ЭЛ ДАРДИНИ СИЗ ЁЗИНГ

500 көрілім

Тўйдан  келиб Тошпўлат,

Гўё миниб  келди от.

Дилидаги бор гапни,

Акасига айтди шод.

 – Тўйда тумонат одам,

Бормадингиз сиз ака.

Мард йигитга ярашар,

Шундай тўй ҳам марака.

Қўл қовшуриб меҳмонга,

Иззат-ҳурмат кўрсатар.

Жўра дўстлар  югуриб,

Чой келтирар ош тортар.

Дастурхонда ноз-неъмат,

Қази-қарта ҳамда эт.

Тўй эгаси Рустамга,

Дейди-ниятингга ет.

Созандалар соз билан,

Булбулдай овоз билан.

Хушнуд этар барчани,

Раққосалар ноз билан.

– Тўйдан жуда хуш келдим,

Мен ундан кам эмасман.

Ўшандай тўй қилмасам,

Мен-чи одам эмасман.

– Инобатга олурсан,

Ука айтган сўзимни.

Рақобатга тушиб сен,

Осиб қўйма ўзингни.

Пулдорлардан пул сўраб,

Аҳмаджон тўй ўтказди.

Қарзин сўнгра  узолмай,

Обрўсини кетказди.

Лом-лим демай сўзим у,

Тингларди солиб  сукут.

Борин бозор қилсанг дер,

Насибанг ҳам бўлур бут.

Кўрпангга қараб укам,

Оёғингни аста чўз.

Очилиб қолиб пойинг,

Эл-у юртга бўлма сўз.

– Тўй тўйдек бўлсин ака,

Шодликка тўлсин ака.

Ҳасадгўй душманларим,

Тутдек тўкилсин ака.

Эртанги кун  номаълум,

Қани ким айта олар.

Акасининг гапига,

Укалар қулоқ  солар.

Шўринга шўрва тўкиб,

Қолмагин дейман бўкиб.

Бор-йўғингдан айрилиб,

Ўтириб қолма чўкиб.

Жўжабирдек жон бўлсанг,

Ошинг бўлмасин тахир.

Хотамтойлик не ҳожат,

Ўйланиб бир боқ ахир.

Жим бўлиб қолди сўнгра,

Бир нуқтага тикилиб.

Акам гапи тўғри дер,

Ҳақиқатга йиқилиб:

– Кечиринг ака мени,

Беодоблик қилибман.

Ўйламабман ортини,

Мард иши – деб  билибман.

– Тўй  қариндош-дўст  билан,

Маслаҳат қилмоқ керак.

Катталарнинг гапини,

Қулоққа илмоқ керак.

– Сиз айтгандай тўй қилай,

Акажоним минг раҳмат.

Олган қарзин узолмай,

Юрганмиш ҳали Аҳмад.

Деб шодланиб акасин,

Бағрига босиб қўйди.

Карнай-сурнай сиздан-деб

Бўйнига осиб қўйди.

Эрназар РЎЗИМАТОВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы