“ЭСКИ” СЎЗИНИ ОЛИБ ТАШЛАШ КЕРАК

643 көрілім

Яшаш учун ўзгара билиш керак.

                                       Элбоши Н.Назарбоев.

Иқон қишлоғининг номига “Эски” сўзи қўшилиб, “Эски Иқон”  бўлганига 106-107 йил бўлди.

Иқон қишлоғидан бир гуруҳ оилалар 1913-1914 йилларда Қоратоғ бағридан оқиб келаётган ва кўплаган булоқлардан чиқаётган сувлардан фойдаланиш  мақсадида Ибота аҳоли манзилига кўчиб чиқа бошлаганлар ва бу манзилнинг номини “Янги Иқон” деб атаганлар.  Шу сабабли Иқон қишлоғига  “Эски” сўзи қўшилиб, “Эски Иқон” бўлиб қолган.

“Иқон” сўзи сўфийлик илми тасаввуф  билан боғлиқ атама бўлиб, ишонч, эътиқод, имон деган маъноларни билдиради.

Профессор Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф” китоби (иккинчи китоби)дан қуйидаги парчани кўчирсак фикримизга янада аниқлик киритган бўламиз:

“ … Кўринадики, Нажмиддин Қубро ранглар ва уларнинг маъноларидаги етти ранг ҳислатини  етти тушунчага мослаб тушунтирган. Унингча, оқ ранг – Исломни, сариқ ранг – имонни, зангори ранг – эҳсонни, яшил ранг – итминонни (ишончни), кўк ранг – иқонни (тўлиқ ишонч), қизил ранг – ҳаяжонни (ҳайратни) англатади…”  Парчадан маълум бўладики, “Иқон” сўзи – “тўлиқ ишонч” деган маънони  билдирар экан.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да “имон” сўзига Худога бўлган ишонч, эътиқод деб изоҳ берилади. Демак, имон, ишонч, эътиқод сўзлари бир хил маъно беради. “Эътиқод” сўзига эса  “тўлиқ ишонч”, “имон” деб изоҳ берилади, чунки  имон, иқон (тўлиқ ишонч), эътиқод деган сўзлар бир хил маънони билдиради.  Биз “эски” сўзини изоҳлаб ўтирмадик, чунки буни изоҳлашнинг ўзи ноқулай.

Ҳамқишлоғимиз, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир оғамиз ҳам “иқон” сўзини тўғридан-тўғри имон, эътиқод деб тушунтирган. Шунинг учун “иқон” сўзига “эски” сўзини қўшиб, “Эски Иқон” деб аташ ножоиз  деб ҳисоблаймиз.

Биз Эски Иқон қишлоқ округи ҳокимиятидан қишлоғимизнинг номидан “Эски” сўзини олиб ташлаш масаласини тегишли ташкилотлар олдига қўйишини илтимос қиламиз.

Сени чаман кўргум келар, Иқоним,
Чаманимсан, эътиқодим, имоним.
Етар юз йил “Эски” бўлиб яшадик,
Янги жамолинга етмоқ, армоним.

                        (Фарҳод Яссавийзода)

Фарҳод РАХИМОВ,
Халқаро психология фанлар акадимиясининг Фахрий академиги.
Ирисқул АББОСОВ,
Қозоғистон Республикасининг Маданият арбоби, Туркистон шаҳрининг Фахрий фуқароси, Туркистон вилоят Оқсоқоллар ҳайъатининг аъзоси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы