КАМОЛОТГА МЕҲНАТ БИЛАН ЭРИШИЛАДИ

649 көрілім

ёки ватан маҳсулот ишлаб чиқариш пешқадамлари

   Мақоламиз қаҳрамони – Камолжон Олимжон ўғли Йўлдошев. «Туркистон»нинг жонкуяри. Доимий обуначимиз «Гранд Микс» корхонасида директор ўринбосари. Ушбу корхона  фаолияти газетамизда  кўп маротаба суратли мақолалар билан ёритилган.

   Камолжон Йўлдошев шу ойда пайғамбар ёши таваллуд тантанасини нишонлайди. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўли СССР таркибидаги Қозоғистон Совет Социалистик Республикаси ҳамда Мустақилликка эришган Қозоғистон мамлакати равнақи билан чамбарчас боғлиқ. 1957 йили Туркистон шаҳрида Олимжон ота ва Жаннат аянинг пири бадавлат ва серфарзанд  хонадонида дунёга келди. Некрасов номидаги ўрта мактабдан сўнг Павлодардаги индустриал олийгоҳда муҳандис-қурувчи факультетида таҳсил олди. Факультет комсомол қўмитаси котиби, студентлар кенгаши раиси бўлди. Жамоат ишларидаги фидойилиги учун Павлодар вилояти ижроия қўмитаси томонидан Фахрий ёрлиқ ҳамда 1980 йили Италияга бепул туристик саёҳат йўлланмаси билан тақдирланди. Ҳарбий хизматда ҳам ҳарбий қисм комсомол қўмитасининг котиби, танк взводи командири бўлиб хизмат қилди. Намунали хизмати учун Қирғизистон комсомоли марказий қўмитаси ҳамда Бутуниттифоқ комсомолининг махсус ёрлиқлари билан тақдирланган. Комсомол ташкилотидаги самарали меҳнати  эвазига аъзолик комсомол билети бир умрга ўзида сақлашга қолдирилган. 

   Турли йилларда Камолжон Олимжон ўғли Туркистондаги  турли корхоналарда, ўқув даргоҳларида, Туркистон туман партия қўмитасида, мустақиллик йилларида эса хусусий корхоналарда –  «Туркистон»,  «Шавгар», «Маҳкамбой ота» МЧБ да самарали меҳнат қилди. Туман партия қўмитасида Рўзақул Холмуродов, Раҳматулла Тўйчибоев, тадбиркорлик соҳасида Эркин Жўрабеков каби кўплаб  ажойиб инсонлар билан меҳнат қилди. Улардан ўрганди ва ибрат олди.

    2013 йилнинг мартидан бошлаб ёш ва иқтидорли  тадбиркор  Собиржон Исхоқов раҳбарлик қилаётган «Гранд Микс»  фирмасида директор ўринбосари бўлиб самарали  меҳнат қилмоқда. Туркистонга вилоятдан, пойтахтдан, хориждан келадиган аксарият расмий делегациялар «Гранд Микс» мебель корхонаси фаолияти, ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар  билан танишиб чуқур қониқиш ҳосил қилади. Корхона вилоят, республика кўламида нуфузли кўргазмаларда сифатли маҳсулотлари билан иштирок этиб, фахрли ўринга сазовор бўлишида Камолжон аканинг ҳам хизматлари бор.  Корхонанинг манфаатларини ҳимоя қилиб вилоят, республика кўламидаги катта анжуманларда Камолжон Олимжон ўғлининг минбарда аниқ, лўнда гапирганининг талай марта гувоҳи бўлганман. Иш кўзини, моҳиятини биладиган, сифатли,  ватан маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кўпайтириш,  давлатимизнинг бугунги кундаги тадбиркорликни ривожлантириш  қонунларидан яхши хабардор бўлган Камолжон акани вилоятимиз тадбиркорлари ва соҳа раҳбарлари яхши билишади, ҳурмат қилишади.

   Оила муқаддас қўрғон. Камолжон ака умр йўлдоши, устозлик соҳасида меҳнат қилиб эъзоз топган, бугунги кунда нафақадаги  Ширин Ўтапберган қизи билан Феруза, Шерзод, Дилфуза,  Дилнура, Шохрух  исмли қобил фарзандлар тарбиялаб, ширин-шакар неваралар кўрган пири бадавлат оила соҳиби. Фарзандлари тадбиркорлик, устозлик ҳамда тиббиёт соҳасида меҳнат қилиб, таҳсил олишмоқда.

Ш.МАДАЛИЕВ.

P.S.: Пайғамбар ёшини қаршилаётган Камолжон Олимжон ўғлини самимий  муборакбод этиб мустаҳкам саломатлик, омад, невара, эвара, чеваралар камолини кўриб кексалик гаштини сураверишда тилакдошмиз. Вилоят маркази Туркистон шаҳри равнақига билими, тажрибаси ва нуфузи билан ҳали кўп ва мўл  ҳисса қўшишига ишончимиз комил.  

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы