Бир уяга сиққан уч-тўрт полапон,
Бул уяга бир мавсумгина мезбон.
Буни қаранг, кетгач қанот чиқариб,
Бошпанага қайта бўлмаскан меҳмон…
Биз одамлар ҳаётимиз бошқа гап,
Бола-чақа бизлар учун дур-садаф.
Бўлак уйга ота бўлиб кетсак ҳам,
Бизни кутар ота-она йўл қараб.
Биз қалдирғоч полапони эмасмиз,
Бироқ нега отам-онам демасмиз?!
Бизсиз бағри ярим жонлар жонига
Бирров аро кирмоқ ғамин емасмиз.
Бола билан бирга келар баҳор-ёз,
Бас, дўстларим, ўйланайлик-да бироз.
Банда учун ер жаннати – ота уй,
Беҳишт узра қанча келсак шунча оз.
Бағри тўлиб ота бирла ҳам она,
Бозорга айланар ҳатто кошона.
Бойлигингга эмас, жигар пораси—
Бўй-бастингга улар интиқ, парвона!
Бир уяга сиққан уч-тўрт полапон,
Бул уяга бир мавсумгина мезбон.
Башарият бундан мутлоқ халосдур,
Бир умрга отам-онам дер инсон!
Акажон ИЗЗАТУЛЛАЕВ.