ОТАХОН ГАЗЕТА – 90 ЕШДА

577 көрілім

Кўҳна шаҳарнинг отахон нашри – “Түркістан” газетасининг илк сони чиққанига бу йил 90 йил тўлаяпти. Ўтган асрнинг бошларида, яъни 1930 йили 4 октябрда “Қызыл Түркістан” деган ном ёруғ кўрган газета замона оқими билан бир вақтлари “Коммунистік еңбек” деб номланса, ҳозир “Түркістан” номи билан муштарийларнинг севимли нашрига айланди. 90 ёш. Тарих тарозисига солсангиз ҳам, инсон ҳаёти билан ўлчасангиз ҳам оз вақт эмас, асрга яқин. Шу оралиқда тарихнинг ёрқин гувоҳи бўлган нашр қандай сўқмоқли йўллардан ўтмади дейсиз. 30 йиллардаги қийин-қистов даврда катта йўлга қадам босган нашр 37 йилнинг зулмати, 1941-1945 йиллардаги уруш майдони, урушдан кейинги халқ хўжалигини аслига келтиришни, ўткинчи даврни, қайта қуришни, барча-барчасини халқ овози билан боғлаб, тошга ўйиб ёзди, муштарийларга етказди. Мустақилликка эришгандан буён эл тарихи ҳам “Түркістан” нинг сарғайган саҳифаларида яққол акс этди. Шаҳарнинг тарихини, ўсиб ривожланиш даврларидаги янгиликларнинг жарчиси бўлди, эл тақдирига аралашди. Газета вақтида Туркистон туманигина эмас, Сўзоқ, Алғабас, Қизилқум туманларига тарқаб, уларнинг турмуш одимини ёзганини ҳам сарғайган газета саҳифаларидан биламиз.

Элимиз Мустақилликка эришгандан буён газетанинг мазмун сифати ҳам ўзгарди. Халқимизнинг урф-одатини, қадриятларини, дини ва тилини қайта тиклашган, ёшларимизни иймонлик руҳда тарбиялашга ҳисса қўша бошлади. “Түркістан” газетасидан анчагина қалам соҳиблари мўл тажриба тўплаб бошқа ишга алмашди. Улар Республика, вилоят нашрларида самарали меҳнат этиб келмоқда. Эндиликда 1930 йилдан бошланган 90 йиллик тарихи бўлган нашрни бошқарган муҳаррирлар ҳақида қисқача баён этишни лозим топдик.

Шундай қилиб “ Қызыл Түркістан” газетасининг 1930-1932 йиллардаги илк муҳаррири Жахан Сиздиқов бўлди. Биринчи редактор – муҳаррир Жахан Сиздиқовнинг “Коммунистік еңбек” газетасининг 1974 йилги 19 февралда чоп этилган эсдалигидан: “Мен Туркистон шуҳратини болалигимдан эшитар эдим. Бизнинг Сариарқанинг қариялари: “Туркистонга бордик”. Халқи инсофли – иймонли экан, ажойиб қизиқларни томоша қилдик”, – деб оғзидан суви оқарди. Биз бу сўзларни иштиёқ билан тинглаб Туркистонни кўришни орзу қилардик. Бора-бора ўша Туркистонни бир неча марта кўриб элини ҳам ерини ҳам ораладим. Ҳатто, 1930-1932 йиллари ушбу шаҳарда фаолият юритишимга тўғри келди. Мени Қозоғистон ўлка партия қўмитаси Туркистонда чиқадиган “ Қызыл Түркістан” газетасига муҳаррир этиб юборди.

Туркистонга келишимданоқ катта масъулиятли ишларни зиммамга юклади. Газета биринчи кундан бошлаб янгиликнинг жарчиси, партиянинг ёрдамчиси бўла олди. Янгидан қурилган колхозларни кучайтириш, пахтазорни кенгайтириш, Ачисай ишлаб чиқаришни илгарилатиш, Шаулдир қурилишини кучайтириш, сув масаласини рисоладагидек ҳал этиш, чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқдаги эски урф-одатларга қарши курашиш сингари ишларни газета саҳифасида вақтли чоп этиб бордик. Ўша масъул ишларни барча куч-ғайратим билан бажардим. Кўзимиз билан кўриб, қўлимиз билан ишладик. “Шорнақ” деб номланадиган аҳоли манзилига талай маротаба бордик. Қадим Қаратоғ этакларидан Сирдарёгача давом этадиган ажойиботларнинг барчасини оралаб,баҳоли қудрат  хизмат қилдим.

1932-1935 йиллари “ Қызыл Түркістан” газетасини Алибек Есқараев бошқарди. Арис туманидаги Байирқум қишлоғида туғилган. 1931-1932 йиллари – Шимкент шаҳар комсомол қўмитасининг котиби, “Оңтүстік Қазақстан” газетасининг бўлим мудири, 1932-1935 йиллари “ Қызыл Түркістан”  газетасининг редактори ҳамда туманлараро партия маслаҳат мактабининг директори (Туркистон шаҳри). 1935-1937 йиллари – Маслаҳат туман комсомол қўмитасининг котиби, туман “Ленин йўли” газетасининг редактори хизматларини адо этган.

“ Қызыл Түркістан”  газетасининг 1934-1937 йиллардаги редактори Абдирашид Бердаулетов бўлди. У 1987 йили Қизилўрда вилояти, Жалағаш туманидаги оддий оилада дунёга келган. 1929 йилдан партия аъзоси, олий маълумотли, мутахассислиги  ўқитувчи. Меҳнат фаолиятини 1925 йилдан бошлаган. 1929-1931 йиллари Қизилўрда вилояти, Теренгўзек туман ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, кейинчалик Қармақши туман партия қўмитасида ташкилий кўпчилик иши бўлимининг мудири хизматларини бажарган. 1931-1934 йиллари Алмати шаҳридаги партия мактабида ўқиб, таҳсил олган. Кейинчалик Кўкчатов тумани газетасининг масъул муҳаррири бўлган.

1934 йилнинг 21 октябрь ойида Қозоқ ўлка қўмитасининг 164 йўлланмаси билан Шимкент вилоят партия қўмитаси бюросининг қарори билан Абдурашид Бердаулетов Туркистон туман “ Қызыл Түркістан” газетасининг муҳаррири этиб тайинланган “Қозоғистоннинг 15 йиллиги” белгисининг соҳиби, Туркистон туман партия қўмитаси бюросининг аъзоси, газета муҳаррири Абдурашид Бердаулетов 1937 йилнинг 15 майида Шимкент вилоят партия қўмитасининг III – чи конференциясида бир овоздан делегат бўлиб сайланган. Вақтида халқимизнинг арбоблари Сакен Сейфуллин, Бейимбет Майлин, Иляс Жансугиров, Асқар Тўқмағанбетов каби зиёли жамоа вакиллари билан ижодий, хизмат бобида алоқада бўлган туман “ Қызыл Түркістан” газетасининг редактори Абдирашид Бердаулетовга тўсатдан туҳмат қилиб,у 1937 йилнинг ноябрь ойида ҳибсга олинади. Абдирашид Бердаулетов Қозоқ Кенгаши Социалистик Республикаси Олий судининг 1967 йили февраль ойининг 1 санасидаги Қарори билан тўлиқ оқланади.

“ Қызыл Түркістан”  газетасининг эса 1955-1959 йиллардаги муҳаррилик хизматини Абдужаббар Абдусаттаров бажарди. Унинг “Коммунистік еңбек” газетасининг 1974  йилги 19 февраль куни сонидаги эсдалигида бундай дейилган: “Ўтган асрнинг 30-чи йиллари нашр этилган “ Қызыл Түркістан”  газетасига журналист сифатида қабулландим. Бу менинг муҳаррирлик даражасига эришишимга улкан таъсирини текказган эди. Туман газетаси Улуғ Ватан уруши йилларида меҳнаткашларни душманини ер билан яксон қилишга сафарбар этишда, урушдан зардоб чеккан шаҳарлар ва қишлоқларни қайта аслига келтириш даврида, колхозни, қишлоқни қайта тиклашда тарғибот тарбия ишларини фаоллик билан олиб борди. Лекин, қийинчиликларни ҳам бошдан кечирди. Масалан, қоғознинг етишмовчилигидан газета кичик форматда ҳафтасига бир-икки марта ёруғ кўриб турди. Адади 800-1000 дан ошмаган эди. Қоғознинг етишмовчилиги шунчалик, эски газеталарни сут билан оқартириб, уни кептириб шунга муаллифлардан, мухбирлардан тушган мақолаларни ёзар эдик”,-деб айтган эди.

 Турабай Мирзахметов бу исм туркистонликларга яхши таниш. У “ Қызыл Түркістан” газетасининг 1954, 1959-1985 йиллардаги муҳаррири бўлди. Қозоқ ССР-да хизмат кўрсатган маданият арбоби, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси. Муҳаррир Турабай Мирзахметовнинг “Түркістан” газетасининг 2005 йилги 26 августидаги сонида ёзган мақоласидан: “Муҳаррирлик хизматни 1954 йили қабуллаб, 1955 йили Москвадаги Олий партия мактабига ўқишга тушгунга қадар хизмат қилдим. Мендан кейин туман газетасининг муҳаррирлигига бурун муҳаррир бўлиб ишлаган, Республика партия мактабини тамомлаган Абдужаббор Абдусатторов тайинланди.

“Оңтүстік Қазақстан” газетасида масъул котиб бўлиб ишлаб юрган чоғимда вилоят партия қўмитаси 1959 йилнинг охирида “ Қызыл Түркістан” газетасига редактор этиб юборди. У вақтда туман газетаси қозоқ, ўзбек тилларида ҳафтасига 5 марта 4 саҳифа бўлиб чиқарди. 1960 йилдан бошлаб газета ҳафтасига 3 марта чиқадиган бўлди. 1962 йилдан бошлаб газетанинг номи ўзгарди. Газета “Қызыл Түркістан” ўрнига “Коммунистік еңбек” бўлиб чиқди”,- деб ёзилган.

“Түркістан” газетасининг 1985-1993 йиллар оралиғидаги муҳаррири Ҳамидулла Кўпбаев бўлди. Ҳамидулла Кўпбаев “Түркістан” газетасининг 2000 йилги 26 июнь сонидаги эсдалигидан: “Туркистон туман “Коммунистік еңбек” (ҳозирги “Түркістан” ) газетасига хизматга келганимда эндигина 4 саҳифа бўлиб чиққан экан. Газета муҳаррири А.Абдусатторов партия, кенгаш ишида ҳамда матбуотда кўп йил ишлаб тажриба тўплаган қозоқ, ўзбек тилларида ҳам ўқиб, ҳам ёза оладиган моҳир журналист эди. Ходимларга қатъий талаб қўйиш билан бирга инсонийлик ғамхўрлиги мўл инсон эди. Москвадаги олий партия мактабини тамомлаган, шу вақтда “Оңтүстік Қазақстан”  газетасининг масъул котиби бўлиб ишлаб юрган Турабай Мирзахметов бизнинг газетага муҳаррир бўлиб келиши, талабнинг кучайиб, иш сифатининг ортишига ижобий таъсирини текказди.

Алмати Олий партия мактабини тамомлагандан кейин 14 йилга яқин туман партия қўмитасида ишлашга тўғри келди. Унда ўзим фаолият юритган туман газетасидан алоқамни узоқ узган эмасман. Бир куни туман партия қўмитасининг биринчи котиби М.Исақов чақириб, туман газетасига муҳаррирлик ишга боришим бўйича келишимимни сўради. Мана, шундай қилиб ўз тақдиримни туман газетаси билан қайта боғлашга тўғри келди. Шу йиллари газета уч тилда қозоқ, ўзбек, рус тилларида ёруғ кўрди. Мана шу тарзда Кенгаш Иттифоқидаги уч тилда баравар чиқадиган ягона газета Туркистон туман, шаҳар “Коммунистік еңбек” газетаси бўлди. Замон талабига қараб, газетамизнинг номи ҳам бугунги талабга мос бўлмай қолди, уни ўзгартириш масаласи турди. Ўз жамоамиз билан маслаҳатлашган ҳолда   “Түркістан” деб ном беришни юқорига таклиф билдириб, шундай қилиб “Түркістан”  номи билан чиқа бошлади”,- деб ёзади.

1993-1998 йиллар оралиғида “Түркістан” газетасини Сирим Дағмирза бошқарди. Дастлабкида туман “Коммунистік еңбек” газетасида хизмат йўлини бошлаб мазкур газетада бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, Туркистон шаҳрининг 1500 йиллик тўйига тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича ишларни Республика миқёсига тарғиб қилиш мақсадида Республика “Егемен Қазақстан” газетасида Туркистон-Кентов шаҳарлари бўйича махсус мухбири бўлиб хизмат бажарди.

Шундан кейин 1998-2013 йиллар оралиғида Туркистон газетасининг муҳаррирлигига Балтабай Нуржанов тайинланади. Балтабай Нуржановнинг ҳаёт йўли “Түркістан”  газетаси билан чамбарчас боғлиқ. Мактабда ўқиб юрган даврлардаёқ газетага мақолалар ёзиб, танилиб улгурган уни бурунги муҳаррир Турабай Мирзахметов газетада хизмат қилишга чақириб олди. “Интилганга толе ёр” деганларидек у ўз ишини сидқидилдан хизмат қилди. Шу йили журналистика факультетини тамомлаган Сирим Дағмирза маданият ва хатлар бўлимининг мудири бўлиб ишласа, фото мухбир бўлиб Нурали Дуйсекей меҳнат қила бошлади. У вақтда газета икки тилда қозоқ, ўзбек тилларида чиқар эди. Кейин эса оз вақт рус тилида ҳам чиқа бошлади. Дастлабкида мусаҳҳиҳ бўлиб қабулланган Балтабай Нуржанов қалами чархланиб мухбир, бўлим мудири, масъул котиб, мухаррирнинг биринчи ўринбосари, муҳаррир бўлиб хизмат бажарди. “Түркістан”  газетасининг 75 йиллик таваллуд тўйи Балтабай Нуржановнинг раҳбарлигида Республика миқёсида юқори даражада ташкил этилди.

2013-2017 йиллар оралиғида Асан Ўспанов “Түркістан” газетасига муҳаррирлик қилди. Асан Ўспан маҳаллий нашрда 40 йилдан зиёд меҳнат қилди. У 1970 йили шу вақтдаги шаҳар “Коммунистік еңбек” мусаҳҳиҳ бўлишдан бошлаб газетанинг барча соҳасидан чарҳланиб ўтган. “Түркістан”  газетасида мухбир, бўлим мудири, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, Турон-Туркистон телевидениесининг бош муҳаррири хизматини обрў билан бажаргани барчамизга маълум.

2013 йилнинг декабрь ойидан “Түркістан, Туркистон” газеталарининг директор-муҳаррири хизматига тайинланди. Меҳнат йўлидаги ҳаётий тажрибаси ахборот майдонидаги сон-алвон шаҳардаги бўлаётган янгиликларни ўз вақтида шаҳар аҳолисига етказишда самарали меҳнат қилди.

PS:

“Түркістан”  газетаси – ўзига хос тарихи  бўлган, йўналиши аниқ, муштарийи шаклланган отахон нашрлардан бири. Бугунда газетанинг формати ўзгариб, мазмуни бойиб муштарийлар билан дийдор кўришиб келаётган, Туркистоннинг шажарасини ёзиб келаётган отахон газета. Газета жамоаси оддий халқнинг эҳтиёжини қондириб, уларнинг ижтимоий масалаларини дадил кўтариб келмоқда. Натижада газетанинг йил сайин муштарийлари ортиб, таҳририят жамоаси 90 йиллик тўйини ёруғ юз билан қарши олмоқда.

Қуаниш ТАСИБАЕВ.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы