ҚУЁШ ШУЪЛАСИДЕК ИНСОН ЭДИ

624 көрілім

Курраи заминга баҳра берадиган қуёш нури ҳароратини эмган ер доимо гуллаб-яшнаб обод бўлиши табиий? Ҳар қачон шу нурга бўлган эҳтиёж камаймайди. Шу каби, Алипбек оғамиз ҳам вужудидан нур сочган инсон эди. У киши Туркистонда ҳоким бўлган кундан бошлаб вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилганга қадар матбуот хизматини бошқардим. Ўшанда ҳамкасб бўлиб сезганим ҳеч кимни юзига тик қаратмайдиган ўктам, қатъий атвори бўлса ҳам кўпчиликка сезилавермайдиган ички дунёси нозик меҳр нури мўл инсон эди. Ишда масалага лоқайд бўлмаган. “Мен учун масаланинг катта-кичиги йўқ” дер эди. Аксарият ҳокимлар девон ходимларини ҳамма вақт қабуллайвермайди. Алипбек оға эса девон ходими эмас ҳокимликка тегишли бўлим хизматчиларини ҳам биларди. Ҳатто ўша ходимга юкланган вазифани ҳам янглишмай айтарди. Уларни алоҳида қабуллаб, ўз савиясига мувофиқ топшириқ бериб, бажарилишини унутмай сўрар эди. Буни айтишимнинг боиси шундай изчиллик орқасида Алипбек оға бошқа лавозимни айтмаганда уч марта Туркистон шаҳри ҳокими бўлди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарди. Агар Алекенгда бундай суръат шижоат бўлмаганида бу ютуқларга эришмаган бўларди деб ўйлайман.

   Кейинги 10 йилликда (2010 йилдан бугунгача) Туркистон шаҳри ҳокимининг ўринбосари бўлиб 2012 йили ушбу шаҳарнинг раҳбари бўлди. Шундан буён Жанубий Қозоғистон кейин Туркистон вилоятини бошқарган А.Мирзахметов, Б.Атамқулов, Ж.Туймебаев ва Ў.Шўкеевлар билан ҳамкасб бўлди. Шу оралиқда вилоят раҳбарларининг биронтаси ҳам Алипбек Ўсербаев бошқарган Туркистон шаҳри ҳокимлиги шаънига оғир сўз айтмади. Аксинча эл олдида ушбу ҳокимни таърифлаб мақтади, бошқа ҳокимларга ибрат кўрсатди. Шу зайлда минтақа раҳбарларининг катта ишончига эга бўлган оғамиз ҳаёт бўлганида элни ривожлантириш йўлида ҳали ҳам баланд лавозимларда ишлармиди, ким билсин?

   Алипбек Шарипбекули ўзига юкланган вазифадан бўлак армон орзулари кўп инсон эди. Раҳбарият топшириғини ўз вақтида бажариб, жонини қийнамай ишласа ҳам бўларди. Лекин, ундай қилмади. Топшириқлардан бўлак турли муаммоларни ўрганиб, ҳал қилиш йўлларини қидирди. Шу йўналишда лоқайдлик қилган фуқароларга: “Элга хизмат қилишга имкониятинг бор пайтда уларга қўлдан келгунча шароитни яратишга ҳаракат қилмасанг эртага халққа қандай қарайсан” дерди. Вилоят маъмурияти, вазирликларга тавсия хатларни кўп ёзиб, тегишли ташкилотларга ўзи бориб масала ечарди. Натижада Туркистонда сўнгги 15 йил бадалида муҳим янгилик – оқава сув тозалайдиган станция қурилишига эришди. Шунингдек, шаҳар аҳолиси, ишлаб чиқариш қувватлари ортишини ҳисобга олиб юксак кучланишли электр станциялари зарурлигини аниқлаб, уни ҳам ишга туширди. Табиий газ масаласи давлат миқёсида бўлсада шаҳар ичкарисида кўп ғайрат тўкишига тўғри келди. Қишлоқ хўжалигида, хусусан Сирдарёдан “Арис-Туркистон” каналига сув етказадиган иншоот, Иқон-сув омбори каби кўламдор лойиҳаларни амалга оширишга киришди. “Ўтирор” кичик туманининг асосчиси ҳам шу киши эди. “Туркистон-Балтакўл” тошйўлини таъмирлашга қўшган ҳиссаси ҳам катта. Айтаверсак, аталган ва аталмай қолган бу лойиҳаларнинг барчаси улкан мавзу. Худди, Алипбек оға Туркистон шаҳрининг вилоят маркази бўлишини олдиндан сезгандек.

   Асл оғамиз орамизда йўқ. Лекин, элга қилган меҳнати мўл шахс сифатида Туркистонда ўчмас из қолдирганига ишончимиз комил. Алипбек оғанинг ёрқин сиймоси туркистонликларнинг қалбида мангу яшайди.

 М.ДАУЛЕТОВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Жоғары

Вы не можете скопировать содержимое этой страницы