Ватан оиладан бошланади. Элимизда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тегишли йўналиш бериш юксак савияда юритилмоқда. Шу ўринда Республика кўламида «Ёш оила» – OTAU FEST танлови ўтганди. Илк марта ўтказилган ёш оилалар онлайн фестивали элимизнинг 14 минтақаси ва республика даражасидаги уч шаҳарни қамраган. Жаҳонни пандемия қоплаган пайтда халқимиз қийин паллани бошдан кечиб, хатарли вирус билан ҳали ҳам курашиб келади. Шундай паллада ёш оилаларга моддий ва маънавий қўллов кўрсатиш тўғри қарор.
Фестивалнинг асосий мақсади – оилавий қадриятларни жонлантириш. Ушбу фестивалга Туркистон вилоятидан 16 номзод омадларини синаб шулардан 3 оила ғолиб деб топилди.
Жамоат тотувлиги ахборот ва информатика вазирлиги ташкил этган танлов давомида иштирокчи оилалар учун қизиқарли мастер класлар ва семинарлар ўтказилиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги тажрибали мутахассисларнинг бепул маслаҳатлари тингланиб, таниқли блогерлар билан очиқ суҳбат форматида мулоқот юритилиб, эстрада юлдузлари бевосита эфирда санъатларини намойиш этди.
Бош ҳомийларнинг бири «Өркен» жамоат жамғармаси раисаси Нура Есениязованинг таъкидлашича танлов ўта юксак даражада ўтган.
– Танловнинг асосий мақсади оила қадриятларини сақлаш ва тарғиб қилиш. Танловга 29 ёшгача оила-аъзолари иштирок этди. Бугун биз Туркистон вилоятидан иштирок этган 16 оиладан ғалабага эришган 3 ғолиб оилани тақдирлаймиз. Онлайн тартибда ўтган танловнинг қоидаси бўйича ёш оилалар видеотасма йўллаб, ўз оилаларининг хусусиятларини намойиш этиши лозим эди. Яъни, уларнинг оилавий тижорати, хонадонида кўпфарзанд тарбиялаши ёки кексалари бор оила бўлиши мумкин. Махсус тузилган комиссия энг пешқадамларни аниқлади,-деди Нура Есениязова.
Танлов якуни бўйича биринчи ўринни Туркистон шаҳридан иштирок этган Ўйсановлар оиласи енгиб олди. Оилада 2 ўғил фарзанд тарбиялаётган туркистонлик ибратли оила соҳиблари Нурсултан Ўйсанов билан умр йўлдоши Еркеайим Мўлдабекова ғолиб бўлиб омадлари чопди. Қазиғурт туманидан иштирок этган Алтаевлар оиласи иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин Сайрам туманидан келган ёш оила – Байпановларга насиб этди. Вилоят ҳокимлигида мукофотлаш маросими ўтиб «Ёш оила» – OTAU FEST танлови ғолиблари бўлган уч оилага 100 минг тенге сертификати тақдим этилди. Ёш оила соҳиблари бу сертификат орқали «Технодом» савдо уйидан ўзларига зарур маиший техника маҳсулотларини харид қила олади. Бундай танловлар келажакда ҳам давом этиб, ёш оилаларга қўллов ва ҳурмат кўрсатилади деган ишончдамиз.
Лаззат САРИБАЕВА.