“ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ДАВЛАТ ТАСАРРУФИГА ЎТИШИ КЕРАК”

398 көрілім

Вилоят маслаҳати депутати, «Иасси» консорциуми раиси, доимий жамоатчи обуначимиз Умбет Абилдаули ЖУСИПБАЕВ (тасвирда) билан мулоқотимиз унинг муҳим мавзу – «Энергопоток» МЧБ- нинг электр энергияси билан таъминлаш баҳоси ўсиши хусусидаги ахборот муҳокамасига бағишланган йиғилишдаги иштирокидан сўнг бўлди.

   ҚР Миллий иқтисодиёт вазирлигининг табиий монополияларни тартибга келтириш қўмитаси Туркистон вилояти бўйича департаменти раҳбари вазифасини бажарувчи Айбек Егембергенов раислик қилган ҳамда Шимкент шаҳри ва Туркистон вилояти аҳолиси, жамоат ташкилотлари, ҳокимликлари иштирокида онлайн тартибда ўтган ушбу анжуманда депутат У.Жусипбаев шахсан иштирок этиб, ҳайъатдан туриб кўп таклифлар, талаблар, ҳамда электр энергияси таъминоти соҳасини давлат тасарруфига ўтказиш таклифини яна бир бор илгари сурди. Бу таклифни нафақат кўпчилик, балки электр энергияси таъминоти билан шуғулланувчи ташкилот вакиллари ҳам тўғри қабул қилишди.

   – Ҳурматли Умбет Абилдаули, энергетика, хусусан электр таъминоти соҳаси ҳар бир оилага, ҳар бир тадбиркорга, ҳар бир ташкилотга алоқадор кенг мавзу. Сиз электр таъминотини давлат тасарруфига ўтказиш керак, деган таклифингизни рақамлар, амалий далиллар билан исботлаб берсангиз?

   – Электр таъминотини давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифимнинг асослари кўп. Биринчидан, ҳозир карантин, жаҳон бўйлаб пандемия офати давом этмоқда. Электр таъминоти корхоналари март ойидан, дастлабки карантин эълон қилингандан бошлаб истеъмолчилар учун имтиёзли шароитлар яратиб беришган. Бу – тўлов ва бошқа жараёнларда аксини топади. Лекин, турли иқтисодий сабабларга кўра ҚР энергетика вазирлиги электр энергияси баҳосини уни ишлаб чиқарувчи корхоналар харажати 0,7 фоиздан 25 фоизга ошиши сабабли август ойи бошидан, хусусий шахслар учун баҳони 6 фоиз, ҳуқуқий шахслар учун 11,1 фоиз кўтариш ҳақида тавсияси бежиз эмас. Бу жараён июль ойида амалга ошиши лозим эди. Аммо, ҳозирги қийин шароитда нарх ошиши ҳам даргумон. Бироқ, электр таъминоти, яъни электр энергиясини ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етказиб берувчи корхоналарнинг ҳам ўз сарф-харажатлари, ўзига хос муаммолари, хуллас ўз ҳисоб-китоблари бор. Улар март ойидан буён истеъмолчиларнинг барча шартларига чидаб келишмоқда. Лекин, сабрнинг ҳам чегараси бор. Улар, агар сарф-харажатлари, маблағлари ўрни тўлдирилмаса электр таъминоти жараёнида узилишларга йўл қўйилиши мумкин. Амалда бу қандай салбий оқибатларга олиб келади.

   Ҳозирги пандемия авж олган мураккаб шароитда шаҳримиз, вилоятимиз, республикамизда соғликни сақлаш муассасаларида минглаб беморлар сунъий нафас олиш мосламалари, кислород билан таъминлаш жиҳозларига уланган. Электр таъминотида узилиш бўлса, беморлар ҳам азият чекиши табиий. Масаланинг ечими битта – электр таъминотини давлат ўз тасарруфига олиши керак. Мен иштирок этган йиғилишда март ойига қадар (карантин бошлангунга қадар) Кентов шаҳрида электр энергияси учун пулни ўз вақтида тўламаган абонентларни тармоқдан узиб қўйиш ва яна улаш учун минг тенге талаб этилиши ҳақида савол тушди.

   Эътибор қаратинг, бу – карантин бошлангунга қадар бўлган воқеа. Карантинда, яъни айни паллада аҳолининг, тадбиркорларнинг тўлов қобилияти ўта паст, яъни электр таъминоти ташкилотлари молиявий инқирозга учраши мумкин. Шу боис, яна бир карра таъкидлайдиганим – электр таъминотидек аҳолининг барча табақасига хизмат кўрсатадиган йирик соҳа давлат, яъни бюджет тасарруфига ўтказилса, юқорида зикр этилган барча масалалар ўз-ўзидан барҳам топади. Яъни, харажатлар масаласида давлат бюджети бу соҳани ўз тасарруфига олиши керак.

   – Сизга ушбу йиғилишда мазкур ҳужжатларни муҳокама қилишда келажакда эксперт сифатида иштирок этишингизни таклиф қилишди. Ушбу мавзуда яна қандай таклифларингиз бор?

   – Депутат, ҳамда 25 мингдан зиёд сайловчиси бор халқ вакили сифатида ушбу мавзу менинг доимий диққат марказимда бўлиб келган. Бу ҳақда шаҳар, вилоят, республика мутасадди ташкилотларига ҳам ёзма равишда мурожаат қилиб, расмий жавоб олганман. Туркистон вилоятида электр энергияси (табиий газ ҳам) баҳоси мамлакатимизнинг бошқа минтақаларига қараганда анча юқори. Ишлаб чиқарувчи билан истеъмолчилар орасидаги даллол ташкилотларни йўқ қилиш керак. Жуда кўп муаммо, қийинчиликларга сабаб бўлган пандемияга боғлиқ эълон қилинган карантин яна қанча давом этишини, олти ой, ёки бир йилми, ундан ҳам кўпми ҳеч ким билмайди. Масала эса ечимини кутмоқда.

   – Суҳбатингиз учун ташаккур.
Ш. МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы