БАРЧА ЭТНОСЛАР БИРГА ВА ЯГОНА ЧАНҒАРОҚ ОСТИДА

537 көрілім

Туркистон шаҳри марказидаги «Женис» истироҳат боғида “Шукрона” куни байрами муносабати билан Қозоғистон Халқи Ассамблеяси вилоят бўлими  ташкил этган тадбир ҳашар йўли билан қозоқ халқининг 6 қанотли  тарихий ўтовини бунёд этишдан бошланди.

   Турли этнос вакиллари, хусусан, «Жанубий Қозоғистон» газетаси бош муҳаррир-директори Алишер Сотиволдиев, Туркистон вилояти оқсоқоллар кенгаши аъзоси Тўлқин Саидмуродов, шаҳар ўзбек этно бирлашмаси Бирлик бўлими раҳбари Тойир Абдувалиев, шаҳар этно бирлашмаси раиси ўринбосари Зокир Бекенов, хотин-қизлар кенгаши раиси ўринбосари Ўғилой Холиқбердиева, Ўранғай қишлоғидан Мурод Отажоновлар иштирок этишди. Вилоят оқсоқоллар кенгаши раиси Жарилқасин Азретбергенов ўтов ўртасида туриб қўлларини дуога очиб элга тинчлик, равнақ ва барака тилади. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Сакен Қалқаманов Туркистон вилоятида 2 млндан зиёд аҳоли – юздан зиёд этнос вакиллари тотув яшаётгани давлатимиз сара сиёсати меваси эканлигини таъкидлаб келажакда ҳам авлодлар бирлиги анъанасига содиқ ҳолда бир чанғароқ остида турли этнослар муштарак мақсад йўлида бахтли ҳаёт кечишига ишонч билдирди.

   Вилоят оқсоқоллар кенгаши раиси Жарилқасин Азретбергенов куни кеча Ўзбекистонга сафардан келганлигини, Тошкент, Самарқанд, Хоразм шаҳарларини зиёрат қилганлигини, барча этнослар тинч-тотув яшаб ўзбек тилида гапирадиганлигини, шу неъмат Қозоғистонда ҳам рўёбга ошиб барча этнослар давлат тили – қозоқ тилида мулоқотда бўладиганлигини, қозоқ тили барча этносларни бирлаштирадиган, битта чанғароққа жамлайдиган неъмат эканлигини таъкидлади. Тарихий қозоқ ўтовида чанғароқ, кереге ҳамда 140 дан 250 гача увиқ бўладиганлигини, ўтов пойдевори мустаҳкам бўлиши учун этнослар аҳиллиги барқарор бўлиши даркорлигини баён этди.

   Чечен-ингуш этно маданий бирлашма раиси ўринбосари Хусан Дециев, корейс этноси вакиласи Сабина Пак ўзларининг дил изҳорларини, қозоқ халқига бўлган самимий ниятларини  билдиришди. Шу ерда тикланган қозоқ ўтовида ёзилган дастурхон атрофида ҳурматли оқсоқоллар ва меҳмонлар бир-бирига ҳамда қадрдон қозоқ халқига миннатдорчилик билдириб шукрона айтишди.

   Тадбир доирасида шаҳарда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларга «Ғамхўрлик» акцияси бўйича моддий кўмак кўрсатилди. Бугунги кунда вилоятимизда 11 этно маданий бирлашма фаолият юритмоқда.  Кўкламнинг илк куни Қозоғистонда Элбоши Н.Назарбаев ташаббуси билан Қозоғистон Халқи Ассамблеяси қурилган. Мақсад – тинчлик, бирлик ва тараққиёт. Шу неъматга барчамиз биргаликда баракали ҳисса қўшайлик.

   Рўзиохун МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы