Буюк Ғалабага жорий йили 75 йил тўлаяпти. 1941 йилнинг 22 июнида бошланиб, тўхтовсиз 5 йил давом этган суронли урушга Кенгаш Иттифоқи таркибидаги республика фуқаролари қаторида қозоғистонликлар ҳам иштирок этди. Юртимиздан фронтга отланган 1 миллион 200 минг жангчи бўлса, шундан Туркистон тупроғидан 18547 ёш бўғин ғалаба учун отланган эди. Унинг 600 мингги эса урушдан қайтиб келмади. Эли учун матонат кўрсатган қаҳрамонлар халқ юрагида мангу сақланади.
Ғалабага ишончи ортган, ғайрат-шижоат намунасини кўрсатган кечаги йигитлар, бугунги намунали фахрийларимиз туфайли 1945 йилнинг 9 май куни буюк байрам сифатида авлод ёдида мангу сақланиши шубҳасиз.
Миллионлаган одамлар бу ишончли ғалабани соатлаб соғинч ила кутди. Урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб кенгаш халқи ҳар томонлама Ватанини ҳимоя қилди. Немис газандаларига Кенгаш аскарлари қақшатгич зарба бериши туфайли ахири уларнинг умиди ва ишончи оқланиб орзулари ушалди. Лекин, бу ғалаба осонликча қўлга киритилмагани барчамизга маълум. Зафар қучиш йўлида Ватан учун кўксини ўққа тутган миллионлаган асл фуқароларимиз ҳалок бўлди. Душман билан мардонавор курашган, мардликнинг юксак намунасини кўрсатган шундай фуқаролардан бири Улуғ Ватан уруши фахрийси Қурбоной Мубораков.
Ҳеч ким, ҳеч нарса осонликча унутилмайди. Ўша зулматли йилларни ёдга тушириб, кўз олдингизда гавдалантирадиган газета-журналлардаги мақолалар ёки радио, телехабарлар, бадиий фильмлар фахрийларимизнинг мардлигини фахрланиш ҳисси ила ёш авлодга етказди. Шундан буён ярим асрдан зиёд вақт ўтса ҳам, ҳеч нарса унутилгани йўқ.
Қурбоной Мубораков 1923 йили дунёга келган. Ёшлигидан меҳнатга эрта аралашган у локомотив депосида слесар бўлиб ишлади. Уруш хавфи авж олган паллада Қурбоной отахон атиги 19 ёшда эди. Эли учун жонини фидо айлаган аскар урушга отланиб, I Украина фронтида душманга қарши кураш-ди. Уруш тугаган дамда жабҳада мардларча ҳалок бўлган қуролдош дўстларининг омонатини орқалаб, она замин тупроғига эсон-омон келган фахрийимиз элига соғинч ила ғалаба кунини ҳам бирга олиб келди.
Қурбоной Мубораков II даражали “Улуғ Ватан уруши” ордени билан бирга бир неча медаллар билан мукофотланган. Тинч осуда ҳаётда Туркистон шаҳри равнақи учун астойдил меҳнат қилди. Шу кунлари Туркистон шаҳрида истиқомат қилаётган уруш фахрийси фарзандлари даврасида ғалаба нашидасини суриб бахтли ҳаёт кечирмоқда. Буюк ва бахтиёр ҳаёт туҳфа этган фахрийларимизнинг мардлиги ҳеч қачон унутилмайди.
Ақберен АМАНГЕЛДИ.