Қадим ва навқирон Қорачиқ довруғини оширишга муносиб ҳисса қўшган илғор педагог, ўзбекзабон ойнома ва рўзномалар жонкуяри, илғор фикрли маърифатпарвар устоз Имоми-Жаъфар Маъман-маҳдум (маҳсум) ўғли Маменов ҳақида сўз юритмоқни лозим топдим.
Болаликдан араб каломига муҳаббат туйғуси билан камол топган ҳамюртимизга бу иштиёқ ота мерос. Падари бузруквори Маъман-маҳдум (маҳсум) Исмоилов Туркистон заминида танилган буюк уламо, шайхул Ислом. У Қуръони Каримни муфассал тафсир қилиб, Ҳадис илмидан сабоқ берган ва кўплаб имому муллаларга устозлик қилган таниқли дин пешволаридан бири, мумтоз адабиётимиз, илму нужумдан бохабар улуғ олим бўлган. Ана шундай муҳитда вояга етган Ж.Маменов келажакда араб ва Ислом диншунослиги борасида етук мутахассис бўлишга аҳд қилди, ширин орзулар уммонида ўрта мактабдан сўнг Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультети араб-инглиз тиллари бўлимида таҳсил олди. Махсус йўлланма билан 1982 йили июнь ойида Яман Араб республикасидаги ССЖИ Элчихонасида таржимон сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Элчихонадаги намунали хизмати учун “ГАЗ-24” енгил автомашинаси билан мукофотланади. 1984 йили она юртига қайтган Ж.Маменов “Казпроектреставрация” илмий-тадқиқот институти таклифи билан буюк бобокалонимиз Аҳмад Яссавий мақбарасидаги қабр тошлари ва сақланаётган қўлёзмаларни тадқиқ қилиш ишларини юритди. Айнан унинг бевосита иштироки ва билвосита кўмаги билан А.Яссавий мақбарасидаги бугунги кўплаб тарихий артефактлар шу йиллари халқдан йиғиб олинди. Хусусан, музей жамғармасида сақланаётган Қўқон араваси, тегирмон тошлари, тошдан ўйиб ясалган хамирдон, мис тоғора ва чойгумлар Қорачиқ қишлоғи аҳолисидан олинганлиги фикримиз далилидир. Унинг Аҳмад Яссавий ҳикматларини эски ўзбек ёзувидан кирилл алифбосига ўгириб, халқимизни маърифатдан баҳраманд қилганлигини таъкидлаш жоиз.
Қадрли устоз 1988 йили Туркистон шаҳрида илк бор “Қорачиқ” ўрта мактабида араб тилининг чет тили сифатида ўқитилишига эришди ва кўп йиллар муқаддас Қуръони Карим забонидан ёш авлодга сабоқ берди, кўплаб шогирдлар тайёрлади.
1992-1996 йиллари Шимкент Шарқшунослик институти (ҳозирги Silk Way халқаро университети) филиалини Қорачиқ қишлоғида очиб, кўплаб ёшларнинг олий маълумот соҳиби бўлишига замин яратди. Замона зайли билан араб тили мавқеини йўқотгач, 2005 йилдан “Қорачиқ” ўрта мактабида инглиз тили ўқитила бошлади. 2002-2007 йили мактаб бошланғич синфлар илмий мудири бўлиб ишлаган муҳтарам устоз Имоми-Жаъфар Маъман ўғли 2007 йилдан нафақага чиққунга қадар инглиз тилидан ёш авлодга сабоқ берди. 2018 йили муборак ҳаж сафарини амалга оширди.
Меҳнат фаолияти мобайнида ССЖИ Элчихонаси, ССЖИ Ташқи ишлар вазирлиги, “Казпроектреставрация” илмий-тадқиқот институти, Халқаро Қозоқ-Қувайт университети, Қозоқ-Араб университети, “Нур-Муборак” Қозоғистон-Миср Ислом университети, вилоят таълим департаменти ва кўплаб турли даражадаги фахрий ёрлиқлар, қатор кўкрак нишонлари, ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Дўстлик” медали билан тақ- дирланган қадрли устознинг оиласи ҳам намунали. Умр йўлдоши Насиба Наби қизи қайнотаси Маъман-маҳдум Исмоиловдан араб каломи-ю, Қуръони Каримдан сабоқ олган. У, ҳақиқатан ҳам, дини Ислом арконлари-ю араб алифбосидан бохабар, илмли аёл. Улар икки фарзандни муносиб вояга етказишди. Қизи Роҳила – ўз хонадонининг саришта бекаси. Ўғли Искандар тадбиркорлик жабҳасида. Оилада 8 невара вояга етмоқда. Қадрли устоз Имоми-Жаъфар Маменов умр йўлига чизгилар чизарканмиз, босиб ўтган шонли муаллимлик пиллапоялари келажак авлодга намуна бўлишига ишонамиз.
Саид ХАЙРУЛЛОҲ.