ХҚТУ МАҚТААРАЛГА ГУМАНИТАР ЁРДАМ ЖЎНАТДИ

487 көрілім

Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети сув тошқинидан жабр кўрган Мақтаарал тумани аҳолисига гуманитар ёрдам жўнатди. Хусусан, ўқув даргоҳининг раҳбари, университет президенти Бўлатбек Абдирасилов ташаббуси ва биринчи вице-президент Женгиз Тўмарнинг қўллови билан Мақтааралдаги Фавқулодда вазиятга боғлиқ гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласи университет маъмурияти томонидан якдиллик билан қўллов топиб, ёрдамга озиқ-овқат ва кундалик турмушга зарур маҳсулотларнинг ўндан зиёд тури бўйича 10 тоннага яқин юк жўнатилди.

   Юклар ортилиб карвон сафарга чиқиш олдидан ўқув даргоҳи раҳбари Б.Серикбайули:

   –  Мақтаарал туманида ўрин олган сув тошқини фақат ўша ердаги маҳаллий аҳоли эмас, ҳар бир қозоғистонликнинг қалбига ботади. Офат айтиб келмайди. Эл бошига кун туққан шундай қийин дамда бир-биримизга кўмак қўлини чўзиб, қўллов кўрсатишимиз фуқаролик бурчимиздир. Оилаларига қийинчилик келган мақта-араллик бовурларимизни қўллаб, кўмаклашиш мақсадида университетимизнинг бажараётган бундай хайрия тадбири эзгу ният меваси эканлигини таъкидлаймиз. Ватандошларимизга сабр тилаймиз!

   Бу қийинчиликларни ҳам халқ бўлиб, эл бўлиб бирга енгишимизга ишончим комил,-деб йўлга чиққан карвонга омад тилади.

   Мақтааралга умуман олганда: 2 тонна макарон, 1 тонна ўсимлик мойи, 2 тонна гуруч, 1 тонна ун, 1 тонна қанд, 100 қути печенье, 1500 литрдан зиёд турли соклар, 20 блок памперс, 100 блок ҳожатхона қоғози, 200 кг конфет, 500 булка нон, 1000 дона совун, чой ва ҳаказо –  3 миллиондан зиёд маблағ маҳсулотлари юкланган «Камаз» автокўлиги йўлга чиқди. Карвонни ўқув даргоҳининг ижтимоий қўллов ва тарбия ишлари бўйича вице-президенти Амреқул Абуов ва университет фахрийлар кенгаши раиси Балғабай Нақипов бошлаб олиб боради.

   Таъкидлаш жоиз, бунга қадар мазкур ўқув даргоҳи  Арис шаҳридаги Фавқулодда вазиятга боғлиқ айнан шундай гуманитар ёрдам кўрсатган эди.

   Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони ёрилиб, натижада қўшни жойлашган Туркистон вилояти Мақтаарал  туманидаги 5 овулни сув босган. Фавқулодда вазият эълон қилиниб, сув офатидан зарар кўрган қишлоқ турғунлари хавфсиз жойга кўчирилди. Бу нохуш хабар ҳеч кимни лоқайд қолдирмади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы