ФИДОЙИ УСТОЗ, МАҲОРАТЛИ РАҲБАР

633 көрілім

Туркистон шаҳридаги Ҳамза номли ўрта мактаб директори, обунада фаол ташкилотчи Замир Муҳаммаджонов билан суҳбатимиз Ўқитувчилар куни арафасида уюштирилди. Октябрь ойида Замир Олимжон ўғли фахрий ҳордиққа чиқишга ҳозирлик кўрмоқда. Шундай пайтларда, одатда, одамнинг босиб ўтган меҳнат ва ҳаёт йўли бирма-бир кино тасмасидек кўз ўнгидан ўтади…

… 1957 йили 25 октябрда полковник Олимжон ака ва Аяжон ая хонадонида дунёга келди. Самарқанд давлат университетининг физика факультетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Тошкентдаги Ўзбекистон Фанлар академияси илмий текшириш институтида стажёрликдан бошлаб илмий ходим, муҳандис, катта муҳандис бўлиб ишлади. Унинг акалари – Мамматхон Тошкентда илмий тадқиқот институтида ишларди, фан доктори, жамоат арбоби Аҳмаджон – Шимкентда. Шу сабабли падари бузруквори Олимжон отанинг раъйига кўра, оиладаги кенжа ўғил Замир Туркистонга қайтиб келади. Меҳнат фаолиятини қурилиш қисмлари ва конструкциялари комбинатида бригадирликдан бошлаб, 1989 йилдан шаҳар халқ назорати қўмитасида, 1991 йилдан шаҳар партия қўмитасида сиёсий ташкилотчи, 1992 йилдан эса ҳокимлик тизими жорий этилгач, Туркистон шаҳар ҳокими Бахтиёр Қодирбеков раҳбарлигида бош мутахассис, 1997 йилдан бошлаб таниқли ёзувчи олим Қ. Ергўбек раҳбарлигида ҳокимликда мафкура бўлими мудири, 2003 йилнинг 4 мартидан бошлаб – Ҳамза номли мактаб директори лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттирди. Бу мактабда машҳур ёзувчилар Одил Ёқубов, Носир Фозилов, Эрназар Рўзиматов, Совет Иттифоқи қаҳрамонлари Расул Исетов, Қурбонбой Ирисбеков, Файзулла Йўлдошев, Социалистик меҳнат қаҳрамонлари Эргаш Иззатуллаев, Майшай Абенова, кўплаб машҳур инсонлар билим олишган. Бугунги кунда 1780 ўқувчига 155 устоз таълим-тарбия бераётган йирик ўқув даргоҳи Туркистондаги намунали мактаблардан бири. Умумий ўрта таълим муассасаси 2013 йилдан бошлаб Қозоғистондаги энг илғор 50 мактаб қаторига кирди ва дастлабкилардан бўлиб ўқувчиларни жон бошига молиялаштириш тизимига кўчди. 2019 йилдан эса беш кунлик жадвал асосида ўқиш дастурини биринчилардан бўлиб жорий этди. Таълим муассасаси касаба уюшмаси ташаббуси билан (раиси Бахтиёр Абдураимов) «Уч авлод бирлиги» дастури доирасида мактабда меҳнат қилиб нафақага чиққан барча фахрий устозларни ўқитувчилар жамоаси Наврўз байрами кунларида дастурхон ёзиб, иззат-икром кўрсатади.

Мактаб директори Замир Муҳаммаджонов эришилган барча ютуқлар ва самарали натижалар мактаб устозлар жамоасининг муштарак ва аҳил меҳнати самараси эканлигини фахр билан таъкидлайди. Мактаб ота-оналар қўмитаси ва васийлик кенгаши раислари Муталлиб Умаров ҳамда Зокир Бекеновлар зиммаларидаги вазифаларни виждонан адо этишмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Ҳусан Убайдуллаевдан олинган маълумотга кўра, мактаб тарихи 2018 йилдан бошланади. Саидносирбой Миржалилов дастлаб ўз ҳисобидан қурган мактабда 1917 йили ноябрда сиёсий таъқибдан яширинган инқилобчи шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий дарс берган. Мактабга шу боис М. Калинин ўрнига Ҳамза номи берилган. 2008 ҳамда 2018 йиллари мактабнинг 90 ва 100 йиллик юбилейи Замир Олимжон ўғли раҳбарлигида махсус комиссия ҳамда устозлар жамоаси саъй-ҳаракатлари, ҳомийлар ҳиммати ила халқаро миқёсда кенг нишонланди. Жуда кўп шаҳарлардан, хусусан, Тошкентдан мактаб битирувчилари – бугунда масъул лавозимдаги зиёлилар ташриф буюришиб, тадбирга ўзгача файз бағишлагани шонли тарихдир. Халқимизда оила муқаддас қўрғон, деган ҳикматли нақл бор. Замир Олимжон ўғли зиёли оилада тарбияланган, 85 йиллик тарихи бор Туркистон гуманитар-техника коллежининг тажрибали устози сифатида эъзоз топган, кўплаб фахрий унвонлар соҳибаси Мавлуда Мамматхон қизи билан оила қуриб, қобил фарзандлар тарбиялашди. Тўнғич ўғил Дониёр Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг тиббиёт факультетини аъло баҳоларга тугатди. Бугунги кунда Туркистон олий тиббиёт коллежида жарроҳи-шифокор-устоз, анатомия кафедрасида меҳнат қилиш баробарида соҳа бўйича услубий комиссия раиси ҳамдир. Дониёрнинг умр йўлдоши Нигора Қурбон қизи ХҚТУнинг тиббиёт факультетида олий билим олиб, бугунги кунда вилоят перинатал марказида малакали шифокор бўлиб хизмат қилмоқда. Замир аканинг кейинги ўғли Дилшод олий тиббиёт коллежини имтиёзли диплом билан тамомлагач, Туркистондаги халқаро университетнинг тиббиёт факультетида эпидемиология бўйича олий таълим олди. Унинг умр йўлдоши Умида Наврўз қизи ҳам ХҚТУда тиббиёт бўйича олий билим олган шифокор.

Мадиёр, Даниал, Алмадина, Алмир исмли ширин-шакар неваралар Муҳаммаджоновлар сулоласининг ишончи ва қувончи.

Замир аканинг кенжа фарзанди Гулмира ҳам шифокорлик соҳасини танлаб, ХҚТУда олий тиббий билим олмоқда.

Замир Олимжон ўғлининг меҳнат фаолияти муносиб баҳоланган. Ассамблеянинг 20 ва 25 йиллик юбилейлари шарафига медаллар, ҚР Таълим вазирлигининг «Маориф соҳасининг фахрий ходими», «Қозоғистон таълим ва фан ходимларининг касаба уюшмаларига кўрсатган хизматлари учун», «Ибрай Алтинсарин» кўкрак нишони, «Халқ эҳтироми» медали, шаҳар, вилоят ҳокимликлари ҳамда таълим бўлимларининг «Ташаккурнома»лари шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, мактаб жамоасининг мустақиллик йилларида Есимхан номли майдонда ўтган барча оммавий тадбирларда фаол иштирок этгани ҳам шонли тарих.

Ш. МАДАЛИЕВ.

Суратларда:
Замир Олимжон ўғли, оила даврасида.

P.S. «Туркистон» газетаси таҳририяти Замир Олимжон ўғли Муҳаммаджоновни, мактаб жамоасини устозлар байрами билан муборакбод этиб, мустаҳкам саломатлик ва муваффақиятлар тилайди.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы