида нашрдан чиққан шайх А.Дербисалининг ўзбекча китоби тақдимоти, маънавият, ўтмишга ҳурмат ва келажакка ишонч равнақини мақсад тутган тадбир ўтказиш хусусидаги Дониш Маннатовнинг ташаббуси вилоят бош имоми Мусабек Ақтамберди, маданий меросни қўллаб-қувватлаш бўйича «Асл мерос» жамоа жамғармаси раҳбари М.Қулимбетов, Эски Иқон қишлоқ ҳокими вазифасини бажарувчи Абдусаттор Расулов, «Улес» хайрия жамоа жамғармаси раиси Райим Қўчқоров, таниқли дин намоёндаси Рўзмат Камоловлар томонидан қизғин қўлланиб пировардида Эски Иқонда ўтадиган Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Америка тарихчи диншунос олимлари иштирокидаги Халқаро онлайн конференциясига тайёргарлик қизғин бошланиб кетди.
14 ноябрь куни эрталаб Туркистон шаҳридан доимий фаол обуначиларимиз шифокор Баҳодир Ҳабибуллаев, тадбиркор Фарҳод Абдуллаев, Саидолим Нуршиддин ўғли билан Иқонга йўл олдик. 1995 йили апрелида ҚР Президенти Нурсултан Назарбаев Иқонга ташриф буюриб Д.Маннатов томонидан шарқона услубда бунёд этилган, еттита туркий халқлар ҳурматига бунёд этилган кошона билан танишиб ҳурматли меҳмонлар китобига дастхат ёзиб берган, ҳамда ўзи бош бўлиб мевали дарахт кўчати ўтқазган жойда «Улуғ қопқа» дарвоза мажмуаси бунёд этилган. Баланд, савлатли «Улуғ қопқа» мажмуаси пойида пойтахтдан келган ҳурматли меҳмонлар – шайх Абсаттар Дербисали, диншунос олим, профессор Дўсай Кенжетай, Туркистон ва Кентовдан келган кўплаб дин пешволарини Аҳмад Яссавий ҳамда Ошиқ Юсуф ота давридаги тарихий анъана – турфа хил сархил узум мевалари билан кутиб олишди. Тадбиркор Зарбиддин Шамшиддин ўғли ва Алимардон Қурбонхожиевлар катта саватда ҳурмат билан меҳмонларга мева тутишганида Д.Маннатов кўҳна манбаларда қайд этилган ушбу тарихий анъана ҳақида тўхталиб изоҳ берди. Дарҳақиқат, Яссавий давридаги анъана ҳамда давлат сиёсати шарофати асосида замонавий Иқонда юзлаб гектар янги узумзор, боғлар барпо этилди.

«Маданий мерос» давлат дастури асосида сифатли таъмирланган, иқонлик тадбиркорлар ҳиммати билан ҳовлиси ободонлаштирилган маҳобатли мақбара пойида авлиё Юсуф отанинг бугунги авлодлари вакили Саидолим Нуршиддин ўғли Яссавий замондоши бўлган Юсуф ота ҳақида илмий тарихий маълумотларни баён этди. Зиёратчилар мақбарани зиёрат этиб тиловат қилишди. Қишлоқ марказидаги «Иқон қалъаси» деб номланган тарихий тепаликда эса зиёли, маориф фахрийси Марат Эргешов ушбу ҳудуд тарихи, истиқболи, ўтмиши ва келажаги ҳақида қизиқарли тафсилотларни тушунтириб берди. Меҳмонлар жорий йилда 110 йиллик таваллуди онлайн тартибда халқаро миқёсда ўтказилган Миртемир Турсуновнинг ўтган асрда бунёд этилган музейи экспонатлари билан қизиқиб танишди. Музей мудири Элбек Турсунов барча саволларга батафсил маълумот берди. Қавмад-дин ал-Итқоний номидаги масжидда шайх Абсаттар Дербисали, вилоят бош имоми Мусабек Ақтамберди, теолог олим Дўсай Кенжетайларнинг олим тўғрисидаги қизиқарли маълумотларни тинглаб мавлуд намози тоат-ибодатига иштирок этдилар. Шайх Абсаттар Дербисали китоб чоп этишдек қийин ишда ҳиммат кўрсатиб маҳобатли масжид қурган, халқаро онлайн анжуманга ҳомийлик кўрсатаётган Дониш Маннатовга кўпчилик номидан дуо қилиб омад тилади. Тадбирнинг кейинги қисмида Қавмад-дин ал-Итқоний номидаги боғ очилиб меҳмонлар 6 гектар майдонда Умиджон Маннатов томонидан бунёд этилган ажойиб олма боғи, мевали дарахтларга ишлов бериш маданияти билан танишиб чуқур қониқиш ҳосил қилишди. Ҳурматли меҳмонлар учун аталган ўнлаб арча дарахтларини ўтқаздилар.
Бир қанча йиллар муқаддам Элбоши Н.Назарбаев ташриф буюрган Қозоғистон залида (ушбу кошонада туркий давлатларга аталган еттита зал бор) халқаро онлайн конференцияси ўз ишини бошлади. Конференция аҳамияти катта, нуфузи баланд. Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев ҳамда Кентов шаҳри ҳокими Даурен Махажановлар халқаро конференция ташкилотчилари ва иштирокчиларига йўллаган табриклари Кентов шаҳри ҳокими ўринбосари Бекайдар Алимбетов, вилоят ижтимоий тараққиёт бошқармасидан Қалеке Марат Ержанули томонидан тақдим этилди.
Конференция ишида юқорида номлари зикр этилган таниқли олимлар, дин уламолари баробарида мамлакатимиз пойтахтидаги «Нур муборак» ислом университети проректори, фан доктори Шамшадин Карим, дин тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Медет Халиқов, Ўзбекистондан академик Наим Каримов, фан доктори Самихон Аширбоев, Низомий номидаги олийгоҳ проректори Азизхон Абдазимов, адиб Миртемир ўғли Мирзатой Турсуновлар, Туркияда таваллуд топиб Америка Қўшма Штатларининг Мичиган штатида Европа, Россия, Евроосиё тадқиқот маркази раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаётган олим Темирхўжа Усмонхўжа ўғли (Бухоро Жумхуриятини ўтган аср биринчи чорагида бошқарган Усмонхўжанинг фарзанди) онлайн тартибда иштирок этиб ўз илмий мулоҳазаларини, таклифларини баён этдилар. Хусусан, бундай конференцияларни мунтазам ташкил этиш, олимлар изланишлари муштараклиги, ёшлар тарихни теран билиши даркорлиги айтилди. Ўтмиш тарихимизда олимлар, фозил инсонлар кўп бўлган. Тарих ҳали кўп илмий изланишни, ўрганишни тақозо этади. Эски Иқондаги халқаро анжуман шу йўлдаги дастлабки йирик қадам. Икки соатдан зиёд давом этган конференция ниҳоясига етди. Ташкилотчи Дониш Маннатов барча олим, дин пешволари, тадбир ўтказишга холис ҳисса қўшган ҳимматли инсонларга миннатдорчилик билдириб Туркистонда келаси йили март ойида ўтадиган халқаро саммит анжумани меҳмонлари қишлоқларга ҳам ташриф буюришса, вилоят марказида бунёд этилаётган улкан масжидга Қавмад-дин ал-Итқоний номи берилса, деган таклифларини билдирди.
Меҳмонларга Иқон меҳмондўстлиги асосида кечки таом тортилгач тадбир ниҳоясига етди. Эски Иқон қишлоқ округи ҳокими вазифасини бажарувчи Абдусаттор Расулов ҳамда қишлоқ фаоллари биргаликда Эски Иқон қишлоғининг тарихий кўп асрлик юбилейига тайёргарлик, ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Карантин чоралари тугаб пандемия барҳам топса бу масала кенг миқёсда муҳокама қилиниб амалга ошиши зарурлиги айтилди.
Ш.МАДАЛИЕВ.
Р.АЛИБОЕВ.