“АМИНА” – АВВАЛГИ БИНОДА

736 көрілім

Туркистон шаҳрининг ибратли фуқароси, йирик тадбиркор Ғайрат Акешов бошқарган жамоа саъй-ҳаракатлари билан барпо этилган муҳташам «Амина» тиббиёт маркази аввалги бинода беморларни даволашни бошлади. Қанд хасталиги бўйича машҳур шифокор Муслим Шарипов бошчилик қилаётган «Ибн Сино» клиникаси алоҳида мустақил фаолият юритади.

Маълумки, Туркистон шаҳри вилоят маркази мақомига эга бўлгач, «Маҳкамбой ота» МЧБнинг таниқли меъмори Рустам Абдусатторов лойиҳаси асосида барпо этилган ушбу муҳташам бино ҳар томонлама мақбуллиги боис вилоят ҳокимлиги идоралари учун ижарага олинган эди. Ҳозир вилоят ҳокимлиги барча тузилмалар учун бинолар қуриб битириб, ижарага олган иншоотни бўшатгач, «Амина» тиббиёт маркази шу бинода қайта фаолиятини уйғунлаштириб, беморларни даволашни бошлади.

Беморлар учун 70 ўринли, қулайликлар муҳайё қилинган стационар палаталар хизмат кўрсатишга шай. Бу ерда малакали шифокорлар терапия, кардиология, гинекология, физиотерапия бўлимларида жарроҳидан ташқари барча хизматлар кўрсатилади. Лаборатория, рентген, УЗИ мавжуд.

«Амина» тиббиёт марказига таниқли ва тажрибали шифокор Тахмина Баҳодир қизи раҳбарлик қилмоқда. Бу ерда 60дан зиёд шифокор, ҳамширалар беморларга малакали хизмат кўрсатмоқда. Фирдавс Бобохонов, Абдуҳаким Бобошев каби тажрибали шифокорлар ҳам шу ерда беморларни қабул қилади. Беморлар учун ёпиқ бассейн, соғломлаштириш тренажер заллари қўшимча қулайлик сифатида бепул тавсия этилади. – Беморлар «Амина»га даволаниш учун келганида шахсий гувоҳномалари бўлиши шарт. Овқатланиш, дори-дармон, ўрин, сифатли тиббий хизмат ҳаммаси «Амина»да мавжуд, – деди бош шифокор.

PS: Доимий жамоатчи обуначимиз, ушбу бинолар бунёдкори Ғайрат Акешов суҳбат давомида 2015 йили фойдаланишга топширилган «Амина»да мижозларга яна янги қулайликлар жорий этилганлигини маълум қилди. Тадбир муносабати билан ташкил этилган худойи дастурхони устида Рўзимат ҳожи Камолов Қуръон тиловат қилиб, элга тинчлик, аҳолига саломатлик тилади. Акешовлар сулоласининг каттаси, Ғайрат Акешовнинг акаси, Туркистон шаҳрининг ибратли фуқароси ва «Халқ ҳурмати» медаллари соҳиби Мирзахон Маҳкамбой ўғли ҳам шифокорларга муваффақият тилади.

Ш.МАДАЛИЕВ.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы