Туркистон шаҳридаги Ҳазрат Яссавий мақбарасига зиёратни ният этиб қадам қўйган ҳар бир инсон Осиё минтақасидаги энг улкан гумбаз остида жойлашган Қозонлиқ хонасидаги асосий экспонат – улкан дошқозонни ҳайратланиб, томоша қилади. Ўзининг эзгу орзу ниятлари рўёбга ошишини Яратган Эгамдан илтижо қилиб дошқозон ёнидаги қутига назр эҳсонини ташлайди. Ҳозирги ёш авлод учун бу узоқ йиллардан буён узлуксиз давом этиб келаётгандек туюлади. Лекин, аслида ундай эмас… Дошқозон дарбадарликка маҳкум этилгани, уни ўз жойига қайтариш мақсадидаги елиб-югуришлар, фақат иродали инсонларнинг қатъий сабот-матонати туфайли бу ажойиб санъат намунаси халқ мулкига айланганини мазкур мақолада тафсилотлар ва янги қирралар нуқтаи назаридан баён этишни лозим топдик.
Мозийдан маълумотлар…
Улкан дошқозон Туркистондан 25 чақирим масофада жойлашган Қарноқ қишлоғида 1393-1399 йиллари уста Абдул Азиз Табризий томонидан ҳукмдор Амур Темурнинг буйруғига биноан қуйилиб, Ҳазрат Яссавий мақбарасига туҳфа қилинган. 14 асрда урф бўлган санъат асарига кимнинг буйруғи асосида қайси уста тайёрлагани хусусида маълумотлар битиш қозон мисолида ҳам ўз ифодасини топди. Дошқозоннинг айланасига битилган жимжимадор кўҳна ёзувлар ушбу санъат намунаси Ҳазрат Яссавий мақбараси учун Амир Темурдан туҳфа эканлиги, уни 1399 йили табризлик уста Абдул Азиз Шарафуддин ясаганлигини билдиради. Қуйи қисмдаги ёзув «Аллоҳу акбар» такбири билан якунланади. Дошқозоннинг донғи Қозоғистон ошиб Россия пойтахти – Москвага ҳам етиб боради. Собиқ Иттифоқ даврида пойтахт шаҳар Москванинг «Оқ дегани олқиш, қора дегани қарғиш» ҳисобланган. 1935 йили Москвада Эрон маданияти кунлари ўтказилиши муносабати билан рус тадқиқотчи шарқшунос олимларига кўпдан кўз тикиб юрган дошқозонни Россия пойтахтига олиб кетиш учун қулай баҳона топилади. 1935 йили 25 июль куни 536 йил Ҳазрат Яссавий мақбарасида савлат тўкиб турган дошқозонни Москва буйруғига биноан жойидан қўзғатадилар. Уни аравага юклаб, Туркистон станциясига олиб келишади. Йўл-йўлакай дошқозоннинг иккита қулоғини синдиришга ҳам улгуришади. Ўша кезларда дошқозон олиб кетилишининг шоҳиди бўлганларнинг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли арава ортидан йиғлаб станциягача борган. Станцияда темирйўл вагонига юклаш чоғида ҳам тумонат халойиқ тўпланган. Кейин маълум бўлишича халқ бежиз йиғламаган экан. «Вақтинча …» деб олиб кетилган дошқозон шу куйи ўз жойига қайтарилмайди. Ҳазрат Яссавий мақбарасидаги ноёб экспонат Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳридаги донгдор Эрмитаж музейига қўйилади.
Унинг исми Эркин эди…
1935 йил ҳам тарих саҳифасидан жой олиб бир неча йиллардан сўнг Улуғ Ватан уруши бошланади. Уруш ҳам тугаб юрт эркин нафас олади. 1946 йил биринчи ойининг биринчи санасида Туркистондаги оддий ҳисобчи – хизматчи Искандар ака ва Бибинисо ая хонадонида тўнғич фарзанд дунёга келади. Ота-онаси яхши умидлар билан тўнғич фарзандлари эркин қушдек парвоз этиб, элу юртга хизмат қилсин, деган мақсадда чақалоққа Эркин деб исм қўйишади. Искандар ота дунё ташвишларидан бехабар ухлаб ётган гўдак ўғли ўсиб-улғайиб вақти соати келиб 43 йилдан сўнг табаррук Туркистон шаҳрига раҳбар бўлиши, ободончилик борасида кўп хизматлари билан элга танилиши ҳамда дарбадарликка маҳкум этилган дошқозонни ўз маконига қайтаришдек машаққатли ва масъулиятли ишга бош-қош бўлишидан бехабар эди. Туркистонликлар эса дошқозоннинг қайтиб келишидан умидларини узиб, тақдирга тан беришган, уддабуронлари эса Ленинграддаги Эрмитажга бориб бўлса ҳам дошқозонни зиёрат қилишга муваффақ бўлишганди.
Ҳаракатда – баракат…
Дошқозонни Туркистонга қайтариш борасида асосий ҳаракатлар ўтган асрнинг саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Ҳали коммунистик партия ўз кучида, дошқозонни қайтариш тўғрисидаги оддий гап-сўзнинг ўзи «эскича диний сарқит» дунёқарашга мойиллик сифатида баҳоланиб, бу ишга жазм этган раҳбар, яъни партия аъзосини жазолашлари турган гап эди. Туркистон шаҳар ижроия қўмитаси раиси Эркин Искандар ўғли ғайрат камарини боғлаб, шу ишга жазм этди. Дастлаб Москвага халқ номидан мактублар йўлланди. СССР Маданият вазирлигига ҳам мурожаат этилди. 1988 йили Туркистон шаҳар халқ депутатлари кенгашининг 30 сентябрда ўтган сессиясида дошқозонни ўз ватанига қайтариш тўғрисида қарор қабулланди. Э. Жўрабеков ушбу қарор асосида Совет Иттифоқи қаҳрамони Расул Исетов ҳамда ўша пайтда Туркистондан Қозоғистон Олий кенгашига депутат бўлиб сайланган Рўза Пирмашева ва Лидия Андаровалардан иборат делегацияга бош бўлиб, яна Москвага отланади. Ўша пайтдаги СССР Маданият вазири Захаровнинг иш кабинетидаги дошқозонни қайтариш тўғрисидаги мурожаат охирида ҳанаки сўз жангига айланади. Захаров Э. Жўрабековга қарата «Эрмитаж музейи тарихида ҳали биронта экспонат ташқарига олиб чиқилмаган. Тушингни сувга айт, ўртоқ Жўрабеков» деб қичқиради. Лекин, халқ талаби билан ҳақ ишга бел боғлаган Э. Жўрабеков ҳам бўш келмай, мантиққа асосланган мулоҳазасини баён этади. «Ўртоқ Захаров. Мени тўғри тушунишингизни истайман. Туркистонда ҳам Эрмитаж каби музей бор. Дошқозон унинг асосий экспонати. Ҳозир ўрнида йўқ. Дошқозон ўрнига «Ленинграддаги Эрмитажга олиб кетилган» деган ёзув турибди холос. Сиз ўзингизни бизнинг ўрнимизга қўйиб кўринг. Ҳозир биз Кремль ёнидаги рус халқининг тарихий мероси Царь –Пушкани Туркистонга олиб кетиб ўрнига «Царь-Пушка находится в Туркестанском музее» деб ёзиб қўйсак, ўринли бўладими…? Вазир Захаренко бу мантиқий гапларга жавоб қайтаролмай столни муштлади… Захаренко қабулидан сўнг СССР Олий Кенгаши Президиумига, сўнг, Ленинграддаги Эрмитаж музейига қилинган ташрифлар ҳам натижа бермади. Алматидаги машҳур ёзувчи Ўлжас Сулейменов, жамоат арбоби Ўзбекали Жанибековларга мурожаат этилди. КПСС марказий қўмитаси, СССР Олий Кенгаши, СССР Вазирлар маҳкамасига ҳам ўнлаб телеграммалар бирин-кетин жўнатилди. Пировардида тошга айланган муз эриди. 1989 йили 4 июлда СССР Маданият Вазири Захаров 283-сонли буйруққа имзо чекишга мажбур бўлди. «О передаче экспоната – бронзового котла из Государственного Эрмитажа Туркестанскому Республиканскому музею» деб номланган буйруқ олис ва машаққатли ишнинг тўғри ҳал қилинганлиги самараси эди. Лекин… Б. Пиотровский раҳбарлигидаги Эрмитаждаги Илмий Кенгаш дошқозонни қайтаришга розилик бермай, яна оёқ тираб туриб олишди. Яна бир ой муддатга чўзилган асаббузарликлар, музо- каралардан сўнг дошқозон тақдири узил-кесил ҳал бўлди. 1989 йили 12 сентябрь куни Туркистондан борган Эркин Жўрабеков раҳбарлигидаги делегация – Абдусодиқ Абдураззоқов, Мусо Абдуқодиров, Дадажон Жамолов ва яна бошқалар дошқозонни Эрмитажнинг қуйи қаватидан махсус кран ёрдамида чиқариб автомашинага юклаб Туркистонга йўл олишди. Э.Жўрабеков кейинчалик шу ҳаяжонли дамларни эслаб ҳикоя қилади: – Дошқозонни «Камаз»га ортиб, автомашина йўлга отлангач, Эрмитаж ёнидаги кўча чеккасига ўтириб ҳаяжондан кўзимга ёш олиб… йиғладим. Бу – минглаган туркистонликларнинг, оддий инсонларнинг мунги, юзлаб фидойиларнинг меҳнати, одил орзуси ушалгани қувончи эди…. Дошқозонни Туркистонда ўз тарихий жойига ўрнатиш маросими ҳақиқий халқ байрамига айланди. 1935 йилгидан фарқли ўлароқ халқ қувончдан йиғлади. 102 ёшдаги мўйсафид отахон автомашинадан кран ёрдамида Туркистон заминига қўйилган дошқозонга яқинлашиб келди ва қўлидаги бир даста пул – 1000 рубльни суюнчи сифатида қозонга ташлади. «Ўлимлигимга йиғиб қўйган пулим эди. Табаррук қозонни кўриб, тавоб этиш насиб этадими йўқми … деб Худодан илтижо қилардим. Мана насиб этди»… Кейинчалик эса дошқозонга назрэҳсон ташлаш русум бўлиб кетди. Мен мухбир сифатида кейинчалик Туркия, Ўзбекистон ҳамда ўзимизнинг Қозоғистон давлати раҳбарлари Яссавий мақбарасига расмий ташрифи чоғида дошқозонга назрэҳсонларини ташлаб, ичдан ниятларини изҳор этганининг гувоҳи бўлганман. Лекин, кейинчалик … дошқозонни эҳтиёт чоралари бўйича юза қисмини ёпиб назр эҳсон қилувчилар учун махсус қутилар қўйилди. Таъкидлаш жоиз, бу улуғ ишга жуда кўп туркистонликлар ўз ҳиссаларини қўшишган. Уларнинг барчасини номма-ном атаб ўтиш қийин. Шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Баҳодир Ирисметов ҳам дошқозоннинг қайтарилиши борасида ўз хотираларини ўртоқлашди. Дошқозон Ленинграддаги Эрмитаждан олиб чиқилгач, Россия Ҳукумати махсус фармон чиқариб, эндиликда биронта экспонат Эрмитаж жамғармасидан чиқарилмаслигини маълум қилди. Эркин Жўрабековнинг режаларига кўра, Яссавий мақбарасидан олиб кетилган ва қайтарилмаган яна иккита муҳим экспонат чироғдонларни ҳам қайтариш нияти бор эди. Лекин, бевақт ўлим бу режалар ижросига йўл бермади. Шу улуғ ишга ҳисса қўшган жуда кўп инсонларнинг ҳаётига барокат, дунёдан ўтганлар, хусусан, Эркин Жўрабековнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин. Бу йил дошқозоннинг қуйилганига 621 йил, тарихий жойига қайтарилганига эса 31 йил тўлмоқда…
Ш. МАДАЛИЕВ.
