Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги COVID-19 коронавирусини пандемия деб эълон қилишига боғлиқ фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш мақсадида элимизнинг барча ҳудудида ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Фармони билан 16 мартдан бошлаб Фавқулодда вазият жорий этилди.
Давлат раҳбари ўз мурожаатида мазкур офатни бартараф этишга йўналтирилган қатор алгоритмларни ва тиббий кўрикдан ўтишга, даволанишдан бўйин товлаганларга карантин тартибини сақлашга, эпидемиология вазиятларни аниқлашда барча маълумотларни яширган кишиларга назорат кучайтириладиганлигини айтди. Туркистон вилоятининг ҳокими Ўмирзақ Шўкеев Президент Фармонини амалга ошириш бўйича қарор қабуллаб, қатор тадбирларни амалга оширишни топширди.
Элбоши Нурсултан Назарбаев Қозоғистон халқига йўллаган мурожаатида мана шундай оғир паллада барча қозоғистонликларни эл Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев билан Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган жадал тадбирларни қўллашга чақирди. «Фавқулодда вазиятнинг эълон қилиниши муҳим ва зарур қадам. Асосий мақсад – фуқароларимиз билан давлатимизнинг манфаатини ҳимоя қилиш» деган Элбоши давлат кўламида қабулланаётган тадбирлар ҳозирги қийин ахволга мувофиқ ўз вақтида қўлга олинганини таъкидлади. «Ҳурматли қозоғистонликлар! Доно халқимизда «Кемадагининг жони бир» деган ҳикматли сўз борлигини биласизлар. Шундай қийин дамларда муштарак ишдан ҳеч ким ташқарида қолмаслиги лозим. Биринчидан, Ҳукумат бюджет соҳаси ходимларининг, талабаларнинг, кичик ва ўрта бизнес салмоғини енгиллатиш йўналишидаги аниқ қадамларни эълон қилди. Лекин, фақат давлатнинг ғайрати етарли эмас. Муаммони енгиш учун бошқа ва қўшимча имкониятларни сафарбар этиш керак. Ҳар бир фуқаро ўзининг қўлидан келадиган ҳиссасини қўшиши керак. Мен бу қийин паллада эл юртга ёрдамлашмоқчи бўлган ва ёрдам бера оладиган одамларнинг маблағи жамғариладиган республика жамғармасини қуришни тавсия этаман»,-деди Тўнғич Президентимиз сўнгра Элбоши бундай жамғармаларни ҳар бир вилоят марказида ва республика аҳамиятига эга шаҳарларда қуриш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, элимиздаги компаниялар вакиллари ходимларининг штатини қис-қартирмасликка, уларни моддий-маънавий назардан ҳам ёрдам беришга чақирди. Элбошининг топшириғи билан «Nur Otan» партияси лойиҳалари доирасида ажратилган 150 миллион тенге Нур-Султан ва Алмати шаҳарларидаги ижтимоий ахволи ночор фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш учун сарфланади. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик учун Тўнғич Президент жамғармаси ҳисобидан яна 200 миллион тенге ажратилиши элдаги йирик бизнес вакиллари учун ибратли ташаббус. «Яхлитлигимизни яна бир карра далиллайдиган кун келди. Элимизнинг барча фуқароларини сабр-тоқатга, давлат қабуллаётган тадбирларни қўллашга чақираман. Бирлик бўлса эгалланмайдиган довон йўқ. Қозоғистон бу қийинчиликларни ҳам енгиб, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяди деб ишонаман»,- деди Элбоши Н.Назарбаев ўз мурожаатида.
Ҳозирги пайтда Туркистон вилоятига қарашли туманларда Фавқулодда вазият тартибини жорий этиш мақсадида махсус тезкор гуруҳлар қурилди. Коронавирусдан сақланиш тадбирлари қўлга олиниб, блок-бекатлар қўйилди. Тиббиёт ходимлари йўловчиларнинг тана ҳароратини текширишмоқда. Офатнинг чегара орқали кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида ҳам қатъий чоралар қўлга олинди. Чегара ўтказиш пунктларида дезинфекция ишлари юритилмоқда. Зарарсизлантириш ишлари ҳудуд турғунлари билан меҳмонларнинг хавфсизлиги учун амалга оширилди. Таъкидлаш жоиз, Туркистон вилояти бўйича давлат даромадлари департаментида олти чегара божхона бекати бор. Хусусан, «Қазиғурт», «Жибек жўли», «Қапланбек»,»Сариоғоч станцияси», «Бауржан Қўнисбаев» ва «Атамекен» Фавқулодда вазиятнинг янги даражаси бўйича айни пайтда санитария назорати сутка бўйи юритилмоқда. Барча божхона бекатларининг ўтказиш пунктларида тепловизор назорат камералари билан қўл ўлчагичлари бор инфрақизил камералари ўрнатилган, улар тана ҳарорати кўтарилган одамни 15 метр масофадан аниқлашга имконият беради.
Бундан бошқа бугунда элимизнинг барча минтақалари каби, Туркистон вилоятида ҳам таълим масканлари тўлиқ ёпилди. Тўйхоналар билан ҳордиқ масканларининг, одам кўп тўпланадиган даргоҳларнинг иши тўхтади. Бозорларда санитария тозалик тадбирлари кучайтирилди. Кундалик дезинфекция ишлари юритилмоқда. Эпидемияга қарши бундай санитария тадбирлари барча туманларнинг идораларида жамоат кўликларида ҳам барқарор юритилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат нархини барқарорлаштириш иши ҳам минтақа раҳбарлари эътиборида. Шу мақсадда махсус қурилган комиссия савдо ўринларига рейд текшириш ишларини кундалик амалга оширади. Барча тиббий ташкилотларда коронавирусга қарши чоралар кучайтирилди.
«Ҳозирги вазият элимиз учун синов ва имтиҳон. Бизга темирдай тартиб зарур. Туркистон вилояти аҳоли сони жиҳатидан кўп гавжум минтақа бўлганлигидан хавф ҳам кучаяди. Анча жиҳат ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятига боғлиқ бўлмоқда. Ваҳима ва шовқин ҳеч кимга наф келтирмайди, аксинча мавжуд ахволни янада қийинлаштиради. Шу боис, эл бўлиб биргалашиб қўққисдан келган офатни енгиш учун белгиланган қоидаларни бузмасдан бажариш керак»,- деди вилоят ҳокими Ў.Шўкеев ҳафталик тезкор йиғилишда.
Жаҳонни қаттиқ ҳаяжонлантираётган коронавирус офати кучайиб кетмаслиги учун фуқаролар соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсия этган профилактик тадбирларни қўлланишлари керак. Ваҳимасиз, дабдабасиз хасталикнинг олдини олиш зарурлигини Давлат раҳбари ўзининг халққа мурожаатида таъкидлаб айтган. Турғунларга қўлни совунлаб тез-тез ювиш, антисептиклар қўлланиш, қўл узатиб саломлашишдан бош тортиш, шахсий гигиена буюмларидангина фойдаланиш, гаджетлар билан маиший асбобларни дезинфекциялаш, тумов аломатлари бор одамлар билан муносабат қилишдан вақтинча бош тортиш керак. Шунингдек, тўй, тантаналарга, кўпчилик тўпланадиган масканларга ҳозирча бормаган маъқул.
Қайрат БАЛАБИЕВ,
Туркистон вилояти маслахати котиби.
