“КЕНГФЕЪЛЛИ ҚОЗОҚ ХАЛҚИГА МИННАТДОРЧИЛИГИМИЗ ЧЕКСИЗ”

400 көрілім

   Биз Туркистонда 50 йилдан бери қозоқ биродарлари билан бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётган Турдиевлар хонадонига Шукрона куни арафасида ташриф буюриб, фикр-мулоҳазаларини тинглаган эдик.

    Қаҳрамонимиз уйғур миллати вакили Меҳринсо Турдиева 1944 йили Шарқий Қозоғистоннинг Тарбағатай минтақаси Шауешек шаҳрида туғилган. Қозоғистонга кўчиб келган йиллари 1961 йилларга тўғри келади. Аввало Шарқий Қозоғистон вилояти Аягўз туманига кўчиб келган Турдиевлар авлоди оила шароити билан уч йилдан кейин Тошкентга кўчган. Шундан кейин тақдир тақозоси билан Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрига кўчиб кетган. Туркистон шаҳрига эса 1971 йили келган Турдиевлар оиласи Худо хоҳласа мана ярим аср бўлди, кўҳна шаҳарда бахтиёр ҳаёт кечирмоқда.

– Пешонамга ёзилгани шу бўлса керак турмушга 17 ёшимда чиқдим. Отам Рўзиохун ҳамда онам Рабиханнинг намунали тарбияси ҳаётда барча қийинчиликларни енгиб ўтишга туртки бўлди. Илк қадам ранжида қилган Аягўз тума-нида бизга барча шароит яратилди. Яъни, иш билан таъминлади, деҳ-қончилик билан шуғулланиш учун махсус ер ажратди. Шу кунга қадар ёдимда уй томорқа (15 сўтих) ердан 15 тонна сабзи ҳосилини олганмиз. Қучоғини кенг ёйган қозоқ эли ўша йиллардан буён бизга ўз ғамхўрлигини аямади. Ушбу қутлуғ заминда авлодимиз ўсиб-униб, ўз тирикчилиги билан шуғулланмоқда, – дейди Меҳринсо она.

1994 йили кенжа ўғли Баҳром билан мусулмончиликнинг 5 фарзининг бири ҳаж сафарига бориб келган Меҳринсо онамиз муқаддас шаҳарга кўчиб келгандан буён умумий овқатланиш ҳамда савдо соҳасида самарали меҳнат қилиб нафақадорликка чиққан. Меҳринсо онахонимиз бу дунёдан риҳлат қилган турмуш ўртоғи Маҳмуд ака билан Дилшод, Бахтиёр, Мохигул, Баҳром исмли фарзандларни тарбиялаб вояга етказиб, бугунда пири бадавлат хонадон соҳибаси. Шу кунлари ўз касби билан шуғулланиб юрган ўғиз-қизлари ҳаётда ўз ўринларини топган бахтиёр инсонлар. Жумладан ўғли Дилшод ва Баҳром жиҳоз ишлаб чиқариши билан шуғулланса, Баҳтиёр ва қизи Моҳигул халқ олқишига сазовор бўлган моҳир ошпазлар. Аниқроқ айтсак, кўпчиликнинг севимли таоми уйғур мантисини тўй ва маъракаларда тайёрлаб, мазали таомлари билан кўпчиликнинг кўнглидан чиқмоқда. Бирлиги ярашган хонадоннинг келинлари ўзбек, уйғур, рус миллати вакилларидан иборат.  Пири бадавлат хонадоннинг тўрини безаб ўтирган ҳожи онамиз бугунда 14 невара, 13 чеваранинг атрофида бахтиёр ҳаёт кечирмоқда.

Дўстлик ва бирликни туғ этган Шукрона кунида 77 ёшдаги мўътабар она “Элбошимиз, Тўнғич Президентимиз Нурсултан Назарбаевга, бугунда ўзининг оқилона сиёсатини олиб бораётган Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаевга миннатдорчилигимиз чексиз. “Эллик йилда эл янги” деганларидек Туркистон шаҳрида буюк ўзгаришлар бўлмоқда. Кундан-кунга янгиланиб, яшнаб келаётган шаҳримизни янада порлоқ кунлар кутиб турганига ишончим комил. Элимиз омон, юртимиз тинч бўлсин”,-деб оқ фотиҳасини берди.

Райимжон АЛИБОЕВ,

“Туркистон”.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы