Туркистон шаҳри ўқитувчилари билан вилоят шифокорлари билимини хорижда такомиллаштириш учун тест топширди. Шаҳар раҳбари Р.Аюпов «Август кенгаши»да юзга яқин ўқитувчи ва шифокорлар хорижда бепул ўқишига имконият мавжудлигини таъкидлаган эди. Ким ва қанча фуқаро бориши эса илтимоснома топшириш ва тест натижалари бўйича аниқ бўлади.
Шу мақсадда ҳорижда билим олишга қаратилган тестнинг дастлабки босқичи ўтиб, истак билдирган 40 га яқин фуқаро иштирок этди. Дастлабки босқич, яъни қозоқ тили бўйича ўтган тест натижаси ҳафта ичида маълум бўлади. Муваффақиятли ўтганлар ҳужжатларини тайёрлаб, bolashak.gov.kz сайти орқали психологик тест ва онлайн суҳбатлашиш босқичларидан ўтади. Умуман, сўнгги натижа ноябрь ойи охирида маълум бўлиши режаланган.
Ўқитувчилар Буюк Британиянинг Лестер университетига 4 ойга машғулотга борса, тиббиёт вакиллари Исроилда икки гуруҳга бўлиниб уч ой ўқишга боради. Таъкидлаш керак, ўқиш маблағи «Болашақ» грантини енгиб олганликдан бепул бўлади. Шифокорлар уч ой ўқишга икки гуруҳга бўлиниб боради. Биринчи гуруҳ 10 январь-10 апрель, иккинчи гуруҳ 15 апрель-15 июль оралиғида билимини такомиллаштиради.