Кундалик ҳаётда бизга зарур неъматларнинг барчаси муҳайё бўлишини истайдиганимиз ҳақиқат. Жумладан, ўзимиз қадам босиб юрадиган йўлнинг ҳар томонлама қулай бўлгани қандай яхши. Шаҳримизнинг тараққиёти ва ривожланиши йўналишида қурилиш ишлари билан бирга йўл таъмирлаш ишлари ҳам жадал юритилаётганлигини айтишимиз керак. Туркистон шаҳри бўйича 2020 йили умумий узунлиги 110 чақиримни ташкил этадиган 100 га яқин кўчалар таъмирдан ўтади.
Асосий йўл ўртача таъмирлаш ишлари инфратузилмаси тўлиқ тугалланган (ичимлик сув, оқава сув, газ) ҳудудларда юритилади. Бугунда 31 кўчанинг ўртача таъмирлаш ишлари бошланган. Шунингдек, бу кўчалар ёруғлаштирилиб пиёдалар йўлаги солинади. Оқава сув юритилган кўчаларда тизимга қўшилмаган аҳоли кўп, шу боис келажакда сув юритилган пайтда йўлни бузмаслик учун йўл остидан махсус футлярлар қолдирилган. Келажакда шу орқали канализация билан турғунлар хонадонлари қўшилади.
Бугунги кунда таъмирлаш ишларига 10 пудратчи компания жалб этилиб, 250 дан зиёд техника сафарбар этилган. Унга 5,2 млрд тенге маблағ ажратилган. Айни пайтда Майкотов, А.Югнакий, Рисқулбеков, Ўмаров, Даулет, Турмаханов кўчаларига асфальт қатламлари ётқизилган. Хусусан, Майкотов кўчасининг узунлиги 6,5 чақирим, тоифаси – умумшаҳар магистралли 4 қатновли йўл, қурилиш қиймати 2,8 млрд тенге, бажарилиш муддати 2020-2021 йиллар.

Мамлакатимизда ўрин олган Фавқулодда вазиятга қарамасдан йўл таъмирлаш ишлари хавфсизлик тадбирларига риоя қилиб, жадвалга мувофиқ тизимли равишда ўз ишларини давом эттирмоқда.
Арайлим МЕЙРАМХАН қизи.