Туркистондаги А.Навоий номли мактаб директори Х.Ажиметов иш кабинетида 90 йиллик юбилей комиссияси аъзолари кенгаши ўтди. Тадбирда шу йил куз фаслида ўтказилиши режаланаётган мактабнинг 90 йиллик юбилейига тайёргарлик доирасида бажариладиган кўламдор ишлар хусусида сўз борди.
Мактаб ота-оналар қўмитаси аъзоси, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси Носир Ҳамроқулов Навоий ва Абай музейи жиҳозланиши ишига 100 минг тенгелик ҳомийлик кўмагини кўрсатадиган бўлди. Тайёргарлик ишларига мактаб жамоаси ва собиқ битирувчиларни кенг жалб этиш вазифаси қўйилди. Йиғилишдан сўнг директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зокир Зокиров, бошланғич синфлар бўйича ўринбосари Алишер Собиров билан биргаликда шу мактабни 1968 йили тамомлаган Мирзамаъруф Исхоқов хонадонига бориб режаланган ишларни баён этдик.
– Мен А.Навоий номли мактабни 1968 йили – 52 йил муқаддам тамомлаганман. Мен ва тенгдошларим учун мактаб муқаддас даргоҳ. 90 йиллик юбилейга ҳозирлик жараёнига фаол иштирок этиб, Навоийни устозим деб эъзозлаган Абай Қунанбаевнинг 175 йиллиги нишонланаётган 2020 йилга тўғри келган мактаб юбилейи барчамиз учун қадрли. Маънавиятга, нурли хотирага, мунаввар болалигимизга, дўстликка, илм-маърифатга алоқадор хайрли ишга муносиб ҳисса қўшиш муқаддас бурчимиздир. Дилфуза, Собир, Комил, Динора исмли қобил ва Туркистонга таниқли тадбиркор фарзандларим шу даргоҳда таълим олишган. Ўтган устозларимиз, шу кунни кўриш насиб этмаган собиқ синфдошларимиз руҳлари шод бўлсин, – деди Мирзамаъруф Исхоқов.
Мактабни турли йилларда тамомлаган собиқ битирувчиларга, ҳимматли ҳомийларга мурожаат этиб «Сизларга таълим-тарбия берган кўҳна ва муқаддас даргоҳ сизларнинг ҳиммат – иштирокларингизга ишонади» деймиз.
Ш.МАДАЛИЕВ.
