ФУТБОЛ МУСОБАҚАСИ УРУШ ФАХРИЙСИГА БАҒИШЛАНДИ

919 көрілім

Тадбиркор Собиржон Отажонов бунёд этган «Ясси» ёпиқ спорт мажмуаси 4-5 йил давомида чарм тўп усталарининг севимли масканига айланди. Ушбу кичик футбол залида Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига ҳамда уруш ва меҳнат фахрийси Абан Содиқовнинг 100 йиллигига бағишланган футболдан мусобақа ташкил этилди.

   Дастлаб, уруш фахрийси ҳақида тўхталсак. Абан Содиқов 1920 йили 25 май куни Фрунзе туманида (собиқ Туркистон тумани) дунёга келган. Фронтга 1940 йили чақирилиб Германия ва Япония урушларига иштирок этган. Жанг майдонидаги қаҳрамонликлари учун бир неча орден ва медаллар билан мукофотланган. Тинч ва осуда ҳаётда Туркистон индустриал педагогика техникумида 1948 йилдан 1984 йилгача ёш авлодга таълим-тарбия берган. Уруш ва меҳнат фахрийсига 1985 ва 1987 йиллари Москвада қуролдош дўстлари билан учрашиш насиб этди.

   Шаҳримиздаги А.Навоий номли №13 мактаб-гимназия битирувчиларининг бошини қўшган мусобақанинг юксак савияда ўтишига спорт жонкуярлари Акром Халназаров, Азиз Бойқўзиев ва Эркин Юсуповлар ташаббускор бўлди. Жами 16 жамоа иштирок этган мусобақанинг ёпилиш маросимида сўзга чиққан А.Навоий номли №13 мактаб-гимназия директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зокир Зокиров, меҳнат фахрийлари Хайрулла Шомуродов билан Равшан Қурманбековлар бугунги мусобақа ёшларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда, мактабни турли йилларда тамомлаган битирувчиларнинг ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда аҳамияти катта эканлигини таъкидладилар.

   Мусобақа якуни бўйича I ўрин 1992 йили, II ўрин 1975-1977 йили, III ўрин 1987 йили туғилган мактаб битирувчилари жамоаларига насиб этди. Уруш фахрийси Абан ота хотирасига бағишланган турнирга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтин ордени соҳиби, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси Тиловберган Худойберганов билан шаҳримизда таниқли архитектор Саъдулла Содиқовлар ҳомийлик қилиб, мусобақа ғолиблари қийматли совға-мукофотлар билан тақдирланди.

 Райимжон АЛИБОЕВ.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы