ПАХТА: ХОМ АШЁ ЭМАС ТАЙЁР МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА ЭРИШИШ

566 көрілім

Суҳбатдошимиз – Эски Иқон қишлоғидаги «Туркистон-насия» МЧБ насия биродарлиги раиси, доимий обуначимиз Раҳмонжон Мавлонов. Суҳбат мавзуи – бугунги деҳқончилик, хусусан, пахта етиштириш муаммолари ҳамда келажаги хусусида.

– Ўтган асрда  Қозоғистон Олий Кенгаши депутати Эркин Аббосов Иқонда пахтачилик совхозига  раҳбарлик қилган даврларда  бу замин Туркистонда асосий пахта етиштирадиган ҳудуд бўлиб шаклланган, Туркистон умумий пахта хирмонининг учдан бир улуши Иқонга тўғри келар эди. Бу анъана бугунги кунда ҳам сақланиб қолганлигини жорий йилда  Иқонда 5576 гектар майдонда  пахта етиштирилганлиги билан изоҳлаш мумкин.

– Тўғри, лекин 2020 йилнинг пахта хирмони машаққати мўлроқ бўлди, сабаб – хомашё баҳоси маҳсулот етиштиришга сарфланган ҳаражатни кўп ҳолларда оқламай қолди. Мен ОАВ мухбирларига   берган мусоҳабамда бугунги вазиятни ўнглаш учун Қозоғистон пахтасини  етиштирадиган Туркистон  вилояти, хусусан, Иқонда пахтани қайта ишлаб саноат асосида маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш орқалигина ушбу соҳа истиқболини, келажагини сақлаб қолиш мумкинлигини мисоллар билан кўрсатдим. Яъни, масалан, салмоғи бир кило ҳам келмайдиган  пахта толасидан Ўзбекистонда  тайёрланган  ҳаммом сочиғининг бозор нархи саккиз минг тенгедан…  сотилмоқда. Бизнинг деҳқонлар чигит экиб, ғўзани суғориб, ҳосилни етиштириб  кўп меҳнат қилиб  пахта килосини  160 тенгедан териб топширишди. Икки ярим – уч кило хом ашёдан бир кило тола олинишини эътиборга олсак  хом ашё билан тайёр маҳсулот орасидаги баҳо тафовути жуда катта. Лекин бу тафовутдан деҳқонга наф йўқ.  То деҳқон «оқ олтин» етиштириб меҳнатига яраша ҳақ олмаса, ушбу соҳанинг келажаги порлоқ бўлмайди. Давлатимиз қўллаб қувватласа биз ҳам пахтамиздан рақобатбардош бозорбоп  маҳсулот ишлаб чиқаришга эришсак, нур устига нур. 

– Деҳқонлар сув таъминоти, ғўзани  суғориш масаласида ҳам қийинчиликларга дучор, шундайми…

– Менинг ўғлим бир неча гектар майдонда пахта экиб ариқдан, сўнгра қўшимча қудуқ қазиб унинг  сувидан ҳам ғўзани суғорди. Қониб ичган ғўза ҳосили шунга яраша мўл бўлди – биринчи теримда комбайн гектаридан 47 центнердан ҳосил олди. Қолган ғўзапояни пахтаси билан ўриб рўзғорга ишлатяпмиз – аввал чорвага тўйимли  озуқа, ундан  кейин ажойиб  ўтин ўрнида. Демоқчиманки, пахта, ғўзапоя, чорва озуқаси – ҳаммаси чамбарчас боғлиқ. Ҳаммаси рўзғорда асқотади.  Биз пахтачиликни ривожлантиришимиз, янги босқич даражага кўтаришимиз керак. Пахтачилик маданиятидан воз кеча олмаймиз. Пахта билан мисли эт билан тирноқдек бўлиб кетганмиз. 

– Давлатимиз деҳқончиликдаги тадбиркорликни насия биродарлиги орқали молиявий қўллаб келган. Сиз Бўстон Камолов билан бирга шу ташкилотни Туркистонда биринчи бўлиб ташкил этиб пойдеворини яратдингиз. Бугунгача «Туркистон – насия» биродарлиги қурултойчиларига жами  8 млрд тенге насия маблағи улаштирилиб ўнлаб, юзлаб тадбиркорлик  лойиҳалари  молиялаштирилди. 

– Тўғри, биз ҳам дастлаб Шимкент, Сайрам тажрибасидан қунт билан  ўрганиб иш бошладик. Биздан кейин Қарноқда, Қорачиқда, Чўрноқда шундай насия биродарликлари ташкил этилиб муваффақиятли иш юритмоқда. Давлатимизнинг тўғри ва оқилона молиявий  сиёсати шарофати билан кўплаб ажойиб  лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилди, янги иш ўринлари яратилди.  Бугунги кунда биз учун муҳим мақсад – Элбошимиз томонидан қўйилган  пахта кластерини ҳаётга тадбиқ этиш. 

– Қиссадан ҳисса – пахта етиштирадиган  деҳқончиликда ҳали қўлланилмаган имкониятлар кўп. Агротехника талабларига риоя қилиш, етарлича  суғориш, ҳосилни тўплаш масаласида. Хориждаги пахтакор деҳқонлар ҳосилдорлиги бизлардагидан икки – уч баравар юқори. Шу боис, улар хом ашё баҳоси борасида кўп қийналмайди. Уларда қайта ишлаш саноати  яхши ривожланган.  Бизда ҳам шундай кунлар келишига ишончимиз комил. 

– Суҳбатингиз учун ташаккур. 

Ш.МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы