Муаллимлар оиласида тарбияланган Бауржан беш ўғилнинг тўртинчиси. Илк меҳнат фаолиятини Петропавл шаҳрида терговчи
бўлиб бошлаган. Ички ишлар органларида 1995 йилдан хизмат қилади. ҚР ИИВ Қўстанай қонуншунослик олийгоҳининг битирувчиси, қонуншунос. Шимкент шаҳар ИИБ, Жанубий Қозоғистон вилояти ИИД криминал полиция билан штаб бошқармасини бошқарган. 2018 йили Туркистон вилояти полиция департаменти Ўрдабоши ТПБ бошлиғи хизматини бажарган.
Жамиятдаги тартибни назорат қиладиган полициячиларнинг хизмати масъулиятлидир. Йўқолганларни излаш, топиш, безориларга йўл қўймаслик жиноятни очиш – ички тартибни сақлаш полиция ходимларининг асосий вазифаси. Шу ўринда хизматга яқинда тайинланган шаҳар полиция бошқармасининг бошлиғи, полиция полковниги Бауржан Селтанов билан суҳбатлашган эдик.
– Бауржан Сапарули, иш фаолиятингиз вақт билан ҳисоблашмайдиган масъулияти мўл соҳа эканлиги маълум. Шаҳардаги ҳозирги жиноий ахволга тўхталсангиз?
– Шаҳардаги жамоат тартиби билан хавфсизликни таъминлаш ва жиноятга қарши кураш йўналишида уч ой кўламида жорий йили ва ўтган йилни таққослаб айтаман. Ўтган йили 511 жиноий ҳаракат рўйхатга олинган. Бу йил кўрсаткич 361 ни ташкил этди. Яъни 29,4 фоизга камайган. Профилактик ишларни юритиш натижасида жорий йилнинг 3 ойида одам ўлдириш, қароқчилик жиноятлари ўрин олмади.
– Шаҳримизда қайси жиноят турлари авж олган?
– Жамиятимиздаги жадал такрорланадиган жиноятларнинг бири – квартира ўғирлиги. Шаҳарда уйга ўғирликка тушиш кўрсаткичи йил бошидан буён 49 воқеа рўйхатга олиниб, унинг 88,6 фоизи очилган. Шу ўринда хусусий мулкни ҳимоя қилишда шаҳар аҳолисига ўзаро эҳтиёт чораларини кучайтирса дейман. Имконият бўлса темир эшик билан таъминланган домофонлар ёки назорат камералари ўрнатилса хавф-хатар олди олинган бўлар эди.
– Элимизда Фавқулодда вазият эълон қилинган. Шаҳримизда мана шундай қийин вазиятда Фавқулодда вазият бўйича қандай ишлар бажарилмоқда?
– Элимизда Фавқулодда вазият жорий этиш бўйича ҚР Президентининг 2020 йилги 15 мартдаги Фармонига мувофиқ ишлар бажарилмоқда. Масалан, шаҳарга кириш йўлларида 7 санитария бекатлари қўйилган. Полиция бошқармасининг 60 ходими, 6 тезкор гуруҳ 2 сменада ишламоқда. Фавқулодда вазият тартибини бузгани учун 24 хуқуқбузувчи аниқланди. Уларнинг 13 нафарига жарима солинса, 11 нафари маъмурий қамоққа олинди.
Блок-бекатда тартиб бузган бир вазият рўйхатга олиниб, фуқаро 10 суткага қамоққа олинди.
– Тартиб посбони сифатида шаҳар ҳудудидаги бугунги ижтимоий ахволни қандай баҳолайсиз?
– Айни пайтда жамоат ташкилотларида рўй берган жиноятлар сони 14,7 %, кўчадаги жиноятлар 7,1 % га қисқарса, спиртли ичимлик ичиб амалга оширилган жиноят 14,3 %, қурол билан ишланган жиноятлар сони 50% камайган. Илгари судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 25%, гуруҳ бўлиб бажарилган жиноятлар 18,2 % га камайди. Бу кўрсаткичлар ўтган йил билан таққослаган ҳолда олинмоқда. Жиноятлар сонининг камайиши халқимизнинг ёмон одатдан ўзини узоқ тутиши натижаси самараси деб биламан. Шу йўналишда ишлаб жамиятга масъулият билан қараладиган бўлса, бу кўрсаткичлар янада яхшиланишига ишончим комил. Тартиб борасида ишлаш бизнинг бурчимиз эканлиги ҳақиқат. Уни шараф билан бажаришга ҳаракат қиламиз. Фуқароларни хуқуқ бузмасликка, тартиб учун эзгу ишга бир кишидай ҳисса қўшишга чақираман.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!
Шинар АДИЛХАН қизи.