Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий номли Халқаро қозоқ-турк университетининг Туркий халқлар кутубхонасида Олтин Ўрданинг 750 йиллигига бағишланган “Олтин Ўрдадан маънавиятга бошланган тарихий йўл” мавзуида Халқаро онлайн анжуман ўтди. “Жанубий Қозоғистон” газетаси ва “Ижодкор” адабий бирлашмасининг ташаббуси билан ўтган мазкур тадбирда адабиётшунос олим Қулбек Ергўбек, ёзувчи Мархабат Байғут, “Жанубий Қозоғистон” газетасининг Директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, журналистлар, устозлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Фақат Туркистондагина мавжуд, жами 24 туркий тилда 49 мингдан зиёд ноёб китоблар жамланган туркий халқлар кутубхонасида ҳамжиҳатликни, маънавият ҳамда адабиётлар ҳамкорлигини мақсад тутган онлайн тартибдаги халқаро анжуман муваффақиятли ўтди.
Туркистон шаҳар ҳокимлиги ички сиёсат бўлими бошлиғи Бахтжан Бўкебаевнинг йўллаган расмий, самимий табрикномаси ўқиб, эшиттирилди. Халқаро қозоқ-турк университети, туркий халқлар кутубхонаси, «Жанубий Қозоғистон» вилоят газетаси ҳамда ҚР «Дўстлик» ҳамжамияти қошидаги «Ижодкор» бирлашмаси ташкилотчилигида уюштирилган ушбу халқаро тадбир модератори, профессор, халқаро «Алаш» мукофоти совриндори, ёзувчи Қулбек Ергўбек Олтин Ўрда тарихини бугунги кун билан боғлаб кириш нутқини баён этди. Жорий йили 75 ёшни қаршилаган адиб, фаол жамоатчи, халқлар дўстлиги ва адабиётлар ҳамкорлиги жонкуяри, Халқаро «Алаш» мукофоти лауреати Мархабат Байғут барчани табриклаб, тадбир туркийлар, хусусан, қозоқ-ўзбек халқлари ҳамкорлиги ва тотувлигига хизмат қилиши, халқлар тотувлиги ва дўстона муносабатларга раҳна солувчилар орамизда борлиги, уларнинг ёвуз нияти ҳеч қачон амалга ошмаслиги, зеро, бу иллат зинҳор яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлади. Адиб Миртемирнинг Эски Иқон қишлоғида ўтган 100, 105 йиллик халқаро юбилейларини бошқарган ҳамда бугунги кунда Элбошимиз
Н. Назарбаев Фармони билан ташкил этилган Туркистон вилояти марказида ўтаётган 110 йиллик юбилейда ҳам модераторликни зиммасига олган ёзувчи, олим Қулбек Ергўбек Туркистондан чиққан таниқли адиблар Одил Ёқубов, Носир Фозиловлар ижодини Миртемир ҳамда Сабит Муқанов билан боғлаб, гапирди. «Жанубий Қозоғистон» газетаси бош муҳаррири, халқаро конференция тадбири ташкилотчиси Алишер Сотволдиев рўзнома саҳифаларида Миртемир мероси ва ижодига оид мақолалар, газетанинг маънавият ва дўстлик мавзуларига доимий ахборий қўллов кўрсатиб келаётганлигини айтди. Ёзувчи Қулбек Ергўбек ҳам «Жанубий Қозоғистон» газетасининг вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини ифтихор ила эътироф этди. Адиб Мархабат Байғутнинг 75 йиллиги муносабати билан бош муҳаррир Алишер Сотволдиев, ёзувчи Абдураҳим Пратов, тадбиркор Дониш Маннотов, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси ўринбосари, «Улес» хайрия жамоат жамғармаси раиси Райимжон Қўчқоровлар қутлаб, тўн кийдириб, «Фахрий ёрлиқ»ларини тақдим этишди.
Райимжон Қўчқоров адибнинг кўксига «Өнегелі азамат» кўкрак нишонини тантанали равишда тақиб, мукофот билан муборакбод этди. Қулбек Ергўбекка ҳам иззат-икром кўрсатилиб, Миртемир юбилейларидаги холис хизматлари учун кифтига тўн ёпилди. Ҳамза номли мактаб ўқитувчиси Ҳусан Убайдуллаев, информатика мутахассиси Шоҳиста Пўлатова ҳамда аксарият хайрли ишлар жонкуяри Райимжон Қўчқоров бошчилигидаги операторлар гуруҳи онлайн тартибда вилоятимиздаги барча ҳудудлар, хусусан, қўшни Ўзбекистон билан алоқа боғлаб, экранда Тошкентдан жамоат арбоби, олим Қозоқбой Йўлдошевнинг «Ҳар учала тадбир ҳам пировардида эл бирлигини мақсад тутганлиги, маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш даркорлиги, адиб Миртемирнинг ўзига хос иқтидори» тўғрисидаги жўяли мулоҳазалари, атоқли адиб Тош кентда яшаб, ижод қилган хонадонда истиқомат қилувчи 72 ёшдаги ўғли Мирзатой аканинг отасининг киндик қони томган Туркистонда ҳимматли инсонлар саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган тадбирдан боши кўкда эканлиги, падари бузруквори адабиётга, адолатга холис эътиқод билан хизмат қилгани, рўзғор тебратиш учун таржима билан ҳам шуғулланганлиги хусусидаги ва бошқа мулоҳазаларини самимият билан баён этиб, теран миннатдорчилигини изҳор этганлигини экрандан кузатдик.
Қарноқлик ёзувчи-шоир Баҳром Ғойиб ва бошқа инсонлар ҳам Миртемир ҳақидаги мароқли мулоҳазаларини кўпчилик билан ўртоқлашдилар. Миртемирнинг Эски Иқонда истиқомат қилувчи қариндоши Ирода Муҳаммаджонова Миртемир ижодига бағишланган «Буюк карвон», «Миртемир қаламида ўлкам жилвалари» китоблари нашрга тайёрланаётганини айтиб, адибнинг дўстликка бағишланган машҳур «Қозоғим…» шеърини ифодали ўқиб берди. Миртемирнинг ҳамқишлоғи, тадбиркор, зиёли адабиётшунос тадқиқотчи Сайдолим Нуршиддин ўғли адибнинг таржимаи ҳолига тўхталиб, аждодлари ҳақидаги тарихий тафсилотларни ҳам ҳаққоний баён этиш ҳақидаги таклифини билдирди.
Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Жанубий Қозоғистон» газетаси бўлим мудири Зокиржон Мўминжонов, «Ижодкор» адабий бирлашмаси раиси Абдураҳим Пратов ва бирлашма раиси ўринбосари, халқаро мушоирани ташкил этиш мутасаддиси Баҳодир Оташ Миртемир юбилейи шарафига ташкил этилган халқаро мушоирада Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондан кўплаб ижодкорлар фаол иштирок этганлигини мамнуният билан маълум қилиб, барча ижод намуналари муаллифлари эътибордан четда қолмаганлиги ҳамда рағбатлантирилганлигини таъкидлади. Туркистон ва Кентов шаҳридан ўз ижод намуналарини йўллаган муаллифлар яқин кунларда шаҳар этномаданият бирлашмалари ташкилотчилигида Миртемирга бағишлаб ўтказиладиган тадбирда диплом ва совға-саломларини олиш-лари мумкинлиги айтилди. Ёзувчи А. Пратов бу тадбирларда шахсан иштирок этишини маълум қилди. Тадбир якунида Дониш Маннотовнинг таклифи билан праймеризда иштирок этаётган ижодкор Ирода Муҳаммаджоновага кекса адиблар Мархабат Байғут ва Қулбек Ергўбеклар омад тилаб, фотиҳа беришди.
Ш. МАДАЛИЕВ.