Элимизнинг келажаги ёш авлод тарбияси масаласи фақат ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининггина эмас, ота-онанинг, мактаб маъмуриятининг ҳам эътиборида бўлишини талаб этади. Сабаби, психолог мутахассисларининг тадқиқотларига суянсак, ёш боланинг онгли фуқаро бўлиб етишишига унинг оилада, таълим даргоҳида, кўчада кўрган намуналари алоҳида аҳамиятга эга.
Шаҳар инсон салоҳиятини ривожлантириш бўлимининг раҳбари Ақмарал Батирбекова билан суҳбатимиз ёш ўсмирлар тарбияси хусусида бўлди.
– Ақмарал Усенқизи ёш ўсмирлар орасида ўринсиз масалаларнинг олдини олиш чоралари ҳақида айтсангиз?
– Камолотга тўлмаганлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси билан болаларнинг назоратсиз ва бошпанасиз қолишининг олдини олиш тўғрисидаги қонуннинг бажарилиши шаҳар таълим бўлимининг алоҳида эътиборидаги энг мураккаб ва хавотирланадиган масалаларнинг бири. Ёш ўсмирлар билан болалар орасида жиноят ва ҳуқуқбузишнинг олдини олиш мақсадида кўплаган тадбирлар бажарилмоқда десам муболаға бўлмайди. Хусусан, Туркистон шаҳрининг ҳокими Р.Аюповнинг шаҳар полиция бошқармаси ва инсон салоҳиятини ривожлантириш бўлими билан бирлашган янги ўқув йилига иш режаси тасдиқланган. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг топшириғи билан камолотга тўлмаганлар орасидаги ҳуқуқбузарликнинг, ҳамда болаларнинг назоратсиз ва уй-жойсиз қолишининг олдини олиш ва йўлини тўсиш хусусида 3 мобилли гуруҳ қурилган. Таркибида прокуратура ходимлари, шаҳар ички сиёсат бўлимининг мутахассислари, мактаб директорлари ва полиция бошқармасининг мутахассислари бўлган гуруҳ тизимли иш бажариб келмоқда. “Туркистон хавфсиз шаҳар” дастури ҳам ёш ўсмирларнинг тарбиясини қатъий назорат қилмоқда. Туркистон вилоятининг камолотга тўлмаганларнинг ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судининг “Оилавий суд” пилотли лойиҳасини жонлантириш мақсадида ташкиллаштириб келаётган “Оила қадриятлари” мавзуидаги учрашувлари ҳам ёшлар тарбиясига катта таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, ёш ўсмирлар ва болалар орасидаги жиноят ва ҳуқуқбузишнинг олдини олиш ишларига ёрдамчи гуруҳ сифатида шаҳар мактабларининг юқори синф ўқувчиларидан “Ёш полиция” гуруҳлари ва таълим даргоҳларининг фаол оталари, шаҳар жамоат ташкилоти аъзолари, фахрийлар ва оқсоқоллар кенгашларининг аъзоларидан “Оталар мактаби” ташкил этилди. Бу ишларнинг барчаси элимизнинг келажаги – ёш истеъдодларимизни маданиятли бўлишга, ёшлар орасидаги ҳуқуқбузишнинг олдини олишга қаратилган.
– Шаҳар инсон салоҳиятини ривожлантириш бўлими томонидан ёш ўсмирлар орасидаги ҳуқуқбузишнинг олдини олиш мақсадида қандай чора-тадбирлар бажарилди?
– Бугунда бўлимга қарашли 31 умумий таълим берадиган мактабда 62 директорнинг тарбия иши бўйича ўринбосарлари ишламоқда. Шунингдек, мактабларга 10 полиция инспектори ва 6 ҳудудий инспектор тасдиқланган. Улар педагоглар билан бирлашиб профилактика тадбирларини олиб бормоқда. Хусусан, шаҳар мактабларида прокуратура, шаҳар полиция бошқармаси вакиллари билан жорий йилнинг дастлабки 5 ойида “Жасөспірімдер”, “Түнгі қаладағы балалар” мавзулари билан кечки 16 рейдлар олиб борилди. “Менинг хавфсизлигим” номли синф соатлари, “Ерте отбасын құру: артықщылығы мен зияны” мавзуида ота-оналар ва ўқувчилар билан суҳбатлар, шаҳар полиция бошқармаси рўйхатида турган болалар билан “Мен өз елімнің патриотымын” номли спорт мусобақаси, “Қоғамда зорлық-зомбылыққа жол жоқ!” мавзуида китоб ва сурат кўргазмаси, ёш ўсмирларга ҳуқуқбузиш, гиёҳвандлик ва психологик воситаларни қўллангани ва сақлагани учун жиноий, ҳокимлик жавобгарлик тўғрисида ахборот бериш мақсадида юқори синфларга маъруза, “Жас ұрпақты есірткі экспансиясынан қорғау және денсаулық мәдениетін қалыптастыру” мавзуида танлов ва “Түркістан қаласының жастары салауатты өмірді қолдайды” форуми ўтказилди. Бу тадбирларнинг барчасига мактаб ўқувчилари тизимли иштирок этди.
Камолот ёшига тўлмаган ёш ўсмирлар орасидаги ҳуқуқбузишнинг олдини олиш ва ўқув жараёнининг сифатли ҳамда дарсдан ташқари ва таътил вақтидаги дам олиш кунларининг самарали ташкил этилишига, тизимли равишда назорат мониторингининг амалга ошишига боғлиқ. Шу мақсадда 5 қўшимча таълим бериш даргоҳларига 2627 ўқувчи тасдиқланган. Шунингдек, мактабларда ташкиллаштирилган тўгаракларга 27795 ўқувчи, спорт тўгаракларига 18300 ўқувчи иштирок этди.
Мактаблардаги хавфсизликни таъминлашнинг ҳам, жиноятнинг олдини олиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу мақсадда мактабларда видеоназорат камералари кўпайтирилди. 2020 йили пилот лойиҳаси асосида Туркистон шаҳри инсон салоҳиятини ривожлантириш бўлимига қарашли №9 Некрасов, №13 А.Навоий,№15 М.Жумабаев мактаб-гимназиялари ва №26,№27, Ш.Ниёзов номидаги умумий ўрта мактабларига маҳаллий полиция бўлимининг тизимига қўшиш – интеграциялаш/ IP рақамли назорат камералари ўрнатилди. №22 умумий ўрта мактабида IP назорат камераси билан турникет тизими қўшилмоқда. №17 Отатурк мактаб-гимназияси билан №27 IT мактаб-лицейида “Smart School” лойиҳаси доирасида хизматлар ўрнатилди.
– Жами ўтган ўқув йилининг сўнгги тўртинчи чораги масофадан таълим бериш билан ўтказилди. Бу дегани ўқувчилар ўз уйларидан чиқмасдан ота-оналари кўз олдида бўлди. Карантин палласида ўсмирлар орасида ҳуқуқбузиш ҳаракатлари ўрин олмаган бўлса керак ёки ўрин олдими? Шуни таҳлил қилиб кўрдингизларми? Яъни билмоқчи бўлганимиз ота-она назоратида бўлган ўсмирлар салбий ҳолатга йўл қўймайди деган ўйимизнинг тўғри, ёки нотўғри эканлигини сарҳисоб қилиш. Шунга қандай жавоб айтар эдингиз?
– Масофадан ўқитиш пайтида ўқувчилар уйда бўлса ҳам уларнинг тарбиясига оид тадбирлар тўхтагани йўқ.Ижтимоий тармоқлар орқали турли тадбирлар ташкил этилиб, ўқувчилар фаол иштирок этди. “Биз бахтли оиламиз”, “Биз биргамиз” деб номланган 5-7 синфлар орасида ота-оналар иштироки билан бир маҳаллик китоб ўқиш тарбия соатлари ўтказилди. 1-май – Қозоғистон халқи бирдамлиги куни, 9-май Буюк Ғалаба кунига мувофиқ онлайн дарслар ўтказилиб, ўқувчилар ўзларининг тасвир роликларини йўллашди. Шунингдек, табрик роликлари, челленджер, мақола эълон қилиш, сурат танловлари ва бошқа тадбирлар ижтимоий тармоқларда фаол юритилди. Мақсадимиз – ижодий ишларга жалб этиш орқали ўқувчиларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш. Нохуш ҳолатлар мутлақо йўқ деб айтолмаймиз. Шу вақт оралиғида бир кичик ўғирлик ўрин олди. Ўсмир махсус ҳисобга олиниб, айни пайтда бу иш билан полиция бошқармаси тергов ишларини давом эттирмоқда.
– Таълим бўлимига қарашли билим даргоҳларида полиция рўйхатида турадиган болалар сони, улар билан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Қозоғистонда қонун бўйича камолотга тўлмаган ўсмирлар кечаси соат 22.00 дан кейин компьютер клубларида ўтиришга, ҳамда кечаси соат 23.00 дан кейин ота-онасиз юриши ман этилган. Ўқувчилар дам олишга чиқиб мактаб дарсларидан қўллари бўшаганда қоидаларнинг барчасига бирдай амал қилавермайди. Айниқса, ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар билан ҳуқуқбузиш ҳоллари ёз пайтида кўп рўйхатга олинади. Тартиб посбонлари қанчалик самарали ишламасин, ўсмирлар орасидаги жиноят масаласи кун тартибида турибди.
2020 йилнинг июнь ойига қадар маълумотларга кўра 28 ўқувчи шаҳар полиция бошқармасининг турли ҳуқуқ бўйича профилактик ҳисобга олинган. Туркистон шаҳар ҳокимлигининг инсон салоҳиятини ривожлантириш бўлимига қарашли мактабларда ҳуқуқ бузишга мойил ва тарбияси ночор 137 ўқувчи ҳисобга олинган.
– Уларнинг ота-оналари билан қандай иш бажарилмоқда?
– Албатта, бундай ўсмирларнинг ота-оналар билан яқин алоқа ўрнатиш улар билан ишлаш энг зарур шартларнинг бири. Махсус ҳисобда турадиган ўқувчиларнинг ўзлари ва ота-оналари билан синф етакчилари доимо алоқада. Психологлар ота-оналар орасида саволномалар ўтказади. Мақсадимиз – оиладаги вазиятни аниқлаш, тегишли ёрдам бериш, оила-аъзоларининг ўзаро муносабати маданиятини юксалтириш, зарур маслаҳатларимизни бериб, қийин вазиятдан тезроқ чиқишга ёрдам бериш бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, “Оталар мактабининг” йиғилишларига, турли анжуманларга, маданий тадбирларга чақиртирилиб, ҳуқуқни ҳимоялаш ходимлари билан ҳам учрашувлар ташкил этилади.
– Карантин муддатида шу болалар эътибордан четда қолиб кетмадими? Ҳозирги уч ой таътил дам олиш пайтида улар билан алоқа узилдими ёки қўшимча ишлар бажарилмоқдами?
– Бўлимга қарашли барча мактабларда ота-оналар чати ишлайди. Мактаб маъмурияти кундалик янгиликларни, эълонларни шу чат орқали ота-оналарга етказади. Устозлар ушбу чатлар орқали ўқувчилар билан алоқасини узмайди. Яъни, карантин чоғида биронта ўқувчи эътибордан четда қолмайди, деб айта оламан. Уларнинг дарсга тайёргарлик, бўш вақтларини унумли фойдаланиши, доимо синф етакчисининг эътиборида бўлди. Мактаб маъмурияти ҳуқуқни бузишга мойил ўқувчилар билан тиғиз алоқада. 2020 йили 12 нафар тарбияси ночор, алоҳида эътиборга олинган болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини, бепул ташкил этиш кўрилган эди, аммо, карантин муддати сабабли кейинга қолдирилди.
– Ўсмирлар масаласи тўғрисида қандай таклифларингиз бор?
– Болалар бизнинг келажагимиз. Элимизнинг эртаси бугун биз уни қандай тарбияласак келажагимиз шу даражада бўлиши аниқ. “Эл бўламан десанг бешигингни туза”,- деб боболаримиз таъкидлаганидек ҳар бир ота-она ўз фарзанди тарбиясига лоқайд бўлмай унинг кундалик юриб-туриши, бўш вақтини қандай ўтказаётганлиги, қандай одамлар билан муносабатда бўлаётганига эътибор қаратиши керак. Ҳатто, экранда нимани кўриб, интернетни қандай мақсадда фойдаланаётганлигини ҳам назорат қилиш керак. Ўсмирларнинг тармоқларда кун бўйи нохуш янгиликлар излаши, уларнинг тўғри тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, айни пайтда ижтимоий тармоқлар назоратга олиниши керак деб ўйлайман. Компьютер ўйинлари ҳам бола психологиясига нохуш таъсир кўрсатади. Ёшлар орасидаги жиноятга мойиллик ҳам шундай ўйинларнинг таъсиридан деб ўйлайман. Ота-оналар, педагоглар ҳамкорликда ишлаб ёш авлоднинг тўғри камол топишига куч сафарбар этишлари керак.
Суҳбатлашган:
Лаззат САРИБОЕВА,