- ВКонтакте
- РћРТвЂВВВВВВВВнокласснРСвЂВВВВВВВВРєРСвЂВВВВВВВВ
- Skype
- Telegram
Туркистон ва Кентов шаҳарлари орасидаги Ўранғай қишлоқ округи оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси Обиддин Фахриддинов қўнғироқ қилди.
Қишлоғимиз кўчалари ободонлашиб, йўллар равон бўлиб боряпти. Шу ҳақда матбуотда ёзсак, – деди. Қишлоқ округи ҳокими Сиздиқ Пирметов ҳам таклифимизни қўллаб-қувватлади. Ўранғай қишлоқ округи бийлар кенгаши раиси Абдумуталлиб Носиров ҳам ушбу ташаббусни қўллагач, юқорида номлари зикр этилган инсонлар билан бирга қишлоқнинг обод, равон, асфальт тўшалган кўчаларини ораладик.

– Жорий йилда «Овул – эл бешиги» дастури доирасида Ўранғайда 19 чақирим масофадаги 11 кўчани асфальтлаш режаланган. Бугунги кунгача 8та кўча тўлиқ асфальтланди. Бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Аҳолининг дилини яйратиб, оғирини енгил, узоғини яқин қилаётган равон йўлларни тажрибали мутахассис, «Тас жол» МЧБ раҳбари Олимжон Исетов бошчилигидаги қурувчилар бунёд этмоқда. Бунгача қишлоғимиздаги атиги 3та кўча асфальтланган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 80 фоизга етади. Маблағ республика ва вилоят бюджетидан ажратилмоқда. Айниқса, қишлоғимиз нуроний оқсоқоллари бунёдкорона ўзгаришлардан беҳад шод. Саксон ёшдан ошган нуроний отахонлар умри бино бўлиб, бу каби бунёдкорона ишлар суръатини кўришмаган. Шу боис шукрона айтишмоқда, – деди қишлоқ ҳокими Сиздиқ Пирметов мамнуният билан. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Айтилеу Жусипов номидаги кўчага йўл олдик. Бу ерда «Тас жол» МЧБнинг тажрибали қурувчилари Азим Аметов, Султонбек Абдуллаев, Абдували Каримбеков, Раҳматулла Басанов, Мурод Ибраев, Тўлқин Тўрахоновлар билан суҳбатлашдик. Нуроний отахонлар – Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси Обиддин Фахриддинов билан Туркистон шаҳрининг ибратли фуқароси Абдумуталлиб Носировлар дуо қилиб, шу улкан ишлар ташаббускори бўлган Элбошимиз, Президентимиз Олимжон Расул ўғли раҳбарлигида сифатли йўл қураётган «Тас жол»нинг тажрибали қурувчиларига миннатдорчилик билдирдилар.
Ш.МАДАЛИЕВ.
Муаллиф тасвирлари.