СИЙРАКЛАШГАН ТЎҚАЙНИНГ ШАРОФАТИ СИРДАРЁ ЭТАГИДАН ОШМАЯПТИ ЁКИ ТУРКИСТОНГА МИКРОИҚЛИМ ШАКЛЛАНТИРИШНИ НИМАДАН БОШЛАШ КЕРАК

599 көрілім

   Туркистон вилояти ташкил этилгандан бошлаб, шаҳарни ривожлантириш борасида мажмуавий лойиҳалар қўлга олинганини биламиз. Шу йўналишда юритилаётган иш суръати юқори. Бу лойиҳалар ичида жанубий минтақадаги энг иссиқ иқлимга кирадиган Туркистон шаҳрида микроиқлим шакллантиришга қаратилган «Яшил белбоғ» лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ў.Шўкеев йил бошида Туркистоннинг иқлимини тубдан ўзгартириш ишлари ҳам режаланаётганлигини айтганди. Шу мақсадда оқим сув масаласини ечиш ишлари юритилаётганлигини ҳамда шаҳар атрофида умумий ҳудуди 7,5 минг гектарни ташкил этадиган «Яшил белбоғ» қуриш лойиҳаси ҳам пухта амалга оширилаётганини эълон қилганди.

Яқинда Туркистон шаҳри ҳокими Рашид Аюповнинг хизматини бошлаганига бир йил тўлишига боғлиқ ҳисобот мақоласи эълон қилинди. Унда бугунги кунда шаҳар ҳудудида 97,9 гектар майдонга «Яшил белбоғ» яратилиб, 3 млн.га яқин дарахт кўчатлари ўтқазилганлигини, шунингдек илгариги дренаж ва ирригация ариқ манбалари қайта аслига келтирилиб, баъзилари янгидан қурилаётганлиги айтилди. Ҳали ҳам олдинда кўп ишлар бор. Экилган дарахтларнинг ўсиши, яшил белбоғнинг кўламини вилоят ҳокими айтган даражага етказиш учун катта меҳнат талаб этилади. Туркистон ҳудудида яшил белбоғ шакллантириш уни оби ҳаёт билан таъминлашга тўлиқ имконият бор. Вилоят марказига оқин сув текказиш учун Туркистон ва Кентов шаҳарлари чегарасидан, Қўшқўрғон қишлоғидан сунъий кўл қуриш, Чўчқакўл ҳудудидан умумий ҳажми 500 млн. куб метр ташкил этадигани сув омборини қуриш ва шаҳар ичидан ўтадиган «Арис-Туркистон» каналига доимий сув юбориш учун Сирдарёдан махсус канал қазиш яқин кунларга режаланган. Агар шу айтилган режалар кўп узамай амалга ошса Туркистон шаҳрида яшил белбоғни қурғатиб олмаслик ва унинг кўламини янада орттириш имконияти пайдо бўлади.

Туркистон шаҳрининг атрофида ушбу кўламдаги ишнинг натижаси микроиқлим шакллантириш нечоғли ўринли. Ёзнинг жазирама иссиғи билан дарахт шоҳини эгиб юборадиган даражадаги довулга шу лойиҳа қўрғон бўла оладими. Сўнгги йиллари шаҳарда пашша, чирков кўпайди. Бу синоатни кўҳна қариялар Сирдарё ўзани бўйидаги қалин тўқайнинг сийраклашиши билан боғлайди. Тўқайда кўплаб учрайдиган томири дардга даво шифо ҳосияти мўл қизилмия ўсимлиги даромадни ўйлаган шахсларнинг дардига айланди. Унга чек қўядиган мутасадди ташкилотларнинг жўяли ишини кўра олмадик. Шу боис, ҳозирги кунда Сирдарё ўзанидан Туркистон шаҳрига яқин атрофдаги шу ўсимликни учратиш қийин бўлиб қолди. Кейинги йилларда қизилмиянинг камайиши билан бирга шаҳарда чирков кўпайди. Тўқай кўлами ҳам камайди. Мустақилликнинг дастлабки йиллари Сирдарё ўзани бўйидаги ўрмон ҳудудининг асосий қисми аҳолининг қишки ўтинига сарфланди. Фойда кўзлаган пухталар табиатнинг мувозанатини бузиб унга аёвсиз зарар келтирди. Шу атрофдаги аҳолининг қўлидан жафо чеккан ўрмонли ҳудуд бугунги кунда офтоб ҳароратини босишга чамаси етмай ожизлик кўрсатмоқда. Ўтин сотиш бутунлай йўқ бўлиб кетмагани билан ҳам анча қисқарди. Бугунги кунда сийрак тўқайнинг шарофати дарё ёқасидан нари оша олмаяпти. Шу боис, Туркистонда қулай оби ҳаво шакллантириш ишини теран таҳлил қилиб, аввало Сирдарё бўйидаги тўқайни аслига келтиришни маъқул деб санаймиз.

Малик ЖУМАХАНУЛИ.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы