Ўртаасрлик шарқ бозори, усталар кўчаси, кўчманчилар овули, хон ўрдаси, кўчманчилар ошхонаси ва сарбозлар овули. Бу ажойиботларнинг ҳаммасини шаҳримизда бунёд этилган этноовулдан кўриш мумкин. Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси қошида қад кўтарган этноовул майдони. Бу ерда ўрта асрдан бошлаб, кўчманчилар даври, қозоқ халқининг ҳаёт суриши анъанаси ва турмуш тарзи тўлиқ ифодасини топган.
Этноовул 7 йўналиш бўйича жойлашган. Дастлабкиси, кўчманчилар овули, хунармандлар кўчаси, шарқ бозори, кўчманчилар ошхонаси, сарбозлар овули ва хон ўрдаси каби алоҳида майдонлардан иборат.
Ушбу йўналишларнинг бири ўртаасрлик усталар қишлоғида 40 га яқин маҳоратли дурадгорлар билан темирчи усталар, тери йигириб гилам тўқийдиган ҳунармандлар ўтиради. Улар келган меҳмонларга миллий буюмларнинг қандай ясаладиганлигини кўрсатиб, технологияси билан таништиради. Кўчманчилар ошхонасида халқимизнинг асрлар бўйи ишлатиб, бугунда унутилиб бораётган таом турлари қайта тикланиб халққа тавсия этилади. Кўчманчилар истеъмол қилган таом турлари билан уларнинг тайёрланиш йўллари этнограф-олимлар ёрдамида аслига келтирилади.
Лойиҳа ташкилотчиси А.Тўкеннинг айтишича бу ерда кўчманчилар истеъмол қилган таом турлари билан танишиш мумкин. Улар қандай таом истеъмол қилди? Қандай овқатланди? Бугунгача унутилиб бораётган 80 дан зиёд таом тури намойиш қилинади. Шунингдек, хон ўрдаси билан сарбозлар овулида кўчманчиларнинг анъаналари айтилиб, ботирларнинг қандай чиниққани кўрсатилади. Шарқ бозорида усталарнинг қўлидан чиққан буюмлар савдога қўйилади. Келган меҳмонлар билан хорижлик саёҳатчилар учун тарихи теран қозоқ маданияти билан тўлиқ танишиш имконияти бўлади.

Шаҳар ҳокими Р.Аюпов лойиҳа ҳақида шундай дейди: – Ҳар йили бу ерда этноовул қад ростлайди. Фақат ўтов эмас форматини ўзгартирайлик деган ўй келди. Этноовулда махсус актёрлар бўлади. Улар бизнинг тарихимиз билан маданиятимизни таништиради. Бу ерда XIV-XV, XIX асрлар ҳам бор. Мақсадимиз – келган меҳмонларга, аҳолига ўша замондаги ҳаётни кўрсатиш орқали туристларни жалб қилиш. Меҳмонлар кўҳна аср алфозидаги лойдан бунёд этилган уйларни оралаб, ёғочдан қурилган минораларни ўз кўзлари билан томоша қилади. Қурилиш иншоотлари тарихи талаблар бўйича юритилмоқда,-деб режаланган.
Кун ўтган сайин кўркамлашаётган Туркистоннинг тараққиёт йўлидаги асосий хусусияти тарихий қиёфасини сақлаш эди. Шу мақсадда қўлга олинган янги лойиҳа эндиликда аҳоли билан шаҳар меҳмонларига ҳосиятли тупроқнинг тарих саҳифаларини таништиради.
Ж.ЖУМАБЕК.
