ЧЎРНОҚЛИК ҚАҲРАМОН ЁКИ 21 ЁШИДА ВАТАН УЧУН ЖОНИНИ ҚУРБОН ЭТГАН ҚУРБОНБОЙ ИРИСБЕКОВ ҲАҚИДА

640 көрілім

Бу йил тугаганига 75 йил тўладиган Улуғ Ватан урушида Қозоғистондан қатнашган юртдошимиз мислсиз мардликлари учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлган. Мақоламиз қаҳрамони, чўрноқлик Қурбонбой Ирисбеков ҳам марду майдонлардан бири эди.

У 1922 йили Чўрноқда таваллуд топган. Урушга қадар мактабда тарих ва география фанлари ўқитувчиси бўлган. Урушга 20 ёшида – 1942 йилнинг баҳорида сафарбар этилган. Салоҳияти, ташкилотчилик қобилияти ва билими боис ўқчилар взводи командири, кичик лейтенант унвонига сазовор бўлди.

1943 йилнинг 15 сентябрида Вира қишлоғи учун бўлган жангда унинг взводи олдинги қаторда ёв қамалини бузиб киради. Душманни ваҳимага солиб қувлаб, ҳеч қандай талафотсиз қишлоқни озод этишга эришадилар. 1943 йилнинг 6 октябрида Қурбонбой Ирисбековнинг взводига Днепрдан биринчи бўлиб ўтиб, дарёнинг ўнг томонидаги керамика институти биносини эгаллаш вазифаси қўйилади. Топшириқ ўта қийинлигига қарамасдан Қ. Ирисбеков взводидаги қуролдош дўстлари билан ёвнинг ўқи ёғиб туришига қарамасдан Днепрнинг ўнг томонига жанг билан ёриб ўтиб, фашистларни доғда қолдиради.

Немислар институтни уч томондан астойдил ҳимоя қилади. Лекин, Қ. Ирисбековнинг взводи ёвнинг бир рота аскарини йўқ қилиб, бинони озод этади. Қ. Ирисбековнинг ўзи шу жангда 15 нафар немис аскарини йўқ қилади. Шу куни немислар яна бир неча марта қарши ҳужумга ўтганига қарамай 50дан зиёд аскарларидан айрилиб, чекинишга мажбур бўлишади. Шу жангда кичик лейтенант Ирисбеков оғир яраланади. 21 ёшида мардлик намунасини кўрсатиб, душманни яксон қилган мард, Ватанини, қадрдон заминини жондан азиз кўрувчи Қурбонбой Ирисбековга СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1944 йилги 10 январдаги қарори билан Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади.

Қаҳрамоннинг отаси Ирисбек Қурақов 1951 йили Москвага – қўмондон К. Е. Ворошилов қабулига бориб, ўғлининг қабрини қидираётганини айтади. Ҳарбийлар кўмагида Қурбонбой Ирисбековнинг қабрини Украинанинг Яцки қишлоғида топиб, унинг исми-шарифи битилган монументни топадилар. Қаҳрамон аскар Қурбонбой Ирисбековнинг укалари Йўлдонбой ва Азимбой Ирисбековларнинг фарзандлари мардликда миллионларга намуна бўлган аждодларининг номини абадийлаштириш, мардлигини ёш авлодга тарғиб қилишда кўп хизматларни адо этмоқдалар. Чунончи, узоқ йиллар устозлик қилиб нафақага чиққан фахрий муаллим Қурбонбой Ирисбеков, «Туркистон-насос» МЧБ бошлиғи Қаҳрамон Ирисбековларнинг саъй-ҳаракатларини ифтихор билан тилга олиш мумкин. Ўтган йили Ғалаба байрами арафасида Чўрноқ қишлоқ округида Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қурбонбой Ирисбеков шарафига қўйилган ёдгорлик қаҳрамон аскар номидаги мактаб-интернат ҳовлисига кўчирилди. Худойи оши дамланиб, элга таратилди. Шу тадбирда сўзга чиққан нуроний оқсоқол, Чўрноқ қишлоқ округининг собиқ ҳокими Еркинбек оғанинг хотира сўзлари ёдимга муҳрланиб қолган: «Саксонинчи йиллари вилоятимиздаги мактаб-интернатларни, хусусан, қишлоғимиздаги билим даргоҳини ҳам қисқартириш зарур бўлиб, вилоятдаги мутасаддилар ҳузурига устозлар номидан битилган хатни олиб борганимизда улар «Чўрноқ қишлоғидаги Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қурбонбой Ирисбеков номидаги мактаб-интернат» жумласига эътибор қаратиб, бизнинг осуда ҳаётимиз учун жонидан кечиб жанг қилган қаҳрамон аскар хотираси ҳурматини жойига қўйишимиз лозим”, дейишганди. Пировардида мактаб-интернат қаҳрамон аскар шарофати билан қисқартирилмай, фаолиятини давом эттирди. Урушдан кейин ҳам тинч замонда обрў-нуфузи, салмоқли номи билан юзга яқин ҳамқишлоқ устозларни ишсиз қолиш хавфидан сақлаган қаҳрамон аскар Қурбонбой Ирисбековнинг хотираси абадий, охирати обод бўлсин!

Ш.МАДАЛИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы