- ВКонтакте
- РћРТвЂВВВВВВВВнокласснРСвЂВВВВВВВВРєРСвЂВВВВВВВВ
- Skype
- Telegram
Янги вилоят марказига айланган Туркистон шаҳри жадал ривожланмоқда. Ҳар тонг бир яхши янгилик билан бошланади. Шаҳарни гоҳида танимай қоладиган онлар кўп. Қад ростлаётган қурилишлар, боғ ҳиёбонлар, бунёд этилаётган йўллар барчаси шаҳарнинг келажаги учун. Биз бугун турфа қурилишларнинг бири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев 2020 йили “Янги шароитдаги Қозоғистон: ҳаракатлар даври” деб номланган Қозоғистон халқига Мактубида “Болалар тўгараги” фаолиятини тиклаш керак. Унда ёшларимиз ҳунармандчилик ва ижодий меҳнат асосини ўрганади. Болаларнинг куч-ғайрати билан қизиқишини тўғри йўналишга бошлаш ўта муҳим иш” деб айтган эди. Президент Мактубида кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Туркистон шаҳрида ўқувчилар саройи қурилди. Туркистонлик ёш авлодга ажойиб қувонч бахш этадиган янгидан очилган сарой ўз фаолиятини бошлади. Эндиликда болаларимиз бўш пайтларида билим даргоҳига келиб истаган ихтисоси бўйича билимларини такомиллаштира олади. Бир қувончлиси, мактаб ёшидаги болаларнинг фан машғулотларини ўқиш билан бирга санъат тўгаракларига иштирок этишга имкониятлари ҳам бор.
“Яхшини кўрмак учун” деганларидек, ёшларимизнинг келажагини янги йўналишга бурган ўқувчилар саройининг биноси олисдан ўзига жалб этади. Остонадан хатлаган ҳамоно ички савлати кўзни қамаштирадиган ажойиботларга тўлуғ. Ҳозирги вазиятга боғлиқ тана ҳароратимизни ўлчатиб, ниқоб тақиб, ички бинони кўриб томоша қилиб, фаолияти билан танишдик. Дастлаб бадиий марказда бўлиб бу ердаги 8 тўгаракни оралаб кўрдик. Ҳунармандчилик тўгараги етакчиси Мўлдир Абишованинг ўқувчиларга бисер, гобелен билан ишлашни ўргатаётганлигини кўриб қувондик.
– Мактаб ўқувчилари кўплаб ташриф буюрмоқда. Уларга ҳунармандчилик, хусусан, тўқима, бисер, гобелен билан ишлашни ўргатамиз, юмшоқ ўйинчоқлар тўқиймиз, қўлланиладиган буюмларимизнинг ҳаммаси бепул, шу ердан берилади.
Мен А.Қастеев номидаги санъат коллежини, сўнгра шаҳримиздаги Х.А.Яссавий номидаги ХҚТУ – нинг мода, санъат факультетини тамомладим. Мана шундай янгидан қурилган ўқувчилар саройига ишга қабулланганимдан қувончдаман. Асосан, бизнинг тўгаракка катталарнинг ҳам эҳтиёжи бор. Сабаби, болаларини тўгаракка олиб келган ота-оналар икки соат бекор ўтирмай, ўзлари ҳам қизиқиш билан ўрганмоқчи бўлганини айтади. Уларнинг тавсияларини маъмуриятга маълум қиламан. Уйда ўтирган рўзғор бекаларининг гобелен, бисер, тўқима тўқиб ўрганганлари ўзларига кўп ёрдам бўлади деб ўйлайман. Ўрганиб олишса уйда ўтириб буюртма олиб шуғулланишларига имконият туғилади. Мен ўзим тўқима тўқиб ўрганганим самарасини кўп кўрдим. Қишда уйда ўтириб кўп даромад топиш мумкин дейди тўгарак етакчиси.
Ҳа, эзгуликнинг эрта-кечи йўқ деганларидек, ҳунармандчиликни ўрганишга ота-оналар, айниқса кўпфарзандли оналарнинг зехн қўйганлари яхши бўлиши шубҳасиз. “Меҳнат қилсанг эринмай, тўяди қорнинг тиланмай” деб Абай бобомиз таъкидлаганидек, меҳнат қилган кишининг ютуққа эришари аниқ.
М.Абенова номли умумий ўрта мактабининг 6-синф ўқувчиси Дуниезада Темир билан №21 ўрта мактаб ўқувчиси Нурила Турлибек иккаласи ҳам ўқувчилар саройи очилган кундан бошлаб тўгаракка иштирок этади.
– Биз ҳозирги вазиятга боғлиқ машғулотни онлайн ўқиймиз. Тушгача бўш вақтимизда тўгаракка келамиз. Бизга бисер, гобелен билан ишлаш ёқади,-дейди қизлар. Ҳа, Дуниезада билан Нурила иккаласи икки мактабдан келса ҳам шу тўгаракда танишиб дўст бўлгани кўриниб турибди. Тўгаракнинг яқинда очилганига қарамасдан қўл санъати буюмларини ясашибди. (Суратда Дуниезада билан Нуриланинг бисердан тайёрлаган маҳсулотлари).
Ёдгорлик ва керамика тўгараги етакчиси Улбўсин Рисбаеванинг ўргатаёганини кузатдик. Қл санъати мутахассислари аслида кенгфеълли бўлади. Улбўсин Рисбай қизи ҳам бизга дарҳол: “Мана, бизнинг қизлар ишлаган идишлар” деб аввало шогирдларининг ўз қўллари билан тайёрлаган буюмларини қувонч билан кўрсатди. “Бу маҳсулотлардан фойдаланишга бўладими ёки эсдалик сувенир учунми деган саволимизга “Албатта қўлланиш мумкин” айни пайтда керамика идишлар яна кенг қўлланилмоқда” деган жавобни эшитиб қувониб қолдик.
– Ҳозир қизларнинг соз лойдан ишлаган буюмларини қурғатишга қўйдик. Ҳали бўялади, ичига пардоз берилади. Туркистон шаҳрининг логотипини ҳар бир идиш сиртига туширамиз. Ўқувчи қандай буюм ясашни ўрганиб ясагани ҳақида муҳокама қиламиз. Ўқувчилар ўзлари тайёрлаган буюмларини бир ойдан сўнг ўзлари олиб кета олади. Керамикадан турли идишлар эмас, турли бюстлар ҳам ясалади. Композиция буюмлари ҳар бир ишланган буюмлар ва маҳсулотлар сиртига қозоқча миллий нақшимиз тасвири туширилади.
Асосан, биз керамика билан ишлабгина қўймай боланинг психологияси билан ҳам ишлаймиз. Сабаби, соз лой билан ишлаган одамнинг вужуди тозаланади. Сабаби, одам вужудидаги ёмон иллатнинг ҳаммасини лой ўзига тортиб олади. Шу боис, керамика тайёрлайдиган одам чарчамай бардам юради. Бу касб боланинг саломатлигига жуда фойдали эканлигини алоҳида тилга олган маъқул.
Отам Абай Рисбаев керамика соҳасини ўзлаштирган ҳунарманд. Х.А.Яссавий мақбараси пойида дўконимиз бўларди. Шаҳарга келган зиёратчилар эсдаликка бир сувенир буюм олишга интилиши шубҳасиз. Шу боис, туркистонлик маҳсулотни олиб кетсин деган мақсадда отам очган оилавий устахонада тайёрлаган миллий маҳсулотларимизни чет элликларга тавсия этардик. 35 йил шу касб билан шуғулланибмиз. Мен эсимни таниганимдан Яссавий мақбараси олдида ўсиб улғайдим. Оилавий ҳунармандчиликни давом эттириб, ота изидан келаётган қизман. Яқинда янгидан очилган ўқувчилар саройига ишга қабулланиб қувончдаман. Барча шароити яратилган, иссиқ суви таъмин этилган ажойиб бинода ишлаш завқ бахш этади. Бизнинг тўгаракка тўртта хона ажратилган. Умр йўлдошим лой қоришга ёрдам беради. Иккаламиз биргалашиб меҳнат қиламиз. Кичик оилавий тижоратимиз ҳам бор. Мен отамдан кўп нарса ўргандим. Отамни илк устозим деб биламан. Ундан олган билимимни давом эттириш мақсадида А.Қастеев номидаги санъат коллежида ўқидим. Кейинги йиллари Ҳудудий ижтимоий инновация университетининг тасвирлаш ва чизиш факультетини тамомладим. Олдимга қўйган улкан мақсадим бор. Элимизнинг келажаги ёшларни унутилиб бораётган санъатимизга жалб этиш ва ўргатиш. Инсон билганини келажак ёшларга ўргатса улкан савоб деб катталар кўп айтади. Шу боис, мен ўзимнинг билганимни шогирдларга ўргатиб, уларнинг камолотини кўргим келади. Шогирдларимнинг ҳар бири “Ўқувчилар саройида ўқидим, шу туфайли керамика соҳасини ривожлантирдим” деб айтса шунинг ўзи биз устозларга улкан мартаба бўлади.
Айни пайтда бизнинг тўгаракда 12 мактаб ўқувчиси керамикадан билим олмоқда. Вазиятга боғлиқ 4 ўқувчидан тақсимлаб ўқитамиз.
Керамикадан қаламдон, шамдон, турли мунчоқ, бижутериялар ва бошқа буюмлар тайёрлаш мумкин. Ёшларнинг фикрлаш қобилияти мўл бўлади. Шу боис, улар кўп ва кенг ўйлаб, ғояларини амалга оширишлари мумкин. Бугунги кунда болаларини олиб келган ота-оналаримизнинг тўгаракка иштироки қувонарли ҳолат. Насиб этса ота-оналарнинг таклифи қабулланиб, амалга ошадиган кун яқин дейди ота изидан келаётган Улбўсин уста.
Р.Сейтметов номидаги Туркистон мусиқа-драма театрининг иқтидорли актёри Шакен Амантуров мазкур ўқувчилар саройида “сатира санъати” тўгарагининг етакчиси бўлиб ишлайди. Шакен Абсеметули билан учрашиб, тўгарак фаолияти ҳақида сўрадим.
– Ҳозирги пайтда 30 га яқин 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган шогирдларимга актёр маҳоратидан дарс беряпман. Мақсадим – шогирд- ларимни актёрлик ихтисосига тайёрлаш. Санаътга алоқадор тажрибамни шогирдларга ўргатсам деган ниятдаман. Боланинг вужудида санъатга деган интилиш бор бўлса яхши. Энг аввало ўзининг қизиқиши бўлиши керак. Ҳаммани ҳам олавермаймиз. Кастинг ўтказдим, ҳали ҳам давом этмоқда. Эшитмаганлар энди келяпти. 30 га яқин болани кастинг бўйича олдим. Ҳафтасига бир марта ўқувчилардан саралаб яна давом эттиряпман деган Шакен Амантуровга сатира санъатининг келажак дарғаларини тайёрлашда омад деб ниятимизни айтдим.
Ўқувчилар саройи раҳбари Индира Икаповага учраб суҳбатлашдим. Юзидан нур ёғилиб турган Индира Сарқит қизи ўзи бошқарган ўқувчилар саройи ҳақида тўлиқ айтди.
– Ўқувчилар саройининг қурилишини “Самуриқ-Қазина” миллий жамғармаси орқали юритилди. Ўқувчилар саройининг ҳудуди 12 минг квадрат метр, бино замон талабига мос қурилган. Ўқувчилар саройида ижодий қобилиятини ривожлантириб, бўш вақтини самарали ўтказишига барча шароит яратилган. Бу ерда Технопарк, “Sana” ІТ маркази, Санаъат маркази (ҳунармандчилик, заргарлик санъати, бюст ва керамика, чарм ишлари, рассомлик), Тил ўргатиш маркази, (5 ҳорижий тил), Фан маркази республика физика- математика мактабига, Билим инновация лицейига, Назарбаев заковат мактабига, Дарин мактабига тушиш учун ўқувчиларни тайёрлайди. Сатира санъати (рақс, қўшиқ, асбобларда ижро этиш), шахмат, болалар тележурналистикаси, анимация, фото тасвир, монтажлаш, жами 60 га яқин тўгарак ишлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ўқувчилар саройида мингдан зиёд ўқувчининг қўшимча билим олишга имконияти бор. Таниқли актриса, қўшиқчи Айгул Иманбаева Нур-Султан шаҳрида очган, бугунги кунда таянч мактабига айланган “АИ” академиясининг бўлимини бизнинг ўқувчилар саройида очмоқда. “АИ” академияси туркистонлик ўғил-қизларни актёрлик маҳорати бўйича қабуллаб, касбий маҳоратда тайёрлаб, санъат карвонига қўшади. Айгул Иманбаевнинг ўзи ҳам дарс ўтади. Шунингдек, “Қалдирғочнинг қуйруғи нега айри” мультфильмининг ижодкори Амен Қайдар оғамизнинг шогирди Қайирғали Қасимов раҳбарлик этадиган продюссер маркази кино ва мультфильмни қандай туширишнинг сир-синоатини туркистонлик шогирдларга ўргатиб, шу соҳанинг келажак мутахассисларини тайёрлаб чиқаради.
Ярим ва боқувчисиз қолган етим болаларга билим олиш бепул. Шунингдек, кўпфарзандли оила болалари, турмуши ночор ва давлатдан ижтимоий ёрдам оладиган оилаларнинг болаларига имтиёзлар кўрилган. Ушбу имтиёзлар асосида 60 тўгаракнинг 10 таси барча келувчилар учун бепул,-деди билим даргоҳи раҳбари.
Дарҳақиқат, ўқувчилар саройининг ташқи савлати қандай кўркам бўлса ички дизайни қандай ажойиб эканлиги ҳамда туркистонлик шогирдлар эзгулигига хизмат қиладиганлигининг шоҳиди бўлдим.
Лаззат САРИБАЕВА,
“Туркистон”.