Уруш пайтида фронт ортида меҳнат қилган фахрийларимизнинг зарбдор меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Шуларнинг бири бугунги бизнинг қаҳрамонимиз уруш олови ёнган пайтида 12 ёшда бўлиб, фронт ортида меҳнат қилган фахрий Мирзахон Ўмаровдир.
У 1929 йили май ойида Жанубий Қозоғистон вилояти Туркистон тумани Саврон қишлоқ кенгашига қарашли Чўрноқ қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. Отаси Ўмар Байзақов колхозда ишласа, онаси Жамила Есжанова рўзғорда банд эди. Мирзахон Ўмаров Улуғ Ватан уруши бошланган йили атиги 12 ёшида отасига кўмаклашиб, колхоз ишига аралашган. Ўша 1941-1946 йиллар оралиғида колхоз молини боқиб, оғир жараённи бошдан кечган. Ғалабани яқинлаштиришга куч-ғайратини сафарбар этган фуқароларимизнинг бири ва ибратлиси.
Тинч ҳаётда Мирзахон Ўмаров 1946-1948 йиллари Туркистон шаҳрида темирйўл билим юртини тамомлаб, 1948-1951 йиллари Арис станциясининг локомотив депосида паровоз машинисти бўлиб меҳнат фаолиятини бошлайди. 1951-1954 йиллари Совет армияси сафларида ҳарбий бурчини ўтаган. 1954-1967 йиллари Арис станциясининг локомотив депосида тепловоз машинисти бўлиб ишлади. 1967-1984 йиллари Туркистон депосида локомотив қабулловчи, 1963-1967 йиллари оралиғида Қозоғистон ССР депутати бўлган. 1968 йили Тошкент темирйўл олийгоҳини «Тепловоз хўжалигининг муҳандис механиги» ихтисоси бўйича тамомлаган. Темирйўл соҳасида узоқ йиллар бенуқсон хизмат қилиб, 1984 йили нафақага чиққан. Фронт ортидаги зарбдор меҳнатлари учун Буюк Ғалабанинг 60, 65, 70 йиллик байрам медаллари билан ҳамда «Вилоятга сингдирган меҳнати учун» кўкрак нишони билан мукофотланган.
Ушбу шукуҳли кунда фронт орти фахрийси Мирзахон Ўмаровни Буюк Ғалабанинг 75 йиллик байрами билан муборакбод этиб мустаҳкам саломатлик, узоқ умр, хонадонига шодлик, оиласига омонлик ва барака тилаймиз.
Қуаниш ТАСИБАЕВ.