Амир Темур номли мактаб директори Рўзбой Юсупов билан суҳбатимиз Наврўз байрами арафасида ўтди.
– Шаҳар ҳокими Рашид Аюпов ташриф буюрганида мактабнинг янги биноси қурилиши масаласи муҳокама қилинди. Таҳририят номидан кўпдан буён айтилаётган ва ечимини кутаётган янги мактаб қурилиши ҳақида шаҳар, вилоят маслаҳатлари депутатлари, шаҳар ҳокимлиги, таълим бўлими қурилиш соҳаси мутасаддиларига мурожаат қилинганлиги, жавоб ижобий бўлганлигини эътироф этаман. Бу борада қандай ўзгаришлар бор?
– Мактабимиз биноси мослаштирилганлиги, замонавий қулайликлар йўқлигидан ҳокимлик хабардор. Унинг ҳовлисини кенгайтириш муаммоси ҳам ечимини топишига ишонаман.
– Кўкламнинг дастлабки ойида олтмишнинг олтин остонасига қадам қўйдингиз. Табриклайман! Биздаги маълумотларга кўра, Тошкент педагогика олийгоҳини тамомлаб, Ш.Ниёзов номли мактабда 38 йил муқаддам меҳнат фаолиятингизни бошлагансиз. Муҳаббат Тўлаган қизи билан бахтли оила қуриб, Бобур, Муяссар, Гулчеҳра исмли қобил фарзандлар тарбиялагансиз. Ўғил-қизларингиз тиббиёт соҳасида олий маълумот олиб, вилоят, республика ҳамда халқаро миқёсда (Шимкент, Алмати, Туркия) нуфузли тиббиёт клиникаларида шифокорлик касбини эъзозлаб, эл ардоғига сазовор бўляпти. Март сиз учун ҳам таваллуд айёми, ҳам ушбу даргоҳда раҳбарлик фаолиятингизни бошлаб, шаҳар, вилоят, республика кўламида муносиб мукофотларга сазовор бўлган қутлуғ ой. Олтмиш йиллик ҳаёт йўлини босиб ўтган киши сифатида қандай орзу-истаклар ушалишини истардингиз?
– Давлатимиз, Элбошимиз, Президентимизга миннатдорчилик билдираман. Туркистон шаҳри вилоят марказига айланиб, жуда катта ободончилик ишлари амалга ошмоқда. Қисқа вақт ичида катта ишлар қилинди, тасаннолар айтаман. Мен ушалишини кутаётган ва кўп ҳаракат қилган битта масала – мактабимизнинг янги биноси қурилиши бошланса, устозлар жамоаси ёш авлодга замонавий ва қулай синфхоналарда дарс берса, ниятим шу.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Устозлару шогирдлар орзуси ушалишига тилакдошмиз.
Ш.МАДАЛИЕВ.
