БОЛАЛАР ШОИРИ – 87 ЁШДА

846 көрілім

Эрназар Рўзиматов Хожа Аҳмад Яссавий фаолият кўрсатган минтақадан чиққан атоқли болалар шоири. У 1933 йили туғилган. Туркистон шаҳридаги Ҳамза номли мактабни тамомлагач, Тошкентдаги қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш институтига ўқишга кирди. Ўқиш даврида Ўзбекистон Ёзувчилар уйида Ўзбекистон халқ шоири Миртемир акадан сабоқ олди ва ўша йиллари Ўзбекистон меҳнат заҳиралари (резерв) бошқармасида ёш талабаларга ўзбек адабиётидан адабий тўгаракка раҳбарлик қилди. 

   Шоир Эрназар Рўзиматовнинг шеърлари маърифат, маънавият бобида аҳамиятга эгадир. Уларда халқ оғзаки ижодиёти таъсирини кўриш мумкин. Ўзбекистонда чоп этилган Болалар шеъриятининг антологиясига шеърлари киритилган. 

    Эрназар Рўзиматов Қозоғистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, Республика «Назм юлдузлари» мушоирасининг I ўрин соҳиби. Туркистон шаҳрида бир неча марта шаҳар кенгаши депутати бўлди, “Меҳнат фаҳрийси” медали билан тақдирланди. 70 ёшга тўлганида “Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси” унвони, 75 ёшга тўлиши муносабати билан Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек маданият марказиинг махсус мукофоти ҳамда Қозоғистон халқи Ассамблеяси Ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, Эрназар ака Жанубий Қозоғистонга меҳнати синган кўкрак нишони ва бошқа бир неча медаллар соҳибидир.

   Фурсатдан фойдаланиб 30 га яқин шеърий тўпламлари чоп этилган отахон шоирни  яқинлашиб келаётган таваллуд айёми билан самимий табриклаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик, ишларида зафарлар тилаб қоламиз.

ТАҲРИРИЯТ.

  КИМГА ҲАЗИЛ, КИМГА ЧИН

– Мол топдим,-деб бир дўстимнинг хотини.
Жанжал қилар чиқармоқ бўб отини.
– Ишдан келсам тайёр эмас овқатим,
Айтавериб қуриди-ку тоқатим.
Солиҳ эрлар уй ишига қарашар,
Идиш-товоқ ювса ҳамки ярашар.
Аёл шошса туфлисини тозалаб,
Кундан-кунга эъзозлаши ҳам ошар.
Ажинлар тушмасин,-дея юзимга,
Қиламан пардозни қараб ўзимга.
Дедида сўнг ўзи ўйланиб қолди,
Қандай жавоб қайтарар,-дер сўзимга.
– Тилинга эрк бериб бермагин озор,
Ёр васлига бир кун бўлиб қолма зор.
Фарзандимни маҳрум этиб отадан,
Маломатда яшармисан бахтиёр.
Кўпкар чопиб аёл улоқ олмайди,
Ҳақоратлаб ёрин, обрў топмайди.
Ор номусин йўқотади баъзилар,
Вайсайвериб оғзин асло ёпмайди.
Бошда дўппи, белда белбоғ, йигитман,
– Бола-чақа дейман, елкамда кетмон.
Эркаклик бурчини адо этурман,
Қуюшқондан чиқиб хайқириб кетманг.
– Ҳазилни тушунмайсиз қўрқиб кетдим,
Ҳазилнинг зиллигин тушундим етдим.
Синовдан ўтдингиз дадаси аъло,
Доғ тушмагай эркак зотига дедим.
– Ҳазилга ўт тушсин, ҳазилингни қўй,
Ўғлимиз улғайиб чўзиб қолди бўй.
Тинчлик хотиржамлик бўлса агарда,
Шу кузга албатта биз қилурмиз тўй.

                       *  *  *

– Эр хотин бир бўлса, агарда ука,
Уйда бўлар файзу ҳамда барака
Бири кам дунёни тўлдириб бўлмас,
Шод ўтар бирликда тўй ҳам маърака.

ЧОҒА ҚИШЛОҚ

Чоға қишлоқ чоғ қишлоқ,
Жаннатмакон боғ қишлоқ.
Одамлари серғайрат,
Меҳнатидан бўлар шод.
Боғларида булбуллар,
Ҳар тонгда хониш қилар.
Тарқалади хушнаво,
Ҳар дардга бўлур даво.
Жуда гўзал сўлим жой,
Ошуқ бўлиб оқар ой.

             * * *

Ўша қишлоқ фарзанди,
Пўлат тўлар саксонга
Ўқилсин шеъру достон,
Жар солинглар ҳар ёнга.
Минг афсус орамизда,
Пўлат шоир ўзи йўқ.
Руҳини шод этайлик,
Кўнгиллари бўлсин тўқ.
Янграсин карнай-сурнай,
Даврада шодлик садо,
Яйрасин ёшу қари,
Байрамимизга мархабо.

ҲАҚИҚАТДАН ВОЗ КЕЧМА

Сенга атаб шеър битдим,
Ўқигина жон болам.
Ақлу ҳушинг борку-я,
Меҳринг қўйиб бўл ҳамдам.
Ота-она борида,
Эъзозлаган ютади.
Этолмаса агар шод,
Минг афсусда ўтади.
Бу дунё етари йўқ,
Бўлмас асло тўлдириб.
Қийнайверма ўзингни,
Рангинг қўйма сўлдириб.
Қайси ота истайди,
Фарзандин хор бўлишин.
Қайси фарзанд истайди,
Отага зор бўлишин.
Қариликда қарилик,
Бир кун борсан, бир кун йўқ.
Бўлсаларинг бағримда,
Кўнгил бўлар эди тўқ.
Дерлар дидор ғанимат,
Бу беш кунлик дунёда.
Оллох ўзи асрагай,
Умринг бўлгай зиёда.
Қайси ерда бўлсанг ҳам,
Қаторингдан бўлма кам.
Дард кўрмасинг қўл кўзинг,
Бўлгинг соғлом, бўл бардам.
Қўймасинлар Худойим,
Шодлик ҳамда кулкидан.
Асло жудо этмагай,
Берган ризқу мулкидан.
Кўрганимиз тўй бўлсин,
Шуҳрат топгин ҳар ишда.
Оқ-қорани таниб сен,
Машъал бўлгин турмушда.

УЙЛАНИШНИ ИСТАСАНГ


Уйлангинг келса агар,
Қизларнинг сарасига
Парво қилма ҳеч маҳал,
Оқ, сариқ, қорасига.
Сенга содиқ ёр керак.
Ор номуси бор керак.
Яхши ёмон кунингда,
Дилкаш вафодор керак.
Гўзаллар бор димоғдор,
Ўзин осмон тутади.
Бир хатога йўл қўйсанг,
Ўзга ёрни кутади.
Илми, одоб бўлса бас,
Гул-раънони излама.
Сўнгра эса дод солиб,
Нор туядек бўзлама.
Бой қизида ноз бўлар,
Саховати оз бўлар.
Тенгинг топиб уйлансанг,
Уйда баҳор, ёз бўлар.
Қадди расо ёр керак,
Ақли ҳуши бор керак.
Эрназар сўзи малҳам,
Бир парий рухсор керак.

ҚЎШ ХОТИНЛИК

Қулоқ осмай уйландим,
Зокир қизиқ гапига.
Тезда қўшиб олишди,
Хотинвозлар  сафига.
Тинч ҳаётим бузилди,
Сотиб олдим урушни.
Уруши ҳам майлига,
Жанжалга кон турмшни.
Куз келса дарахтларнинг,
Барги аста тўкилар.
Дош беролмай юрагим,
Чоки бир-бир сўкилар.
Бошим қолди чор ичра,
Эр талашу мол талаш.
Топиш керак бир чора,
Беролмай қолдим бардош.
Қўш хотинлик ёмон дер,
Умринг хазон этади.
Белдан қувват кетганда,
Сени ташлаб кетади.

ТЕРМА ҚЎШИҚ

Ёғоч ёрсанг билиб қўй,
Торашаси учади.
Кайфи ошган эркаклар,
Дуч келганни қучади.
Совутгичга гўшт солсанг,
Дам ўтмайин музлайди.
Ичиб келган эркакни,
Уйда хотин тузлайди.
Эр ва хотин тортишар,
Ўртасида битта шим.
Шимни икки бўлишиб,
Сўнгра бўлиб қолди жим.
Боғ гулласа гуллари,
Умри қисқа бўлади.
Ўйламайин сўзлаган,
Оғримайин ўлади.
Чиройли аёлларга,
Чиройли гап ярашар.
Иззат ҳамда икроми,
Кундан-кунга ҳам ошар.
Китоб очсанг авайла,
Йиртилмасин варағи.
Билмаганлар билсинлар,
Аёл уйнинг чироғи.
Қачон кўрсанг уйимиз,
Саранжому саришта.
Не истасанг муҳайё,
Нуқсони йўқ фаришта.
Ўша учун чорағон.
Эрта-ю кеч хонамиз.
Омон бўлсин ҳар доим,
Опа, сингил, онамиз.

Эрназар РЎЗИМАТОВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы