ЭРГАШ МАММАТ – 80 ЁШДА

609 көрілім

Эргаш Маммат 1940 йили  гўзал Оқтепа қишлоғида ишчи-деҳқон оиласида дунёга келган. Шу туғилган қишлоғида 1-4 синфни ўқиб, 5-6 синфни Эски Иқон қишлоғида давом эттириб, 6-10 синфни Янги Иқон қишлоғида тугаллаган. Отаси Маммат ота йилқичи, онаси Обод ая уй бекаси бўлган.

Эргаш Маммат 1960 йили Оқтепа қишлоғидан Эски Иқон қишлоғига кўчиб келган. Рафиқаси Тоирова Ирсибка иккаласи беш ўғил, уч қизни вояга етказган. Ўғиллари: Насимий, Ихтиёр, Санжар, Соҳибжон, Хислат. Қизлари: Феруза, Дилдор, Барчиной.

Эргаш Маммат бирор олий даргоҳни битирган эмас, унда Худонинг берган туғма истеъдоди бор. Ёшлигидан шеъриятга ихлоси баланд Эргаш ака шеър, ғазал, рубоий, туюқлари билан даврий нашрларда тез-тез кўриниб туради. Жорий йили 80 ёшни қаршилаган Эргаш акага мустаҳкам соғлиқ, ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.

ТАҲРИРИЯТ.

ФАРДЛАР

Орзию додим эшит эй боғаро эсган сабо,
Мени не куйларга солмоқ бемаҳал жабру-жафо.
Сенга демай, кимга дей, қулоқ солиб тингловчи йўқ,
Жоним оҳу фиғон тортиб йиғлар муни онгловчи йўқ.
Ул ёр дарди бошдан оёққа бетиним олов ёқиб –
Кул-кул қилиб яна муни турар кўкка совуриб.
Ул қачон қай кун келар деб ҳар тарафга термулиб –
Келмагач қаддим букиб уйга келдим судралиб.
Қани ким бор ўшал кунда тузаб бўлмас яксон мендек –
Ўз ҳолига ўзи йиғлаб юрак бағри вайрон мендек.
Ул ёдга тушса йиғларам кўз ёшим дарё қилиб –
Муни тўхтатмоқ беилож ҳар не ким чора қилиб.
Ёрни, ёрдан бемаҳал айирмоқни телба ҳаёт –
Кеча, бугун дема муни ибтилода қилган одат.
Ёр доғида Эргашни мунча қилгунча ҳалак –
Елдек келиб, селдек олиб не кетмади бу фалак.

ИККИ ҚОШУ КЎЗИНГНИ

(Тоир қизи Ирсибка хотирасига бағишлайман)

Ҳажринг аро қаламқош –
Икки кўзим тўла ёш.
Муни кўрса дод солиб –
Йиғлар ҳатто бағри тош.

Ғамдан бўлмасдан озод –
Ободим бўлди барбод.
Сабаб сенинг йўқлигинг –
Афсус, афсус юз минг дод.

Бу ҳолим кўриб зора –
Келиб қолсанг бир бора.
Сенсиз икки жаҳонга –
Сиғмадим ман бечора.

Унутгум йўқ ўзингни –
Болу шакар сўзингни.
Қора тундан ҳам қора –
Икки қошу кўзингни.

Эргашга охир замон –
Бўлди туну кун азон.
Энди бул ғамдан озод –
Бўлолмағай ҳеч қачон.

БЕБАҲО ОНАЛАР

Кўрмадим онадек бирор меҳрибон,
Ўтсада қанчаю қанчалаб замон.
Сенга келган ўлим, менга келсин деб –
Мени ташлаб, ўзи кетди қабристон.

Қани кимларда бор мундоғ жасорат,
Адоғи йўқ ва яна меҳру шафоат.
Мундоғлар йўқ эмас, топилар деган –
Бу оламда йўқку бирор ривоят.

Битиб қолган дил кўзин очиб эй мирзо –
Оналар юзини қилсай томоша.
Бир орзу армон қилган жаннат боғида –
Ўхшаши йўқ аҳмар гулдир бир доно.

Онахонлар кўкдан тушган фаришта,
Бас келар кимса йўқ шундоқ саришта.
Булоллар шаънига бирор лойиқ сўз –
Топиб сўйламак Эргаш мушкул муаммо.

Эргаш МАММАТ,
Эски Иқон.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы