АБАЙ МЕРОСИ ВА МАЪНАВИЙ ЯНГИЛАНИШ

693 көрілім

Мустақил Қозоғистон тарихининг муҳим масалаларини идрок этиш элнинг янги давлатчилигини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан олганда қозоқ халқининг миллий хусусиятларига, унинг идентификация ташаббусларига эътибор қаратиш маънавий янгиланиш жараёнининг боришида ҳамда элимизнинг

ижтимоий-иқтисодий маданий сиёсатини ойдинлаштиришда алоҳида аҳамиятга эга.

   Элбоши Н.Назарбаевнинг “Егемен Қазақстан” газетасида эълон қилинган “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласи халқимиз миллий-маънавий тараққиёти билан камолотининг аниқ дастури сифатида қабуллади. Президент ушбу дастурий мақоласида мақсадга эришиш учун бизнинг онгимиз ишимиздан олдинда бўлиши, яъни илгарироқ янгиланиши лозим эканлигига, бунинг сиёсий ва иқтисодий янгиланишларни тўлдирибгина қўймай уларнинг ўзагига айланадиганлигига асосий эътибор қаратиб, қудратли эл бўлиш учун келажакка қандай қадам қўядиганимиз ҳамда омма онгини қандай ўзгартирадиганимиз ҳақида мулоҳазаларини баён этди.

   “Миллий урф-одатларимиз, тилимиз билан мусиқамиз, адабиётимиз, қадриятларимиз, қисқа айтганда миллий маънавиятимиз шууримизда мангу қолиши лозим,-деб ёзади мақоласида Тўнғич Президент.

   – Абайнинг донолиги, Авезовнинг заковати, Жамбулнинг қўшиқлари билан Қурманғазининг куйлари, асрлар қаъридан келиб етган боболар овози – булар бизнинг маънавий маданиятимизнинг бир парчасигина”.

   Яна Элбошининг Абай тўғрисида айтган фикрига эътибор қаратайлик: “Замоналар ўзгариб, дунё алмашса ҳам халқимизнинг Абайга ихлоси ўзгармайди, аксинча вақт ўтган сайин унинг улуғворлигига хос қирраларини кашф этиб, янги сирларига қониқади.

   Абай ўзининг қадрдон халқи билан мангу бирга яшайди, асрлар бўйи қозоқ элини, қозоғини баландларга, юксак довонларга даъват этади”,-деган ибратли сўзи орқали буюк оқин меросининг мангулик васият ўрнида баҳоланадиганлигига ишонч ҳосил қиласиз.

   Бу йил Абай Қунанбайулининг таваллудига 175 йил тўлади. Халқимизнинг улуғ фарзандининг юбилейини муносиб нишонлаш учун махсус тузилган комиссия тайёргарлик ишларини бошлади. Шу ўринда Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг “Абай ва XXI асрдаги Қозоғистон” номли мақоласи элимизда зўр шижоат уйғотди. Улуғ Абайнинг юбилейига тайёргарлик жамоат фикрини янгилайдиган, бир эл, яхлит миллат бўлиб ривожланишимизга шижоат берадиган тадбир сифатида баҳоланмоқда. Президент мақоласида мутафаккир олим, шоир, маорифчи, миллатнинг ва адабиётнинг асосини яратувчи, таржимон, композитор сифатида эл тарихида ўчмас из қолдирган буюк Абайнинг шеърлари ва қора сўзларига миллат бугуни, маъноси, турмуши, рўзғори, дунёқараши, атвори, жони, дили, тили, рухи ифодасини топганлигини айтиб, буюк далада Абай дунёси деган яхлит борлиқнинг ўринли баҳоланганлигига эътибор қаратади.

   Қасим-Жўмарт Кемелули мақола муаллифи сифатида Абай сўзининг бугунги замонамиз учун зарбдорлиги, шоир ижодидан халқимиз қандай таълим олиши даркорлиги ҳақида жамоатчилик билан ўй бўлишади. Теран мазмуни билан ўқувчини ўзига жалб этадиган бу асар “Миллатнинг келажаги намунаси”, “Давлат ишининг манфаати”, “Янги жамиятнинг жонкуяри”, “Жаҳон маданиятининг сиймоси” ва “Таълими мўл тўй” деган мавзулар билан берилган. Президентнинг ҳар бир мавзу бўйича айтган мулоҳазалари донишманд Абай мерослари билан васиятларининг маъноси очади. Давлат раҳбари мақоласининг “Жаҳон маданияти сиймоси” мавзусида берилган бўлимида Абай дунёсига теран таҳлил юритиб, қатор муҳим ўйларини ўртага солади. “Нега қозоқ халқининг борлиғини, маданиятини Абай орқали танитмаймиз?” деган савол туғилади,-дейди Президент.

– Мутафаккир Абай қозоқ тупроғидан чиққан жаҳон кўламидаги донишманд. У инсониятга тафаккур мева-ларини туҳфа қилди. Жаҳон маданиятида Абайни нечоғли юксак даражада танитсак миллатимизнинг ҳам шарафини шунчалик баланд қўямиз. Бугунги жаҳонланиш даврида, ахборот технологиялар замонида Абай сўзи барчани ўйга чорлайди.

  … Ҳорижликларнинг ҳаммаси Қозоғистон деганда ёппасига Абайнинг исмини айтадигандай даражага етишимиз керак. Ўзга юрт “Қозоқ халқи – Абай халқи” деб, бизга илтифот кўрсатса зўр обрў бўлиши аниқ. Президент Қ.Тўқаевнинг бу ғояси ҳозирдан бошлаб амалга ошмоқда. Қардош Туркия ёзувчиси, Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси раиси Якуб Ўмерўғлунинг “Егемен Қазақстан” газетасида эълон қилинган мақоласида айтилган қуйидаги фикрлар бунинг далили. “Абайнинг ақли, кенгаш бериши фақат қозоқ халқи учун ёзилмаган, –  дейди ёзувчи.

   – У барча турк дунёсига йўл кўрсатадиган шахс десак муболаға эмас. Унинг тотув туркий дунёсини қуриш ғояларини амалга оширишимиз керак. Абай – барча турк дунёси тан оладиган, эътибор қиладиган ва тушунадиган буюк ва билимли шахс”. Ёзувчи Абайни туркий дунёси яхлитлигини баҳолаб, Абайнинг сиймосини туркий оламига кенгроқ танитишнинг муҳимлигига тўхталади. Абай Қунанбайулини Туркияда тарғиб қилиш мақсадида 2020 йили Евроосиё Ёзувчилар Иттифоқи турли тадбир ўтказишни режалаган. Шуларнинг бири сифатида Абай тўғрисида олимлар билан тадқиқотчиларнинг асарлари тўпланган китоб чиқади. Президент мақоласининг “Тўй таълими” деган бўлимида Абайнинг 175 йиллигига бағишлаб Халқаро республика ва минтақа даражасида 500 дан зиёд тадбир уюштириладиганлиги айтилган. Муҳим лойиҳанинг бири – буюк шоирнинг асарларини 10 тилга таржима қилиб босиб чиқариш. Хусусан, Абай асарлари инглиз, араб, япон, испан, италян, хитой, немис, рус, турк, француз тилларига таржималанади. Шоирнинг ҳаёти мероси, қозоқ маданиятини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида бир неча ҳужжатли фильм ва “Абай” телесериали туширилади. Адабиёт ва санъат соҳасида илғор асарларга бериладиган давлат мукофотлари эндиликда Абай номидаги давлат мукофоти деб юритилади. Президент Қ.Тўқаев мақоласининг якунида ҳар фуқаронинг ушбу тўй олдида элимиз, эллигимиз ҳақида теран ўйланишига асосий эътибор қаратиб, қуйидагидай саволларни кўндаланг қўяди: Абай бизга нимани омонат қилиб қолдирди? Абай биздан нимани талаб қилмоқда?  Абай биздан нимани кутганди?  Абай элнинг қай ишига суюнганди? Ўша суюнган ишидан ўргана олдикми? Абай қозоқнинг қайси ишидан куюнган эди?

   Ўша куюнган ишидан сабоқ олдикми? Абай мероси бизнинг миллат бўлиб бирлашишимизга, эл бўлиб ривожланишимизга йўл очадиган қадрият. Ҳаётнинг қайси соҳасида ҳам Абайнинг ақлини олсак, айтганини ишласак, эл сифатида улуғланамиз, давлат сифатида муродга эришамиз. Буюк Абай “Қора сўзида” қозоқни XX асрга тайёрлади. Яхлит миллат бўлиб бирлашишга чақирди. Ҳозирги қозоқ Абайнинг ақлини тинглаб айтганини ишлаяптими? Донишманд Абай халқига йўл кўрсатди. “Қозоққа бирлик керак, бирлик бўлганда – ақлга бирлик керак” деди. “Ҳақиқий ақлга бирлик ясайдиган замон туғди,- деб ёзади таниқли публицист, Парламент Мажлисининг депутати Нуртўре Жусип.

   – Қозоқнинг ақлли ёшлари бош қўшишлари керак. Қандай қилсак қозоқни олға бошлаймиз, қандай вазиятда қозоқнинг бойлигига ўзимиз эгалик қиламиз, қандай қилсак ўз ичимиздаги ва ташқаридаги порахўрларга ўлжа бўлмаймиз.

   Қозоғистоннинг ахборот хавфсизлигини қандай ривожлантирамиз, кибер жиноятлар билан қандай курашамиз, қандай қилсак қозоқнинг қора боласининг куни туғади, миллат эзгулиги учун нима қилсак бўлади, ўз элимиз, ўз еримизда ҳақиқий мустақиллик олдик,- деб оёқни кенг гавдани кериб эркин нафас олиб, эркин ҳаёт кечадиган шароитга қандай етамиз?”-деб ақлга бирлик ясашнинг амалига кўчиш керак.

   “Бирлик – ақлга бирлик” деган Абай    нақадар доно?! Эндиликда, Абайнинг таълимини нега уқмаймиз?!

   Бундан бир ярим аср вақт аввал қадрдон халқига йўл кўрсатиб, камчилигини қаттиқ танқид қилса ҳам қозоғини, халқини тўрга етаклашни мақсад тутган. Ўз миллатини суюшнинг намунасини кўрсатган буюк мутафаккир, доҳий доно Абай таълими моҳиятини йўқотмайди, унинг васият мерослари халқни адаштирмайдиган йўлчи юлдузга айланаверади.

   Абайнинг ҳаётий мезонлари, фаросат заковати теран изланишларни тақозо этади.

Сейдулла САДИҚОВ,

ф.ф.д Х.А.Яссавий номидаги ХҚТУ профессори, “Ҳазрат Султон” тарихий-маданий қўриқ музейи илмий ходими.  

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы