ОЙЛАРНИНГ СУЛТОНИ РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

781 көрілім

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Қадр кечасида нозил қилгани ҳақида шундай марҳамат қилинади:

«Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббларининг изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунича салом бўлиб туради» (Қадр сураси, 1-5-оятлар).

Рамазон – ойларнинг султони, ундаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан афзал ва мўътабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Оятдаги «минг ой» жумласи маълум вақтни кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин, яъни Қадр кечаси минг ойдан ва ундан кўпроқ муддатдан афзал, деган маънони ҳам билдиради.

Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар осмондан ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омин» деб туришади.

Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Эй мўъминлар! Сизлардан аввал ўтган бандаларга фарз қилингани янглиғ, сизларга ҳам рўза тутмоқ фарз қилинғайдир. Шоядки, сизлар тақво қилсангизлар!». (Бақара: 183-184). Ва яна: «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган (Бақара. 185).

Рўза тутмоқликнинг маънавий ҳамда сиҳат-саломатликка фойдаси бисёр. Шунингдек, у инсонда сабрни тарбиялайди. Сабр нафсни – қайғу ва аччиқланиш, тилни – шикоятдан ва аъзоларни – ташвишдан тутиб туришдир. Сабр – бало етганда гўзал одоб ила туришдир. Сабр – изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

Рўзадор бандаси ҳар бир кунини Аллоҳ Таолога иймон келтирган ҳолда, очлик, чанқоқликда ўтказади. Бирор сабаб боис рўзадорнинг жаҳли чиқса, рўзанинг ҳурмати деб, уни жиловлаши даркор. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Ким рамазон ойининг рўзасини эътиқод, иймон ва ихлос билан тутса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади деган. Пайғамбаримиз (с.а.в) яна бир ҳадисларида “Рамазоннинг боши раҳмат, ўртаси кечирим, поёни дўзах ўтидан қутулиш демакдир”, деган.

Аллоҳ таолодан нақл қилиб айтганларки: «Ҳар бир одам боласининг амали ўзи учун, илло рўзаси бундан мустаснодир. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим берурман». Чунки, рўза бошқа ибодатлар каби инсон кўзи тушадиган, барча хабардор бўладиган амал эмас. Уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўра олмайди. Шу сабаб Аллоҳ таоло бу амалнинг мукофоти ёлғиз ўзига тааллуқли эканининг хабарини берди.

Аллоҳ Таоло бу ойда рўзадор бандасининг барча гуноҳларини кечирар экан, мўмин қуллари ҳам бир-бирларини кечира билиши даркор. Пайғамбаримиз (с. а. в) бир ҳадисларида умматларини шундай деб қувонтирди: “Кимда-ким рамазон ойининг иймони билан савобини Аллоҳдан кутиб, рўза тутса, аввалги гуноҳларининг ҳаммаси кечирилади». Эътибор қаратинг, ишонч билан бир ой рўза тутилса, бандасининг барча гуноҳларини оламларнинг Роббиси кечиришга тайёр. Бундай имконият фақат Муҳаммад (с.а.в) умматларига берилган имконият ҳамда мукофотдир.

Яна бир ҳадисларида Пайғамбаримиз (с.а.в) рўзадорнинг икки катта саодати бор, деган.

Оғиз очганида (ифторлик) қувонади ҳамда Роббиси билан кўришганида рўза тутганига қувонади, деган. Рамазон – кўплаб савоблар йиғиладиган ой. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад (с.а.в) рўзадор одамга ифторлик берган мусулмонга рўза тутганнинг савобини беради.

Яъни, бундан рўзадорнинг савоби камаймайди.Рамазон ойи – гуноҳлардан покланадиган ой. Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дейди: «Рўза – қалқон. Бандаси рўза тутиш орқали дўзахга қалқон қўяди. Қалқон эса бизнинг сабримиз, чидамимиз мезонидир. Рўза – сабрнинг, сабр эса иймоннинг ярмидир».

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Иймон дўзахдан сақлайди. Мусулмон иймоннинг қувватига қараб, жиноят билан гуноҳдан ўзини тияди.

Рамазон ойи ҳар йили ташриф буюриши билан мусулмон бандасига ўз-ўзини тарбиялаш имконини беради. Бу муборак ой – мусулмон бандаси сабр-тоқат синовидан ўтадиган ой. Рўзадор одам нафсини жиловлай билиши, тилини ёмон сўзлардан тия билиши орқали вужуди гуноҳлардан тозаланиб, Аллоҳнинг раҳмати билан махфиратга сазовор бўлиб, жаннат мукофотига дохил жонга айланади.

Рўза тутиш – еб-ичиш, ҳирс-шаҳватдан тийилиш орқали бажариладиган қулчилик. Овқат билан жинсий туйғу одамзодни йўлдан оздирадиган нафснинг «навкарлари» дейиш мумкин. Нафс одамнинг ички дунёси, маънавиятига озиқ бўладиган неъматлардан танга озиқ бўлишга ундайди. Рўзанинг фойдаси – ўша «нафс навкарлари»ни жиловлайди. Нафсини жиловлаб, ўз-ўзини бошқара оладиган мусулмон одамни тақводор дейишади.

Аллоҳ таоло фаришталарни яратиб, уларга фақат ақл, жониворларни яратиб, уларга нафс ато этган. Одамзодни яратаётганида нафс билан бирга ақлни ҳам қўшиб берган. Фаришталарда нафс йўқлиги боис Аллоҳнинг амалларини тўлиқ бажаради. Жониворлар эса нафс туфайли қорнини тўйдириб, барча заруриятини қондириш мақсадида ҳаёт кечиради. Инсоннинг фаришта билан жонивордан фарқи – фоний дунёда тафаккурига суяниб, синовлардан суринмай ўтиши даркор. Демак, қандай ҳаёт кечиши, синов имтиҳонларидан суринмай ўтиш ёки ўтмаслик бандасининг ўзигагина боғлиқ.

Инсон ақлга суянса – нуфуз даражаси ортади. Нафс ҳою-ҳавасига берилса – одамгарчилик фазилатидан жудо бўлади.

Рўзани ҳадисларда баён этилганидек, иймон келтириб, биргина Аллоҳнинг розилиги учун тутишимиз керак. Роббимиз шу ойдаги қулчилик замирида бизга қанча-қанча имконият – мукофотлар ато этган экан. Аллоҳ таоло рамазон ойини бизга Ўзи рози бўладигандай самарали ўтказишни ато этган бўлсин. Олим уламоларимиз рўза тутишни жуда кўп касалликларга шифо дейди. Қанд хасталигига тўсиқ бўлиши далилланган. Ортиқча вазнни йўқотишда самарали. Тери хасталиклари ҳамда туз йиғилиши, қон қуюқлашуви олдини олади. Аъзои баданни заҳарланишдан сақлайди. Ошқозон ҳордиқ чиқаради. Қон босими тушиб, бош оғриғи тўхтайди.

Рамазон ойи рўзани Аллоҳ розилиги учун тутиб, савобларга доҳил бўлишни, гуноҳлардан покланишни, келаси йил рамазон ойига барчамиз эсон-омон дийдор кўришишни барчамизга насиб этган бўлсин. Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

Жумадулла АБЕНОВ,

Туркистон вилоятининг ибратли фуқароси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы