ТУРКИСТОНДАН МАҚТААРАЛГА МАДАД КАРВОНИ

680 көрілім

Моҳи Рамазон ойида сув тошқинидан зарар кўрган мақтаараллик муҳтож оилаларга шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси ташкилотчилигида 10 миллион тенгелик озиқ-овқат ва рўзғор буюмлари жўнатилди.

   Тадбиркор Баҳодир Ирсметов раҳбарлик қилаётган Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси бошқарувининг ташаббуси билан мақтааралликларга мадад кўрсатиш мақсадида фаоллардан Шокир Султонқулов, Қобил Тошметов етакчилигида махсус комиссия тузилиб, бир неча кун Туркистондаги барча тадбиркор ва ҳимматли инсонлар билан тиғиз иш олиб борилди. Доимий обуначиларимиз – Тойир Абдувалиев, Замир Муҳаммаджонов, Худойберган Холметов, Дадахон Жалилов, Қаҳрамон Ирисбеков, Қутлуғ Ваҳобов, Райимжон Қўчқоров, Муҳаббат Ибрагимова, Мукаррам Ёқубова, Иқбол Абишев ва яна кўплаб саховатли инсонлар иштирокида қисқа муддатда зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан: ун, ёғ, гуруч, қанд, макарон, кийим-кечакнинг барча турлари, пойафзал, матрас, каравот, идишлар, кўрпа-тўшак ва ҳоказо  зарур буюм ва маҳсулотлар жамланди.

   Бир ўзгачалиги – ёрдам ташкил этиш комиссияси саъй-ҳаракатлари билан аввал Мақтаарал тумани билан алоқа ўрнатиб, қандай нарсаларга эҳтиёж сезилаётганлиги аниқланди, сўнг шу асосда иш юритилди. Ҳимматли туркистонлик тадбиркор ва зиёлилар бири пул, бири маҳсулот билан, яна бири маҳсулотни арзон баҳода бериш билан хайрли ишга муносиб ҳисса қўшди.

   8 май куни эрталаб Туркистон шаҳри марказидаги «Олтин ўрда» автовокзали ҳовлисида ҳайдовчи Муҳиддин Тожибоевнинг 30 тоннали автомашинаси юқорида айтилган маҳсулотлар билан лиқ тўлди. Автокарвонни кузатишга бағишланган «Биз биргамиз!» тадбирида Туркистон шаҳрининг фахрий фуқаролари – вилоят оқсоқоллар кенгаши раиси Жарилқасин Азретбергенов, шаҳар ижтимоий тотувлик кенгаши раиси Аскер Абдиқадиров, Чўрноқ қишлоғи оқсоқоллар кенгаши раиси Тиловберган Худойберганов, шаҳар ўзбек этномаданият маркази қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Тўлқин Саидмуродов, таниқли тадбиркорлар Қутлуғ Ваҳобов, Муҳаббат Ибрагимовалар самимий ният-истакларини изҳор этиб, карвонга оқ йўл тилашди. Фаол фахрийлардан Ҳалил Ҳабибуллаев, Хайрулла Жумадуллаев, Қаҳҳор Мусаев, Рўзмат Содиқовлар фотиҳа беришди.

   Мақтаарал туманига ўз вақтида етиб борган хайрия мадади автокарвонини “Nur Otan” партияси вилоят бўлими раисининг биринчи ўринбосари Бейсен Тажибаев раҳбарлигида масъул вакиллар кутиб олишди. Туркистон делегацияси аъзолари Мақтааралдаги сув тошқинининг мудҳиш оқибатларини ўз кўзлари билан кўриб, муҳтожларга ўз вақтида ёрдам кўрсата олганларидан чуқур қониқиш ҳосил қилдилар. Беғараз кўмаги ва яхши ниятлари учун мақтааралликлар уларга такрор-такрор раҳматларини айтишди.

   P.S. Шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси офисида анъанавий 2020 йилнинг иккинчи ярмига «Туркистон»га обунани уюшқоқли ташкил этиш юзасидан акцияни май ойи мобайнида ўтказишга келишилди. Обунада тадбиркорлар, нафақадорлар, давлат муассасалари, мактаблар, боғчалар, коллежлар ва соғликни сақлаш ташкилотлари – барчамиз фаол бўлайлик!

Р.ШОМИРЗА ўғли.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы