Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавий номидаги ХҚТУ-нинг юқумли касалликлар бўйича олий тоифали шифокори, тадбиркор Ғайрат Маҳкамбой ўғли бунёд этган Абу Али Ибн Сино клиникаси бўлим мудири, Туркистонда кўп йиллик тажрибага эга таниқли шифокор Мўътабар Шерметова билан суҳбатимиз довруқли коронавирус хасталиги COVID – 19 тўғрисида кечди.
– Тиббиётда соҳалар кўп, сиз айнан юқумли хасталиклар бўйича етакчи ва кўп йиллик тажрибага эга таниқли шифокорсиз. COVID – 19 дан сақланишнинг энг мақбул йўли нимада?
– Юқумли хасталик одамлардан одамларга юқади. Демак, хасталикнинг кўпайишини, авж олишини тўхтатиш учун одамлар орасидаги мулоқот, саломлашиш, омонлашиш, қучоқлаб кўришишдан воз кечиб вақтинча чекланиш – уйда қолиш керак. Тўғри йўли шу. Кимларгадир бу тартиб эриш туюлиши мумкин. Лекин, ҳақиқатдан юз ўгириб бўлмайди. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, дармондориси мўл таомлардан истеъмол қилиш, масалан, ҳозир бизда ялпиз, кўкат, укроп, шивит сероб, мевалар мўл. Томорқада очиқ ҳавода меҳнат қилиш ҳам фойдали. Адрасмон тутатишдек кўҳна анъаналаримиз ҳам бор.
– Апрель ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи ярмида ислом оламида, демакки бизда рўзаи Рамазон ойи бошланади. Ўзига хос анъаналари, удумлари, фазилатларига бой мунаввар ой. Шифокор сифатида ҳозирги мавжуд карантин шароитидан келиб чиққан ҳолда қандай тавсиялар айтасиз.
– Россия телевидениесининг тиббиёт бўйича машҳур телебошловчиси, ҳурматли ҳамкасбимиз Е.Малишева коронавирусдан сақланиш нуқтаи назаридан ислом динидаги тоат ибодат, беш вақт таҳорат олиш тартибини (оғиз бўшлиғи, бурунни ҳар гал уч мартадан ихлос ила сув билан чайиш) барчага ўрнак ибрат этиб кўрсатди. Бу – барчамиз учун фахр – ифтихор. Лекин, мусбат жиҳатнинг манфий томонлари ҳам бор. Яна ўша талаб – кўплашиб, гавжумлашишдан воз кечиш шарт. Масалан, ифторлик, тарових намозини ўз оиласида амалга ошириш. Мен фурсатдан фойдаланиб яна бир карра ҳурматли юртдошларимизни рўза ойидаги мунаввар ниятлари қабул бўлишини тилаган ҳолда жаҳонда COVID – 19 хавфи мавжудлигини ёдга солмоқчиман. «Сендан ҳаракат – мендан баракот», «Сақлансанг – сақлайман» деган ҳикматли нақллар моҳиятига амал қилайлик. Зеро, ҳозирги пайтда ҳам карантин тартибларига лоқайд ва юзаки қараб бир-бири билан қўл бериб саломлашиш, аёлларимизда эса ачомлашиб ўпишиб кўришиш одатлари ҳануз бор ва мавжуд. Бу – ҳурматми ёки ғурбатми. Улар шундай қилиб туриб «Худо ўзи сақласин» деб ўзларини оқлаб ҳам қўйишади. Бу ўринсиз одатларни тўхтатиш ҳамда кескин воз кечиш керак. Кейин эса… кеч бўлиши мумкин. Боз устига давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда карантин муддати биринчи майга қадар узайтирилди. Бу мажбурий чоралар бежиз қўлланилаётгани йўқ. Саломатлик – биринчи бойлик. Агар шу биринчи бойликни бой бериб қўйсак, қолган неъматларнинг фойдаси ҳам бўлмайди.
– Мазмунли ва ўринли, долзарб суҳбатингиз, тавсияларингиз учун ташаккур. Соғ саломат бўлинг.
Ш.МАДАЛИЕВ.
Суратда: Юқумли хасталикларни даволаш бўйича олий тоифали тажрибали шифокор М.Шерметова.