Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигида карантин жорий этилган минтақаларда яшаётган айрим тоифадаги фуқароларга коммунал хизматлар учун 15 минг тенгени қоплаб берилишини маълум қилишди.
Шундай қилиб, карантин жорий этилган минтақаларда, ҳокимлик икки ой ичида қуйидаги тоифалардаги фуқароларнинг шахсий ҳисоб-рақамларига ой сайин 15 минг тенгедан пул юборади:
1, 2, 3 гуруҳ ногиронлари; ногирон болаларни тарбиялаётган оилалар; кўп болали оилалар;
Улуғ Ватан уруши ногиронлари ва қатнашчилари, ногиронлар ва Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар; давлат ёки жамоат бурчини, ҳарбий хизматни бажариш, космосга парвозни тайёрлаш ёки амалга ошириш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш, қонун ва тартибни ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган шахсларнинг оилалари; энг кам пенсия ёки ундан ҳам кам оладиган нафақадорлар; манзилли ижтимоий ёрдам оладиган фуқаролар, шу жумладан, ёлғиз нафақадорлар.
Истеъмолчи тўловни олиш учун ахборот тармоқлари ёки call-марказ орқали ҳокимликка ўз ИИН, ижтимоий мақоми ва шахсий ҳисоби ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган аризани юбориши керак. Ҳокимлик тақдим этилган маълумотларни текширади ва ишончли бўлса, коммунал хизматлардан фойдаланувчи (абонент)нинг шахсий ҳисобига маблағ ўтказади.
Туркистон вилояти Минтақавий коммуникациялар хизмати.