УРУШ ҚАҲРАМОНИ Р.ИСЕТОВ ҲАҚИДА

749 көрілім

Туркистондан 18547 аскар урушга сафарбар этилган бўлса шулардан 4 нафари –  Абдулла Усенов, Қурбонбой Ирисбеков, Расул Исетов, ҳамда Файзулла Йўлдошевлар Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлишган. А.Усенов, Қ.Ирисбековлар 18 ва 21 ёшида жанг майдонида ҳалок бўлишган. Ф.Йўлдошев урушдан сўнг Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрида меҳнат фаолиятини давом эттирган.  Р.Исетов эса урушдан сўнг Москвадаги Ғалаба парадига иштирок этиб қадрдон Туркистонда узоқ йиллар бунёдкорлик меҳнати билан машғул бўлди. 2009 йили фонийдан рихлат қилди.  Унинг хотирасига «Жеңіс» истироҳат боғида ёдгорлик ўрнатилган.

   Қозоғистон Ҳукумати қарори билан шаҳардаги №20 мактабга Совет Иттифоқи Қаҳрамони Расул Исетов номи берилган. Қаҳрамоннинг тадбиркор ўғли Олим Исетов ҳомийлигида мактаб ҳовлисида қаҳрамон Р.Исетовга ажойиб ёдгорлик очилди.Мактабга борадиган пиёдалар йўли бунёд этилди. Яна қатор ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.  Эндиликда эса Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига «Туркистонлик уруш қаҳрамони Расул Исетов» деб номланган китоб тайёрланмоқда. Бу ҳақда ҳомий, доимий жамоачи обуначимиз  Олимжон Расул ўғли шундай дейди:

   – Элбошимиз, Тўнғич Президентимиз Н.Назарбаевнинг «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» дастурий мақоласида бугунги ёш авлодни аждодларимиз ажойиб  анъанаси, ибратли ишлари асосида ватанпарвар, иймонлилик руҳида тарбиялаш ҳақида батафсил айтилган. 75 йил аввал ниҳоясига етган қирғин барот уруш қаҳрамонликлари, мардликлари, қурбонлари ҳеч қачон унутилмайди. Бугунги фаровон ҳаётимиз ўша уруш қаҳрамонлари тўккан қонлари, мардликлари эвазига келганини ҳар дақиқа ёдимизда тутамиз.  Шу мақсадда падари бузрукворим Расул Исетов ҳақида суратли, рангли, изоҳли, ҳужжатли  китоб чоп этишга киришдик. Яқин муддатда тайёр бўлади. Мамлакатимиздаги кўплаб таниқли инсонлар китобда ўз  мулоҳаза – ниятларини изҳор этишган.

   Ушбу мақоламизда бунга қадар чоп этилмаган суратларни изоҳи билан муштарийлар эътиборига ҳавола қилишни лозим топдик. Биринчиси, 1987 йили Москвада Қизил майдондаги Василий Блаженний собори пойида олинган. Ўша кездаги Туркистон шаҳар ижроия қўмитаси раиси Эркин Жўрабеков, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Расул Исетов, депутатлар Роза Пирмашева, Людмила Андаровалар Москвага СССР Ҳукуматига Туркистондаги Ҳазрат Хожа Ахмад Яссавий мақбарасидаги тарихий улкан дошқозонни Ленинграддаги Эрмитаждан қайтариб берилиши учун рухсат сўраб хат билан мурожаат этиш учун борган  чоғи акс этган. Маълумки, Қарноқда қуйилган ва Яссавий мақбарасидаги тарихий дошқозон 1935 йили Туркистондан олиб кетилиб  54 йиллик дарбадарликдан сўнг 1989 йили сентябрь ойида Туркистонга қайтиб олиб келинган. Ҳар гал шу жараён ҳақида гап кетганида биз шу улкан  савобли  ишга  жуда кўп обрўли ва фидойи инсонлар меҳнати  сингганлигини такрор-такрор таъкидлаймиз. Расул Исетов шундай инсонларнинг бири эди.

   Иккинчи суратда эса Қаҳрамон Расул Исетов Мустақилликнинг дастлабки йиллари вилоятимизни бошқарган Заутбек Турисбеков ҳамда қуролдош қаҳрамон тенгқурлари билан байрам муносабати билан учрашгандаги чоғи акс этган. Вилоят ҳокими З.Турисбеков Расул отага ўзининг самимий ниятларини изҳор этмоқда.  Ўтган асрда  олинган тасвир ҳам шонли тарих бўлиб қолди.

   Расул Исетов Туркистон яқинидаги Така қишлоғида таваллуд топган. 1944 йили Закарпатьенинг Ясинья посёлкаси ёнидаги ўта қаттиқ жангларда душман мустаҳкам мудофаа ҳимояларини бунёд этиб Совет аскарларига ўқ ёғдирганида Р.Исетов ён томондан айланиб ўтиб ДОТни, ундаги пулемет унини ўчиради. ДОТдаги 9 немисни тутқинга олади. Шу жангда темир бетондан ишланган мустаҳкам қўрғонга бекинган душман инига граната ташлаб портлатиб пировардида ундаги 24 немис аскарини тутқинга олади. Яна  2 замбарак, 8 пулемет, 2 огнемет, 4 милтиқ, 400 снаряд, 1000 мина, 2 миномет, 10 000 потрон ўлжа қилиб олинади. Р.Исетов шу жангда жами 33 немисни тутқинга олади. Бундай тафсилотлар мард, жасур ва қўрқмас Расул Исетов жанговар тарихида ўта кўп эди.  1945 йил 24 мартда туркистонлик  Расул Исетовга СССР Ҳукумати қарорига биноан  Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади. Р.Исетов урушдан сўнг ўзи озод этишда иштирок этган Ясинья посёлкаси турғунлари, мактаб ўқувчилари билан бир неча марта май байрами шарафига  учрашиб жанг қаҳрамонликларини гапириб берган. Унга «Ясинья посёлкасининг ҳурматли фуқароси» унвони берилган. Уруш қаҳрамони Р.Исетовнинг охирати обод, руҳлари шод бўлсин.

   Ш.МАДАЛИЕВ.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы