Бир куни танишим ногиронликка чиқишга боғлиқ бозорда савдо қиладиган яқин дўстлари ўртасидаги воқеани гапириб берди. Ҳозир даромади бор одамларнинг орасида “Олтин хазина” деган ном билан ой сайин маблағ тўплаб бош қўшиш анъанага айланган. Баъзи жойларда “Гап” деб юритилади. Мана шундай анъанага айланган “Олтин хазина” тадбирида тўпланган маблағни ҳалиги бозордаги ҳамкасб ва дўсти тадбиркорлар ҳар кимнинг навбатига қараб ногиронликка чиқаришга сарфлайдимиш. Ҳа, бу эл орасидаги миш-миш гап. Ҳолбуки, ногиронликка чиқиб даромадини орттиришни кўзлайдиган шахсларнинг борлигидан воқиф бўлгач “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” қабилидаги нақлга биноан ўйланиб ҳам оламиз.
Энди Туркистон шаҳрининг 2019 йил якунига кўра ногиронлик ҳақида маълумотларга эътибор қаратайлик. Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва кўчиб қўниш қўмитасининг Туркистон вилояти бўйича департамент бўлими раҳбари Ернар Пернеқуловнинг таъкидлашича Туркистон шаҳридаги ногиронларнинг сафи вилоят кўрсаткичининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. (Бу рўйхатда Ўтирор тумани ҳам бор) Демак, минтақамизнинг бошқа туман шаҳарларига қараганда Туркистонда ногиронларнинг сони кўп деган сўз. Шу ўринда тани-жони соғ шахсларнинг ишга лаёқатсизлик ҳужжатини кўрганда беихтиёр ўйланасан киши.
Ушбу департамент вакили Ернар Айдарбекулининг маълумотига кўра 2019 йилнинг якунида Туркистон вилояти бўйича ногиронлар сони 94222 кишини, аҳоли сонига чаққандаги фоизи эса 3,3 фоизни ташкил этган. Хусусан, 170 мингдан зиёд аҳолиси бор Туркистон шаҳрида ногиронлар 11297 киши. Афсуски, табаррук шаҳардаги аҳоли сонига чаққанда ногиронлар 6,4 фоизга ортиб, вилоят кўрсаткичидан 3,1 фоиз юқори.
Энди шу тоифадагиларнинг ёш хусусиятларига эътибор берсак. Шаҳар бўйича умуман ногиронлар сонининг 49,1 фоизи 18 ёшга тўлмаган болалар бўлса, қолганлари ундан юқори ёшдагилар. Шунингдек, ногиронларнинг 19,3 фоизини нозология турлари бўйича юрак қон-томир хасталиклари ва 11,6 фоизи жароҳат сабаблари туфайли экан. Шу боис, Туркистон шаҳрида юрак қон томир касалликлари ва хавфли шиш жароҳат йўналишидаги касалликларнинг кўпайишига мутахассислар ташвишда.
Ҳа, яширадигани йўқ, ҳарбий хизматга чақириладиган ёшларнинг аксарияти Ватан ҳимоясига яроқсиз, ишга қобилиятлиларни иш билан таъминлашга келганда анчаси оғир ишга бардош бермайди. Шу зайлда давом этаверади. Бу кундалик ҳаётда учраётган шароит. Туркистонда ногиронларнинг сафи кам деганга ишониш қийин. Мутахассисларнинг бонг урганича бор.
Ўтган йилги газетамизнинг №48 сонида Туркистон шаҳри ҳокими Р.Аюповнинг ногиронлар аравачасига ўтириб идораларнинг пандусига чиқиб тадқиқ тадбирларни юритганини эълон қилгандик. Ўшанда шаҳар раҳбари ногирон шахсларга имкон даражасида шароит яратишни топшириб, бу масалани эътиборда тутишни таъкидлаган эди. Ҳокимнинг шу дамдаги ички туғёнини юқорида баён этилган маълумотларга қараб тушунгандек бўлдик. Меҳнат, ижтимоий ҳимоялаш ва кўчиб қўниш қўмитаси Туркистон вилояти бўйича департаментининг бўлим раҳбари Ернар Пернеқуловнинг кўтараётган муаммоси ўринли. Уни аслига келтириш ишлари кўчага шанбалик уюштирилиб атроф-мухитни ҳимоялаш каби ишлар билан ўлчанмайди. Фақат бундан буён масъул мутахассислар (Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари) ўз ишига масъулият билан қараса, шунинг ўзи кифоя.
М.ДАУЛЕТОВ.
