ЁНҒИНДАН ЗАРАР КЎРГАН ОИЛАГА ЁРДАМ

397 көрілім

Жарилқасин Азретбергенов раҳбарлик қилаётган вилоят оқсоқоллар кенгаши ҳайъати Ал Форобий кўчасидаги тадбиркор Нуриддин Шамшиев холис тақдим этган офисида Туркистон шаҳрида рўй берган  ёнғиндан зарар кўрган оилага ёрдам кўрсатди.

   Шаҳардаги Ўзбекали Жанибеков номли кўчадаги №25 уйда саҳар чоғи электр сими носозлиги туфайли рўй берган ёнғиндан уй тўлиқ ёниб кетган. Етти фарзандли оила саноқли дақиқаларда бошпанасиз, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, идиш-товоқсиз  қолди. Ҳатто ҳужжатлар ҳам ўтда ёниб кетди. Оқсоқоллар ҳайъати дарҳол ёрдам қўлини чўзиб, жабрланган оилага кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа жиҳозлардан кўмак кўрсатди. Оқсоқоллар ҳайъати раиси ўринбосари Жумадилла Кишибаев,  №8  кичик туман раиси Ғайбулла Алиакбаров, тадбиркор Мирзахон Файзиев, фахрий оқсоқол Тўлқин Саидмуродовлар баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишди. “Нур Бағжан” МЧБ раиси Жақан Ўнғар эса ушбу оилага янги бошпана қурилса, табиий газни бепул киритиб бериш вазифасини зиммасига олди. Ёнғиндан зарар кўрган оила соҳиблари Абдираимули Аманулла билан Алдияр Перизатлар кўзларида ёш ила ҳимматли инсонларга такрор-такрор миннатдорчиликларини изҳор этишди.

   – Ўтган олти ой бадалида вилоят оқсоқоллар ҳайъати ёнғиндан зарар кўрган 11 оилага ёрдам кўрсатиб, савобга сазовор бўлди. Бундай хайрли ишлар келажакда давом этади, – деди Жанубий Қозоғистон вилояти ва  Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси  Жарилқасин Азретбергенов. Оғир дамларда мусибатда қолган оилаларга ёрдам ташкил этаётган оқсоқолларимизга миннатдорчилик билдирамиз.

   Ш.МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы