ТУРКИСТОНЛИК ГВАРДИЯЧИ ПОЛКОВНИК

959 көрілім

1945 йили май ойида жаҳонни ларзага солган, миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритган Улуғ Ватан уруши Берлинда, ғолиб аскарларнинг ғалаба байроғини Рейхстаг биноси тепасига қадаши билан якун топди. Ушбу шонли санага ҳам 75 йил тўлмоқда. Туркистонда уруш фахрийлари кенгашини узоқ йиллар бошқарган истеъфодаги гвардиячи полковник, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси, учта уруш кўрган, Ватан олдидаги хизматлари бешта жанговар орден ва 25та медаль билан тақдирланган Олимжон Муҳаммаджоновнинг таваллудига жорий йил сентябрда 103 йил тўлади. Ғалаба байрами арафасида Олимжон отанинг фарзанди, Ҳамза номли умумий ўрта мактаб директори Замир Муҳаммаджонов билан суҳбатлашиб, падари бузруквори ҳақидаги хотираларини ўртоқлашишини сўрадим.

   – Сиз раҳбарлик қилаётган Ҳамза номли ўрта мактабда ўтган асрда икки нафар полковник – падари бузрукворингиз Олимжон ота ва Фозил Азимов, шунингдек, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Расул Есетов, жуда кўплаб таниқли инсонлар ўқишган. Шахсан ўзим Олимжон ота билан кўп марта суҳбат қуриб, эсдаликларини газетада ёритганмиз. Ҳар йили Ғалаба байрами арафасида шу санага бағишлаб ёзган рус тилидаги мақоласини ўктам овозда ўзи ўқиб берарди. Тинчликни ҳаётининг мазмуни деб билган Олимжон ота сизга исм қўйишда ҳам тинчликка даъват маъносини уқтирган, шундай эмасми?

   – Ҳарбий коммунистларга хос интизом, пухта билим ва мукаммал феъл-атвор падари бузрукворимизда тўлиқ намоён эди. У киши 40 ёшдалигида мен дунёга келганман. Менинг исмим ҳам “тинчлик учун” деган маънони беради. Ҳатто, Туркистонда ўзи узоқ йиллар раҳбарлик қилган уруш фахрийлари идорасининг телефон рақами ҳам ғалаба байрами нишонланган йил – 3-19-45 рақамлари билан терилади. Ушбу телефон рақами бугунги кунда ҳам Туркистон уруш ва меҳнат фахрийлари идораси раҳбари, Жарқинбек Қулбайимбетовга тегишли. Буюк Ғалабага қандай қурбонлар эвазига эришилганига эътибор қаратайлик. Расмий маълумотларга кўра, иккинчи жаҳон урушида 520 минг француз, 400 минг италиялик, 320 минг инглиз, 325 минг америкалик, 364 минг чех ва словак, 1 миллион 600 минг югослав, 6 миллион 28 минг поляк, 9 миллион 700 минг немис ва 20 миллиондан зиёд Совет фуқароси ҳалок бўлди. Энг кўп қурбон бўлганлар 15та иттифоқдош республика хусусан, бизнинг Қозоғистон фуқаролари. Шу боис бўлса керак тинчлик ота-боболаримиз, биз ва кейинги авлод учун беҳад қадрли. Туркистондан уруш йиллари 18547 киши урушга отланиб, 15960 нафари ғалаба билан қайтиб келган. 2587 нафари жанг майдонларида шаҳид кетишди.

    – Дадажонингизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида гапириб берсангиз?

   – Отам Туркистоннинг Иштихат даҳасидаги Муҳаммаджон бобомиз ва Шарбон момомиз хонадонида 1917 йил сентябрда таваллуд топган. Бошланғич мактабни аълога тамомлагач, Тошкентдаги ҳунар-техника мактаби ва техникумда таҳсил олади. 1938 йили комсомол йўлланмаси билан Россиянинг Вольскдаги ҳарбий ҳаво билим юртига ўқишга кириб, уни тугаллагач, 58-бомбардимончи авиация полки таркибида 1939 йил охири 1940 йил бошларида оқ финларга қарши жангларда иштирок этади. Бу уруш Карелияда фин қўшинларининг тор-мор қилиниши билан якун топади. Улуғ Ватан урушининг биринчи кунларидан бошлаб дадам хизмат қилган полк Ленинград шаҳрини қаҳрамонларча ҳимоя қилади. Учувчилар душман қисмларига, танк колонналарига ҳаводан ҳужум уюштириб, немисларга қирон келтиради. Мана шу хизматлари учун СССР Олий Совети Президиумининг Фармонига биноан «За оборону Ленинграда» жанговар медали билан мукофотланади. 1957 йили Ленинграднинг 250 йиллиги шарафига СССР Олий Кенгаши Президиуми номидан Ленинград шаҳар ижроия қўмитаси отамни «Ленинграднинг 250 йиллиги хотирасига» медали билан тақдирлайди. Ленинград қамалидан сўнг Ленинград, Шимолий-Ғарбий ва 3-Белоруссия фронтлари таркибида Белоруссия, Эстония, Латвия, Литвани озод этишда қатнашади. Жанглардаги жасорати учун учта жанговар Қизил байроқ ҳамда иккита “Ватан уруши” ордени билан мукофотланади. Европани озод этишда, Кенигсберг шаҳри учун жангларда иштирок этади. Гвардиячи полк партия ташкилоти котиби бўлган. Дадамиз хизмат қилган гвардиячи полк Кенигсбергда 1948 йилгача ҳарбий навбатчиликни давом эттиради. Урушдан кейин яна 15 йил СССР ҳарбий қисмларида полк ва дивизия қўмондонининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари бўлади. Чорак аср СССР ҳарбий кучларида хизмат қилиб, 1960 йили Туркистон шаҳрига қайтиб келади ҳамда яна 45 йил партия ва жамоат ишларида ўзгаларга намуна бўлади. Дастлаб Туркистон туман партия қўмитасида партия кабинети мудири, 1965 йили темир-бетон буюмлар корхонасида директор ўринбосари, қурилиш қисмлари ва конструкциялари комбинатида раҳбар ўринбосари, 1971 йилдан эса рудасиз материаллар комбинатида директор, қурилиш қисмлари ва конструкциялаш комбинатида директор ўринбосари, партия ташкилоти котиби бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимиз учун осон кечмаган оралиқ муддат – мустақилликнинг дастлабки йиллари, чунончи 1988-2001 йиллари Туркистон шаҳар уруш ва меҳнат, фронторти, қуролли кучлар фахрийлари кенгаши раиси вазифасини адо этади. Ойижоним Аяжон билан тўрт фарзанд – уч ўғил ва бир қизни тарбиялаб, вояга етказишган. 2005 йили Буюк Ғалабанинг 60 йиллиги шарафига 8 май куни Туркистон шаҳридан Шимкентга уруш фахрийлари делегациясини бошқариб кетаётганида йўлда автобус ҳалокатга учраб, касалхонанинг жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмади. Туркистондан бирга чиққан ҳамшаҳри – Ҳабибулла Ирисметов, шунингдек, автобусни бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳам ҳаётдан кўз юмишади. Ёзмишдан ўзмиш йўқ деб, шунга айтсалар керак. Ўша кездаги вилоят раҳбарлари – Бўлат Жилқишиев, ўринбосари Али Бектаев, Туркистон шаҳри ҳокими Мухит Алиев, ҳарбий комиссариат ходимлари барча-барчаси такрор ва такрор касалхонага келиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришди. Лекин жароҳат оғирлиги панд берди. Дафн маросимига пойтахт шаҳардан олимлар, ҚР Парламентидан, ҳарбий вазирликдан, уруш фахрийлари, жуда кўплаб инсонлар ташриф буюришди. Дадам 1960-2005 йиллар оралиғида Туркистон шаҳрига раҳбарлик қилган барча инсонларнинг ҳурматига сазовор бўлган халқимизнинг хокисор вакили эди. Ж.Райимбеков, Б.Нақипов, Ж.Қарнақбаев каби полковник шогирдлари отамни жуда ҳурмат қилишар, ўзларига ўрнак санашарди.

   – Элбошимизнинг “Инсон мангу яшамайди, мангу яшайдиган унинг иши”, деган нақли бор. «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» дастурий мақоласида эса аждодларимиз – ота-боболарнинг элга, юртга ибратли хизматларини, бугунги ёш авлодга етказиш, уларни Ватанга эътиқод, она заминга муҳаббат руҳида тарбиялаш вазифалари қўйилган. Олимжон отанинг ҳаёти ва фаолияти бугунги авлодга ўрнак ва ибрат. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Дадангизнинг нурли ва порлоқ хотираси уни билган, эъзозлаган барча зиёли инсонлар, хусусан, фарзандлари, неваралари, эваралари ҳамда чеваралари хотирасида мангу яшайди.

Шомирза МАДАЛИЕВ.

Суратда: Гвардиячи полковник Олимжон ака Муҳаммаджонов.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы