Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган Абусоли акам 1924 йилда туғилган. Ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқиган. Қишлоқда шоир, кўзга кўринган ашулачи бўлган экан. Узун бўйли, кенг елкали, келишган қоматли йигит бўлган, дейишарди замондошлари. Шунинг учун ҳам 18 ёшга тўлар-тўлмас Туркистон райвоенкоматига бориб, ўз хоҳиши билан Армия сафига олишларини илтимос қилади. “Мен урушга бориб, жасорат кўрсатиб, “Қаҳрамон” бўлиб қайтаман” деган экан.
1942 йил 5 августда Туркистон туман ҳарбий комиссариати орқали Совет Армияси сафига чақирилиб, Ўзбекистоннинг шу пайтдаги Скоболев (Фарғона) деб номланган шаҳридаги сержантлар тайёрлайдиган “Полковая школага” бориб тушган. Бир ой карантиндан сўнг 6 ойлик “Полковая школани” битириб, сержант бўлиб, 1943 йил март ойининг иккинчи ярмида (мен туғилиб ётган пайтимда) Туркистон темир йўл вокзали орқали Украина фронтига ўтган. Дадам “Рабочий батальонда”, амакиларим урушга кетган, опаларим ҳали ёш бўлган, онам мени туғиб ётганлиги сабабли Абусоли акамни кўриб, хайрлашиб қолиш учун вокзалга уйдан ҳеч ким бора олмаган. Акам Опаш опа деган иқонлик онахонни учратиб, саломномасини шу опадан йўллаб: “Онамга мана шуни бериб қўйинг, мендан эсдалик бўлсин”,-деб рўмолчасини бериб кетган экан. Опаш опа онамнинг келолмаган сабабини тушунтириб, ўз фарзандининг ўтиб қолишини пойлаб олиб борган патир, қурт, талқонларидан бир қисмини Абусоли акамга тугиб берган экан. Жойларинг жаннатдан бўлгур, онаизорлар-ей!
Абусоли акам 1943 йил апрель ойининг бошларида I Украина фронтига бориб урушга тушади. Шундан то 1945 йилнинг 8 апрелигача ўт-олов ичида – “Передовая линияда” роппа-роса икки йил урушда бўлиб, I Украина фронти, II Украина фронти, Польша, Венгрия, Руминия, Чехословакия мамлакатларида 345-ўқчилар полкида БТР-нинг расчет командири бўлиб урушган. Шундан 1945 йил 8 апрелда ўққа учиб қазо топган.
Шундай қилиб, деярли Германияга яқин – ғалабага роппа-роса бир ой қолганда душманнинг ўқига учиб, 21 ёшида қахрамонларча ҳалок бўлган. Чехословакияда Морова дарёсининг қирғоғидаги Святой Ян аҳоли манзилида дафн этилган. Яратган Эгам Абусоли акамни ўз раҳматига олиб, жойларини жаннатдан ато этган бўлсин илоҳим, дея тоат-ибодат қиламиз.
Ирисқул АББАСОВ,
ҚР Маданият арбоби, Туркистон шаҳрининг Фахрий фуқароси, Туркистон вилоят Оқсоқоллар ҳайъатининг аъзоси.
Cуратда: Абусоли Аббосов. (Руминия. Бухарест шаҳри, 1944 йил).