ҒАЛАБА ХУШХАБАРИНИ ЕТКАЗГАН ҲАМШАҲРИМИЗ

746 көрілім

Абдусамат Тўйметовнинг шонли ҳарбий фаолияти  ҳақида «Туркистон»  газетаси саҳифаларида Ғалабанинг 70 йиллиги шарафига  аввалги йиллари ҳам батафсил ёритилган. Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида А.Тўйметовнинг ҳамқишлоғи Ниятулла Муршаев таҳририятга йўллаган мақоласида Абдусамат Тўйметов ҳақида ҳикоя қилади. Марҳамат эътиборларингизга ҳавола қиламиз.

   … У ҳақда кўп ва хўп ёзилган, кўпчилик А.Тўйметовнинг жанговар фаолияти билан яхши таниш. Машҳур саркарда Г.К.Жуковнинг «Хотира» китобида шундай сатрлар бор: «Роппа-роса соат 24.00 да биз залга кириб бордик. Узун стол атрофига Берлин мудофаасини ёриб ўтиб фашистлар Германиясини таслим қилган Қизил Армия генераллари жойлашди.

   … 9 май 00 соат 43 дақиқада фашистларнинг узил-кесил капитуляцияси, СССР нинг ғалабаси ҳақида тарихий актга имзо чекиш тадбири якунланди.

   Немисларнинг мағлубияти ҳақидаги ҳужжат ўша куннинг ўзида Москвага, Олий Қўмондонликка етказилди».

   Жаҳон халқлари учун муҳим бўлган, миллионлаб кишилар орзиқиб кутаётган ушбу хушхабарни Москвага ким етказганлиги ҳақида ҳеч ким билмасди, албатта.

   Узоқ муҳокамадан сўнг Қўмондонлик масъулиятли учиш рейсини амалга оширувчи экипаж таркибига ҳарбий учувчи Абдусамат Тўйметовни ҳам киритди. А.Тўйметов бундай юксак ишончга жанговар фаолияти билан сазовор бўлган, 109 марта душман қароргоҳига парвоз қилган. Фронт чизиғини самолётида кесиб ўтиб партизанларга озиқ-овқат, ўқ дори, қурол-яроқ етказиб, ярадорларни фронт ортига олиб қайтарди. Партизанлар етакчиси,  машҳур  Ковпак, Югослав партизанлари, қамалдаги ленинградликлар кўп маротаба Абдусамат Тўйметовга самимий миннатдорчилигини билдиришган.

   1945 йил 8 май куни эрталаб экипаж учишга ҳозир туриш ҳақида буйруқ олади. Олий мақомдаги делегация ўз ўринларини эгаллагач “СИ – 47” самолёти учиш майдонидан кўкка енгил кўтарилди. Польшанинг Познань шаҳри устида ҳаво кемасига 8 нафар қирувчи самолётлар қўшилди. Улар “СИ – 47”ни Берлингача кузатиб қўриқлаб боришди. Берлин харобалари кафтдек кўриниб турарди. Темпельгоф аэродромида уларни оркестр садолари остида кутиб олади. Экипаж аъзоларига буйруқни кутиб самолётни тарк этмаслик топшириғи берилади. 9 май кечаси учувчилар машина мотори овозидан уйғонишди. Полковник учувчиларга мурожаат этиб, сизлар билан икки киши бирга учади. Улар гитлерчилар Германиясининг таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатларни Москвага олиб боради. Уруш тугади. Ғалаба муборак бўлсин. Сизларга оқ йўл, деб хайрлашди.

   Москвадаги аэродромга самолёт қўниб улгурмасдан  юзлаб кишилар ўраб олишди. 20 миллиондан зиёд Совет кишиларининг ёстиғини қуритган, яна миллионларни майиб, мажруҳ қилган иккинчи жаҳон уруши тамом бўлганлиги ҳақидаги хушхабар етиб келганди. Бу хабарни Берлиндан Москвага етказиш ҳамюртимиз, асли Туркистоннинг Чўрноқ қишлоғида туғилиб ўсган Абдусамат Тўйметовга насиб этганди. 

  Ниятулла МУРШАЕВ,

   «Чўрноқ» умумий мактаби ўқитувчиси.

Пікір үстеу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы