Жорий йил Наврўзи олам айёми вилоятимизда кучли шамол билан ўтганлиги барчамизга аён. Қизилўрда шаҳрида кучли шамол университет биноси томини кўтариб ташлаганлиги интернетда чоп этилди.
Туркистон яқинидаги Қорачиқ қишлоғидаги собиқ Қозоғистон Олий Кенгаши депутати, меҳнат фахрийси Маҳфират Ҳаётова истиқомат қилаётган уйининг тунука томини ҳам кучли шамол кўтариб ташлади. Меҳнат фахрийси якка ўзи яшайдиганлиги сабаб ёрдам сўраб «Үлес» жамоат хайрия жамғармаси раиси, кўп хайрли ишлар ташаббускори Райимжон Қўчқоровга мурожаат этдим. Ўзи қурган шахсий уйи томи ҳам кучли шамолдан зарар кўрганлигига, ҳамда иши кўплигига қарамасдан эртаси куни Р.Қўчқоров Қорачиқ қишлоғига бориб, шамол учирган тунука томни кўриб, иш кўламини аниқлади. Кучли шамол тугаши ҳамоно усталар билан ишни бошлаб ўзи бошида турди. Бир неча кунда иш тўлиқ якунланиб, том қайта тикланди. Меҳнат фахрийси Маҳфират Ҳаётова улкан ёрдам кўрсатган «Үлес» жамоат хайрия жамғармаси раиси Райимжон Қўчқоровга самимий миннатдорчилигини изҳор этиб, қўлларини дуога очиб омад тилади.

Биз ҳам ўз навбатида республика «Алтын жүрек» номинацияси совриндори, вилоят оқсоқоллар кенгаши аъзоси, Туркистоннинг ҳурматли оқсоқоли, жамоатчи обуначимиз Райимжон Қўчқоровга мустаҳкам саломатлик, омад ҳамда саодат тилаймиз. Баракалла, барака топинг.
Рўзиохун МАДАЛИЕВ.
Суратларда: 1. Қорачиқдаги томи шамолда
зарар кўрган уй. 2. Маҳфират Ҳаётова.
