Таниқли тадбиркор Ғайрат Акешов бунёд этган «Ибн Сино» тиббиёт маркази директор-бош шифокори Муслим Шарипов (суратда) билан Тиббиёт ходимлари куни арафасида суҳбатлашган эдим.
– Муслим Юнусали ўғли, суҳбатимиз аввалида ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.
– 1978 йили таваллуд топдим. Муҳтарам Элбошимиз, Тўнғич Президентимиз Н.Назарбаев ташаббуси билан очилган Туркистондаги Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг «Даволаш иши» факультетини 2001 йили имтиёзли диплом билан тамомлагандан кейин Шимкент шаҳридаги ХҚТУ клиникаси, вилоят эндокринология диспансери, Туркистонда шифокор эндокринолог, «Талғат» клиникасида эндокринология бўлими мудири бўлиб ишладим. В.Бехтерев медали билан тақдирланганман. Умр йўлдошим Мунира Убаева ҳам шифокор. Комрон, Даврон, Достон исмли фарзандларимиз бор.
– Туркистондаги кўпчилик инсонлар асосан даволаниш учун сиз раҳбарлик қилаётган тиббиёт марказига мурожаат этишади. Сабаби нимада?
– Эндокринология соҳаси мутахассислари етарли. Лекин, муолажа, дори-дармон тайинлашда ҳар бир бемор организми хусусиятлари, ўзгачаликлари албатта инобатга олиниши даркор. Иккинчидан, шифокор ширин сўзи билан ҳам даволай билиши керак. Беморнинг дарддан фориғ бўлиши 60-70 фоиз ўзига боғлиқ. Шифокор эса бемордаги шу ички даволаш жараёнини ҳаракатга келтира олиши шарт.
Мен «Ибн Сино»да ҳамкасбларим билан жорий этган қатъий тартиб – ҳар бир шифокор ва ҳамширанинг бемор билан ўта хушмуомала бўлишидир. Ҳамкасбларимиз Мўътабар Шерметова, Расул Йўлдибоев, Дониёр Абишев, Баҳром Шарипов, Акмал Набиев, Ҳамдам Сапаевлар тиббиёт маркази муваффақияти асосчиларидан. Терапия, эндокринология, неврология, кардиология, гастроэнтрология бўлимларида энг кўп учрайдиган 30га яқин хасталикни марказда даволаймиз. Уч қаватли бино тўла қувватда ишлашимизга торлик қилаётгани боис, стоматология бўлими бошқа жойда фаолият юритади.
– Вилоят марказидаги гавжум шифохона сифатида қандай янгиликларингиз бор?
– Давлат томонидан молиялаштириладиган 20 ўринли кундузги стационар фаолият юритаётганини фахр билан таъкидламоқчиман. Келажакда эса аввалги, янгидан қурилган ва барча тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган бинога кўчиб ўтамиз, деб ўйлайман.
– Саломатлик – туман бойлик. Шу йўлда сизларга омад ёр бўлсин!
Рўзиохун МАДАЛИЕВ.
