БИРЛАШМАНИНГ МАҚСАДИ – КАСАБА УЮШМА АЪЗОЛАРИНИ ҚОНУН ДОИРАСИДА ХИМОЯ ҚИЛИШ

447 көрілім

    Суҳбатдошимиз – “Қозоғистон Таълим ва фан соҳаси касаба уюшмаси Туркистон вилоят ташкилоти” жамоа бирлашмаси раиси ўринбосари Жандўс Шайдуллаули. Ушбу ташкилот раиси таниқли устоз, олим, маориф соҳаси фидойиси, собиқ гуманитар-техника, ҳозирги кўп соҳали бадиий коллеж директори Айдос Кенжеханули Абпазов. (А.Абпазов ташкилотга раисликни жамоатчилик асосида амалга оширади). Суҳбат асносида вилоят кўламидаги  касаба уюшмаси ташкилоти мақсад, вазифалари, режалари, бажарилган ишлар хусусидаги мавзулар қамраб олинди.

   – Жандўс Шайдуллаули, сизлар раҳбарлик қиладиган касаба уюшмаси жамоа бирлашмаси қачон қурилган, бажарилган, бажариладиган иш тадбирлар режаси ҳақида гапириб берсангиз?

   – Жамоа бирлашмамизнинг расмий фаолияти  адлия бошқармасида рўйхатга олинган 2020 йилнинг 13 ноябридан  бошланади. Номи ҳам айтиб турганидек мақсадимиз Туркистон вилоятидаги Таълим, фан, тарбия соҳасидаги мураббий устозларни касаба уюшмаси жамоа бирлашмасида бирлаштириш ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш. Яъни, умумий ўрта мактаб, коллеж, болалар боғчасидаги устоз педагоглар касаба уюшмаси бирлашмамизнинг асосий аъзолари ҳисобланади. Айни пайтда  мазкур вилоят касаба уюшмаси  аъзолари сони 13 мингдан зиёд кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич кун оша кўпайиб бормоқда. Асосий мақсадимиздан бири касаба уюшмаси аъзоларини, бошланғич уюшмаларни моддий қўллаб-қувватлаш, ҳамда уларнинг манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллов кўрсатиш, меҳнат муносабатларини тартибга келтириш. Таъкидлаш жоиз, ўтган йил март ойида бошланган пандемия сабаб жорий этилган карантин туфайли иш берувчилар билан иш олувчилар ўртасида кўплаган, кутилмаган, бунга қадар бўлмаган вазиятлар юзага келди. Масалан, масофадан ўқитиш шароитида ўқитувчиларнинг, устоз мураббийларнинг ойлик иш ҳақини тўғри ҳисоблаш. Иккинчидан, давлат миқёсида барча устоз, ўқитувчилар ойлиги оширилди. Лекин, мактаблардаги кутубхона ходимлари, ҳисоб (бухгалтерия) мутахассислари  ойлик иш ҳақи ўзгармади. Вилоятимиз кўламида эса шу зикр этилган касб соҳиблари кўпчиликни ташкил этади. Мана шу, ва бошқа турли масалалар бўйича биз юқори республика ташкилотларига 42 та нақд савол ва таклифлар йўлладик. Бизнинг касаба уюшма жамоа бирлашмамизнинг ўзига хос хусусияти ҚР таълим  ва фан вазирлиги, шунингдек, республика миқёсидаги  устозлар касаба уюшмаси  билан тиғиз ҳамкорликда фаолият юритамиз. Республика касаба уюшмаси  ташкилоти раисаси Айгул Мақсатқизи Мукашева мен қайд этган барча масалалардан яхши хабардор. Ечимини кутамиз. Яна бир ўзгачалик – Туркистон минтақасида ўз ихтисосини ажойиб ўзлаштирган иқтидорли устозлар кўп. Биз Таълим ва фан вазирлиги томонидан Туркистон вилоятидаги, унинг маркази Туркистон шаҳридаги мана шундай мукофотга муносиб устозларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб тақдирлашга шароит яратсак, деган холис эзгу ниятимиз бор. Ушбу ҳамда  келажак  уч йилга мўлжалланган  режаларимиз Рахим Жўлаев раҳбарлик қиладиган “Туркистон вилояти инсон салоҳиятини ривожлантириш бошқармаси” давлат муассасаси билан “Қозоғистон Таълим ва фан ходимлари соҳа касаба уюшмаси“  Туркистон вилоят бўлими жамоа бирлашмаси ўртасида 2021-2023 йилларга тузилган ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатда ўз ифодасини топган. Айтмоқчи бўлганим, келажакда бажариладиган ишлар кўп. Биз бошланғич касаба уюшмаларига кўпроқ моддий қўллов кўрсатишни режаладик.

   – Ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?

 – Ихтисосим бўйича қонуншунос, юристман. Тароз шаҳрида, Туркистондаги ХҚТУ да олий билим олдим. Ҳуқуқни ҳимоялаш органларида ишладим. Сўнгги йилда эса пойтахт Нур-Султан шаҳрида меҳнат қилдим.

–   Ишга, янги режаларга омад, саодат ҳамроҳ бўлсин.

Ш.МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы